АҚШ Ғофур Раҳимовга қарши жазо чорасини жорий этди

АҚШ Молия вазирилиги биноси
Image caption Иқтисодий жазо чоралари АҚШ Молия вазирлигининг бу йўлдаги биринчи қадами.

АҚШнинг Молия вазирлиги дунеда фаолият юритаётган ва келиб чиқиши собиқ совет худудларидан бўлган уюшган жиноий ташкилотнинг етти аъзоси ва икки япон мафиясига қарши жазо чораларини киритишга қарор қилди.

Улар орасида кўзга кўринган ўзбекистонлик таниқли ишбилармон ва меценат Ғофур Раҳимов ҳам бор.

Америка Молия вазирлигининг пресс-релизида айтилишича, аъзоси экани айтилган "Биродарлар халқаси"номли жиноий жамоа Оврўпо, Яқин Шарқ , Африка ва Лотин Америкасида фаолият юритмоқда ва бир неча Овросиё жиноий гуруҳларининг етакчи ва кўзга куринган аъзоларидан ташкил топган.

Молия вазирлиги маълумотларига биноан, "Биродарлар халқаси" глобал миқёсда ўз аъзоларини бошқаради.

Санцияларга лойиқ деб топилганларнинг "қора рўйхатида" етти шахс кўрсатилган. Уларнинг фаолияти Қирғизистон, Ўзбекистон, Россия ва Бирлашган Араб амирликлари ҳудудлари билан боғлиқлиги, уларнинг "Биродарлар халқаси"нинг муҳим аъзолари экани айтилган.

Улар орасида Қамчибек Колбаев билан Ғофур Раҳимовлар ҳам бор.

Қирғизистонлик Колбаев "Биродарлар халқаси"дан Марказий Осиё учун маъсул деб тайинланган, деб айтилади пресс-релизда.

Ўтган йилнинг июн ойида Қамчибек Колбаев халқаро наркобизнеснинг энг муҳим иштирокчилари сифатида АҚШда расман тан олинган эди.

Ҳозирги пайтда қурол-аслаҳа ва портловчи моддалар билан содир этилган жиноятларга алоқадорлиги учун Қирғизистонда унга қидирув эълон қилинган. .

АҚШ молия вазирлиги Ғофур Раҳимовни Марказий Осиё мамлакатларида гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш асосий соҳаси бўлган уюшган Ўзбек жиноий гуруҳининг раҳбарларидан бири дея таърифлаган.

Жазо чоралари ва қора рўйхатга киритиш қандай амалларни кўзлайди?

АҚШ Молия вазирлиги пресс-релизида ёзилишича, рўйхатга киритилган шахсларнинг АҚШ юрисдикциясига кирадиган барча банк ҳисоблари музлатилади ва Америка ўз фуқароларига улар билан ҳар қандай молиявий амалиёт ё-да бошқа бир тужжорий йўлда ҳамкорлик қилиш маън этади. Шу муносабат билан Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида гапирган Терроризм ва молия жосуслиги учун маъсул ҳамда Молия вазирининг ўринбосари Девид Коэн, "бугунги амаллар орқали жаҳон бўйлаб кенг кўламли жиддий жиноятларга қўл урган жиноий ташкилотлар аъзоларига эътибор қаратмоқчимиз", деб айтди.

"Биз халқаро шерикларимиз билан ҳамкорликда зўравонлик, гиёҳванд моддалар савдоси, маблағларни ноқонуний ўзлаштириш, ҳамда аёллар ва болаларни эксплуатация қилишдан манфаатдор бўлаётган шахсларга қарши курашни давом эттирамиз. Бугунги рўйхатга киритилган шахслар трансмиллий жиноий ташкилотларни нишонга олишимиз, уларни глобал молия тизимидан ажратиб қўйиш йўлидаги биринчи жазо чораларимиз", деган Девид Коэн.

Матбуот анжуманидан Россиянинг ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги хабар беришича, вазир ўринбосари Девид Коэн мазкур шахсларни ҳибсга олиш ёки уларни ўз мамлакатларидан депортация этиш борасида савол қўйилмаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу масала билан АҚШнинг тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари шуғулланиши керак. ИТАР-ТАССга кўра, бу борадаги текширув ишлари Россия билан ҳамкорликда олиб борилган.

2011 йили АҚШ Президенти Барак Обама трансмиллий жиноий ташкилотлар нишонга олиинган, бундай ташкилотларнинг фаолиятига чек қўйиш мақсади кўзланган фармонни имзолаган. Ўшанда Президент Обама "Биродарлар халқаси" ва "Якудза" жиноий гуруҳларини энг жиддий деб белгилаб, Молия вазирлигига мазкур ташкилотларнинг аъзолари ва уларнинг тарафдорларига қарши қўшимча жазо чораларини киритишга буйруқ берган. Бироқ, "Биродарлар халқаси" борасида маълумот етарлича эмас ва мазкур шахслар айнан бу фармоннинг илк рўйхатига олинган кишилардир.

Ғофур Раҳимов ва Ўзбекистон

Ғофур Раҳимовга яқин бўлган доиралардан маълум қилишларича, унинг муаммолари 1994 йилда "Дендропарк отишмалари" деб ном олган Тошкентдаги ҳодисадан кейин бошланган.

1996 йилда у наркобарон эмаслиги борасида Францияда бўлиб ўтган маҳкама жараёнини ютиб чиққан, бироқ бундан кейин у Осиё Бокс федерацияси раҳбарларидан бири бўлганига қарамасдан, унга Оврўпо мамлакатларига чиқиш имконини берадиган Шенген визаси ва АҚШ визаси узоқ вақт давомида берилмаган.

2008 йилда Ғофур Рахимов Шенген визасини олишга мувафақ бўлади, ўшанда у биринчи марта Италияга сафар қилади.

Ҳозирги пайтда унинг оиласи билан Бирлашган Араб амирликларда истиқомат қилиши айтилади.

Унинг Ўзбекистонга бора олмаслиги, Ғофур Раҳимовнинг аксар ёрдамчилари ва юристи турли айбловлар билан маҳкамага тортилгани айтилади.

Уни яқиндан билган одамларнинг айтишларича, у 1990 йилларда "кўча тадбиркорлигини" қонунийлаштиришга уринган.

Уларнинг ўйлашларича, ҳозир Ўзбекистон мулозимлари Ғофур Раҳимовнинг ҳаракатланиш эркинлигини янада кўпроқ чеклашмоқчи.

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас