Омбудсман: 2011 йилда 5 фоиз фуқаронинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди

Image caption Сайёра Рашидова 17 йилдан буён Омбудсман идорасини бошқаради

Олий мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сайёра Рашидованинг ҳисоботида айтилишича, ўтган йили фуқароларнинг 11 мингдан ортиқ шикоят ва аризаларидан фақат 607 тасигина ижобий ҳал этилган.

Рашидова хоним бу ҳақда Олий Мажлис депутатлик гуруҳида ўтган махсус йиғинда гапирган.

Олам.уз порталининг Омбудсман ҳисоботидан иқтибос келтиришича, 2011 йилда жаъми 11238 та мурожаат келиб тушган.

Шулардан 7134 таси марказий идорага, 749 таси эса Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан кўриб чиқилган.

"Фуқароларнинг 607 та мурожаатлари бўйича ижобий қарорлар қабул қилинган", дейилади хабарда.

Омбудсман ўзининг фаолияти билан "жаҳон ҳамжамиятини мамлакатда кечаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнларидан хабардор қилишга" ҳисса қўшганини таъкидлаган.

"Омбудсман нима иш қилади?"

Интернетда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг навбатдаги ҳисоботига муносабат билдирган аксарият ўқувчилар ижобий натижаларнинг камлигидан таажжуб изҳор қилишган.

"Бор-йўғи 5 фоиз ижобий натижа?! Бу бизнинг ўз муаммоларимизни тушунмасдан уларга мурожаат қилаётганимизни англатадими? Умуман, улар ўзи нима иш қилади?" деб ёзган Holidvalid исмли фойдаланувчи.

"11238 та шикоят ва мурожаатдан 607таси қондирилибди.Фақатгина ҳар йигирманчиси" дея фикр қолдирган Аноним юзер Олам.уз веб саҳифасида.

Мустақил инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов расмий ҳисоботда келтирилган 5 фоиз фуқаронинг шикоятлари ижобий ҳал этилганига ҳам шубҳа қилишини айтади.

"Ўзимнинг тажрибамда Омбудсман хали бирон марта ҳам биронта фуқаронинг муаммосини ижобий ҳал қилганига гувоҳ бўлмаганман", - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Сурат Икромовнинг айтишича, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили идорасининг иш услуби Ўзбекистондаги бошқа расмий идоралар, жумладан, куч тизимлари-прокуратура ва милицияникидан кўп фарқ қилмайди.

"Улар аризингизни Бош прокуратурага юбордик, дейишади. Фуқаро кимнинг устидан шикоят қилган бўлса, унинг аризасини ўша одамнинг ўзига кўриб чиқиш учун юборишади. Одамлар қаёққа бош уришини билмай, қийналиб кетган. Бош прокуратура, Президент девони олдида сарғайиб юрганлар бу статистикага кирмайди", - дейди Сурат Икромов.

Унга кўра, Омбудсман диний-сиёсий айблар билан қамалганларнинг тақдирига аралашмайди.

"Иқтисодий, маиший муаммоларни ҳал қилиши мумкин, аммо шунга ҳам чин дилдан ёндошмайди. Агар Омбудсман ишлаганида эди, коррупция, порахўрлик сингари иллатлар йўқолиб кетмаса хам, сал камаярди", - дейди ҳуқуқ фаоли.

Ўзбекистондаги фаоллар давлат идораларини фуқароларнинг шикоят ва аризалари билан ишлаш ҳақидаги қонун талабларини мунтазам равишда бузиб келаётганликда айблайдилар.

Ўзбекистонда Омбудсман институти 1995 йилда ташкил этилган.

2010 йилда Сенат Сайёра Рашидова номзодини айни лавозимга қайта тасдиқлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ