Ўзбекистондаги бугунги маориф тизими мақтовга лойиқми?

Пахта даласидаги ўзбек мактаб ўқувчилари
Image caption Тошкент анжуманида ўзбекистонлик аксар мактаб ўқувчиларининг бир неча ойни дарс партасида эмас, далада ўтказишлари ҳақида гапирилмаган

Тошкентдаги анжуманда мустақил Ўзбекистонда яратилган таълим тизимининг энг истиқболли экани айтиларкан, юқори минбардан эълон қилинган баёнотларнинг Ўзбекистондаги ҳақиқий реалликка нақадар мос тушиши мавзуси қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

Ўзбекистон пойтахтидаги анжуман "Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш - мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти" деб номланган.

Жаҳоннинг 50 ка яқин мамлакатидан борган иштирокчилар қаршисида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов маъруза қилган.

Президент Ислом Каримов айтишича, ҳар йили маориф дастурларини ривожлантиришга Ўзбекистон Ялпи Ички маҳсулотининг 10-12 фоизи йўналтирилади, таълим тизимига давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиқ маблағи сарфланмоқда.

Мамлакатдаги 9,5 мингга яқин ёки жами мавжуд мактабнинг деярли ҳаммаси қайта қурилгани ёки янгилари барпо этилгани, охирги йилларда 1500 дан зиёд профессионал коллеж ва академик лицейлар қурилгани айтилган.

Президент Каримов ўқитувчиларнинг маошлари Ўзбекистондаги ўртача маошдан бир ярим кўп, деб айтган.

Расмий статистикага қараладиган бўлса, бу 600 минг Ўзбек сўми ёки 200 АҚШ долларидан сал кўпроқ, демакдир.

Ўзбекистон раҳбарининг маърузасида мамлакатдаги аҳолининг 35 фоизини 16 ёшгача бўлган болалар, жами аҳолининг 62 фоиздан зиёдининг ёши 30 ёшгачани ташкил этиши айтилган.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Абдулла Ориповнинг Тошкентдаги конференцияда эълон қилишича, мамлакатдаги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг асосий талабгорлари Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш корхоналаридир, бу эса малакали мутахассисларнинг дарров иш билан таъминланишига хизмат қилувчи омил бўлаяпти.

Халқаро анжуманда маъруза қилган Осиё Тараққиёт банки Президенти Харухико Куроданинг Ўзбекистондаги маориф тизими ислоҳотига юқори баҳо бергани, тизимга давлат эътибори иқтисодий ўсишга кўмаклашаётганини айтгани хабар қилинган.

Кенг муҳокамага арзигулик мавзу

Тошкентдаги анжуман минбаридан айтилган сўзлар Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволга нақадар мос келишига кўплаб кузатувчилар шубҳаланишади.

Халқаро анжуман хабари "Фергана.ру" ахборот агентлигида кенг муҳокама форумига айланган.

Ўзбекистонда 1997 йилда "Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури" деб аталган дастур қабул қилинган, ушбу дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши ўзбекистонликларнинг умумий саводхонлигига қанчалар таъсир кўрсатгани мустақил тадқиқот ташкилотлари томонидан ўрганилмаган.

Аксар кузатувчилар болаларнинг бугунги Ўзбекистон таълим муассасаларида олаётган билимлари даражаси Шўро даврида олинган билимга нисбатан пасайиб кетган, деб ҳисоблайдилар.

Мамлакатнинг ҳамма шаҳарларида дарс соатлари пайтида бозорда ёки кўчаларда бекор юрган ўқувчиларни кўриш мумкин, қишлоқ жойларидаги болалар ўқув йилининг бир неча ойини пахта териш ёки ғўза яганалашга сарфлаши халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботларида эълон қилинган.

Мактабнинг 9-синфини битирган кўп сондаги болаларнинг дарров Россия ёки Қозоғистонда меҳнат муҳожири бўлиб юрган ота-онаси ёнига қўшилишга интилишлари бир неча йилдан буён кузатилади, Россияда Ўзбекистондан борган ёшларнинг энг оддий нарсаларни ҳам билмасликлари маҳаллий матбуот мавзуларига айланган.

Бугунги кунда на кирилл ёзувини, на лотин ёзувини ўқий оладиган авлод вакиллари вояга етган.

Мамлакатда касб-ҳунар коллежи, академик лицей қуриш маҳаллий амалдорларнинг қурилиш учун мўлжалланган давлат маблағини ноқонуний ўзлаштириши йўлига айлангани аллақачон сир бўлмай қолган, айнан шу жиноятлари учун бир қанча мансабдорлар жавобгарликка тортилгани маҳаллий матбуотда ҳам ёритилган.

Аксар коллеж ва лицейлар раҳбарияти "юқорига" "ўзларида қанча талаба таълим олаётганлари" ҳақида ҳисобот топширишлари, аммо амалда коллеж ё лицейга қабул қилинган болаларнинг қаердаликларини ўзлари ҳам билишмаслигини тан оладилар.

Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтишга бағишланган қонун бир неча марта қабул қилинган, бироқ Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган 1989 йилдан то шу кунгача ҳам мамлакат раҳбарияти бу борада бир қарорга келгани йўқ.

Қатор зиёлилар лотинлаштириш сиёсати умумий саводхонликка салбий таъсир кўрсатиши ҳақида мақолалар эълон қилганлар.

Марҳум таниқли тарихчи олим Файзулла Исҳоқовнинг Би-би-си билан сўнгги суҳбатларидан бири

Шўролар давридаги абитуриент билимини аниқлайдиган кириш имтиҳонлари ўрнига жорий этилган давлат тест имтиҳонлари олий ва ўрта ўқув юртларидаги коррупция, порахўрликни камайтириш ўрнига янада кучайтирган.

Сиз Ўзбекистондаги маориф тизими ҳақида қандай фикрдасиз?

Бу мавзуда батафсилроқ