Ўзбекистонда одам савдоси қурбонларига давлат мадади кўрсатилмоқда

Москвадаги ҳибсхонада ушлаб турилган меҳнат муҳожирлари Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Ўзбекистонда меҳнат муҳожирларига муносабат ўзгармоқдами?

Ўзбекистондаги прокуратура идоралари одам савдоси қурбони бўлганларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида уларни реабилитация марказларига ётқизмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари кўмаги билан одам савдоси қурбонлигидан қутилган ушбу шахсларга ҳуқуқий, тиббий ва маънавий ёрдам ҳам кўрсатилаётгани айтилади. Асосан меҳнат муҳожирларини ташкил қилувчи ушбу шахслар маълум вақт ўтгач, ўз бошларини хатарга қўйиб ишлаш учун бошқа давлатларга йўл олмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари касалликнинг даволашдан кўра унинг олдини олиш мақбул эканлигини ва ҳукумат одамларга иш ўринлари яратиши ёки ишлаш учун кетаёган давлатда ҳуқуқий шароит яратиш керак деган фикрни билдиришади.

Исми ўзгартирилган жиззахлик Мўмин ака бундан бир неча йил олдин ишлаш учун Қозоғистонга боради. У яшаб турган посёлкадан 50 га яқин эркакни Ўзбекистон фуқароси бўлган шахс иш топиб бериш мақсадида олиб келиб сотиб юборади.

"Олдин Остонага бордик, кейин Олма отага олиб келиб сотиб юборди. Паспортларимизни олиб қўйишди. Кейин бизни сотган бола қамалиб кетди. Бу иш билан прокуратура шуғулланди ва шундан буён биз жабрланганлар ҳисобида рўйхатда турибмиз", - дейди Мўмин ака.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ташаббуси билан одам савдоси қурбони бўлганларнинг соғлиғини тиклаш мақсадида реабилитация маркази очилди. Аёллар алоҳида ва эркаклар алоҳида Тошкентнинг Чилонзор туманида ташкил қилинган марказда 15 кун дам олмоқда.

Ушбу тадбир мақсадида ҳар бир шахсга 500 минг сўмдан маблағ ажратилгани ва бир йилда уч марта дам олиш мумкинлиги айтилмоқда.

- Мен хорижга бориб қийналдим, деб прокуратура бўлимига келиб учрашса, уни рўйхатга олиб реабилитация марказига юборади. Ушбу марказдан бизга бир йил мобайнида ўзимизнинг вилоятда текин даволаниш, ижтимоий ёрдам, маънавий ёрдам ҳуқуқларига эгасизлар деб йўлланма берилди, - дейди Мўмин ака.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Бир неча миллион ўзбекистонликнинг чет элга ишлаш учун кетиши айтилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва Суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқова ҳукумат томонидан одам савдоси қурбони бўлганларга сезиларли амалий ёрдам кўрсатилаётганини айтади. Аммо ушбу жиноятларни ўз вақтида очиш қийин кечмоқда. Ортиқова хоним бу борада бутун ҳамжамият биргаликда ишлаши ва одам савдоси қурбони бўлганлар ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиши кераклигини билдирди.

"Бутун ҳамжамият бир ёқадан бош чиқариб, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар ўзаро муносабатларини тиклаб бир-бирига ёрдам берса ва жабрдийдалар вақтида ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга шу ҳақда хабар берса, мана шу иллат йилдан-йилга камаяди", - дейди Светлана Ортиқова.

Норасмий маълумотларга кўра, бир неча миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари чет элларга ишлаш учун кетишади. Ўзбекистон матбуоти меҳнат муҳожирлари муаммосини айтарли ёритмайди, аммо чиқарилган материалларда пул топиш мақсадида четга кетаётган одамлар ношукур бандалар, топганига қаноат қилмайдиган инсонлар сифатида тасвирланади.

Хоразм вилоятидаги "Таянч" инсон ҳуқуқлари гуруҳи раҳбари Ҳайитбой Ёқубов расмий идораларда Ўзбекистонга миллиардлаб доллар маблағ юборувчи меҳнат муҳожирларига нисбатан муносабат ижобий томонга ўзгараётганини айтади.

"Сўнгги йилларда муносабат секин-аста ўзгармоқда. Ҳуқуқ-тартибот идораларидан ва ҳокимият томонидан уларнинг аҳволини сўрайдиган ҳолатлар бўлаяпти. Уларга бирор топшириқ бўлган бўлиши мумкин. Амалий ёрдам кўрсатилмаяпти-ю, аммо иложи борича ҳужжатларни расмийлаштириб кетинг, давлат сизларни қидириши ва ҳимоя қилиши мумкин, деган нарсалар уқтирилаяпти", - дейди Ҳайитбой Ёқубов.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳукуматнинг одам савдоси қурбонларига кўрсатаётган ёрдамини касалликни даволашга қилинаётган ҳаракат эканлигини, касалликнинг олдини олиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлайди.

- Одам савдоси қурбонларига кўмак бериш касалликни маълум даражада даволашга ўхшайди. Лекин касалликнинг, муаммонинг олдини олмайди. Муаммонинг илдизи Ўзбекистондаги ижтимоий ҳаётда, одамларнинг қашшоқлиги ва камбағаллигида. Оқибатларни бартараф этиш бўйича, Ўзбекистон катта дастурий ишларни олиб бораяпти, Оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилаяпти. Лекин шунга қарамай одам савдоси қурбонлари, мигрантлар билан боғлиқ муаммоларнинг кўлами йилдан йилга ортиб бораяпти, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Меҳнат муҳожирлари одам савдоси қурбонига айланганларига қарамасдан яна ишлаш учун четга йўл олаётганлари кўп кузатилади. "Таянч" гуруҳи Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёрдамида ўтган йили одам савдоси қурбони бўлган 81 кишини қулликдан озод қилган. Аммо уларнинг айримлари пул топиш мақсадида ишлаш учун яна хорижга йўл олган.

Одам савдоси қурбони бўлган Мўмин ака ҳам сотиш ҳолатлари одамларни Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун кетишдан тўхтата олмаётганини айтади.

"Кетаётганлар кўп. Пул топган одам кетаяпти. Менга ўхшаган пули йўқлар юрибди. Ҳозир сотилиб кетаётганлар камдан-кам учраяпти. Бу ердаги одамлар ҳам пишиқ бўлиб кетди, олдин ишлайдиган жойини топиб, ишонарли одам бўлиб, жой аниқ бўлса кейин бораяпти. Ўзи тўсатдан мен кетдим, деб кетаётганлар йўқ", - дейди Мўмин ака.

Кузатувчилар меҳнат миграцияси бугунга келиб глобал жараёнга айланганини ва Ўзбекистон ҳукумати ушбу ҳодисага реал қараб ишчиларнинг ўзга давлатдаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб боришда фаол бўлиши лозимлигини таъкидлашади.

Бу мавзуда батафсилроқ