АҚШ маҳкамаси Жамшид Мухторовни гаров эвазига озод этиши мумкин

Registan.net дан олинган сурат Фото муаллифлик ҳуқуқи registan.net
Image caption Жамшид Мухторов 2007 йилда АҚШда бошпана олгунига қадар Ўзбекистонда бир муддат инсон ҳуқуқлари фаоли бўлган

АҚШ Федерал маҳкамаси терроризмда гумон қилинаётган ўзбекистонлик Жамшид Мухторовни гаров эвазига озод этиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Сешанба куни Денверда бошланган маҳкамада федерал прокурорлар Мухторов ҳибсда ушлаб турилиши лозимлигини айтишган.

Прокурорларга кўра, 35 ёшли Жамшид Мухторов оиласини Қўшма Штатларда қолдириб, Туркияга бир йўллик чипта олган.

Аммо ҳимоя томонининг айтишича, прокурорлар келтирган далиллар Жамшид Мухторовнинг ҳаётида нималар кечаётгани ва Туркияга сафар борасида у келтирган сабабларни тўла қамраб олмайди.

2007 йилда АҚШда бошпана олгунига қадар Ўзбекистонда бир муддат инсон ҳуқуқлари фаоли бўлган Жамшид Мухторов террорчи ташкилотга кўмаклашиш ёки кўмаклашишга ҳаракат қилишда айбланмоқда.

Прокурорлар унинг АҚШда террорчи ташкилот деб эълон қилинган "Исломий Жиҳод" гуруҳи сафларида жанг қилиш ниятида бўлганини даъво қилишган.

Жамшид Мухторов 21 январ куни Туркияга кетаётган пайти Чикаго аэропортида ҳибсга олинган.

2 феврал куни ўтган маҳкамада у ўзига қўйилган айбларни рад этган.

'Хато'

АҚШ матбуотининг федерал ҳимоячи Брайн Лидидан иқтибос келтиришича, Жамшид Мухторов ўзини ҳибсга олган Федерал Қидирув Бюроси жосусларига "хато қилишганини" айтган.

"Оиламни зўрға боқаётган бўлсам, қандай қилиб терроризмни қўллаб-қувватлашим мумкин?", - дея Жамшид Мухторовнинг сўзларидан иқтибос келтиради Ассошиэйтед Пресс хабар агентлиги.

Прокурорларга кўра, Жамшид Мухторов ҳибсга олинган пайт унинг ёнидан иккита iPhone, iPad, шунингдек, GPS - навигация жиҳози ҳамда 2865 АҚШ доллари топилган.

Айблов томони Мухторов бу жиҳозлардан нима мақсадда фойдаланмоқчи бўлгани тергов жараёнида ойдинлашишини айтмоқда.

Уларга кўра, Мухторов "Исломий Жиҳод" аъзолари билан электрон почта воситасида код сўзлар орқали мулоқот қилган ва ўзини Туркияга "тўйга" таклиф этишларини сўраган.

Федарал Қидирув Бюросининг айтишича, Мухторов "ҳар қандай вазифа, керак бўлса, ўлимга ҳам тайёрлиги"ни билдирган.

Ҳимоя томони эса Жамшид Мухторовнинг Исломий Жиҳод гуруҳи интернет саҳифасига аъзо бўлиши ва у ерда фаолият олиб бораётганлар билан мулоқотга чиқишидан мақсад ватанида нималар содир бўлаётганидан огоҳ бўлиш бўлганини айтган.

Ҳимоячи Брайн Лидига кўра, Мухторов минтақага оиласини кўриш учун сафар қилаётган бўлган.

Сешанба кунги маҳкамада Мухторовга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш борасида ниҳоий қарор қабул қилинмаган.

Гаров эвазига озод қилиш ёки қилмаслик борасидаги маҳкама қарорининг келаётган бир-икки кун ичида эълон қилиниши кутилмоқда.

Ассошиэйтед Пресс мухбирининг ёзишича, сешанба куни маҳкама залидан олиб чиқиб кетиларкан, Жамшид Мухторов олдинги қаторда кўзига ёш олган ҳижобли аёлга қараб жилмайган ва бош бармоғини юқорига қилиб, олқишлаган.

Қочқин

Жамшид Мухторов 2007 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қочқин мақомини олган ва АҚШнинг Колорадо Штатига жойлаштирилган эди.

Жамшид Мухторовни таниган ўзбекистонликлар унинг Қўшма Штатларда бошпана олгунга қадар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлганини айтишади.

АҚШ Давлат Департаментининг 2005 йилда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботида маълум қилинишича, Жамшид Мухторовнинг синглиси Дилдоро Мухторова қотилликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Жамшид Мухторов ҳибсга олингунга қадар оиласи билан Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.

Маълумотларга кўра, Колорадо Штатида 2005 йилдан буён 157 нафар Ўзбекистон фуқароси бошпана олган.

Бу мавзуда батафсилроқ