BBC navigation

"Обидхон қорига ҳужум ортида ўзбек хизматлари турган бўлиши мумкин"

Сўнгги янгиланиш 24 феврал 2012 - 15:13 GMT

Виола фон Крамон ўзбек мухолифатчиларига қарши ҳужумлар трендга айланиб бораётганини айтади.

Олмония парламенти депутати Виола Фон Крамон Швеция ҳукуматини таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаровга қарши уюштирилган суиқасд ҳаракати юзасидан тергов ўтказишга чақирган.

Яшиллар партияси вакили бўлган фон Крамон хоним Обидхон қорига суиқасд уюштирилгани ҳақидаги хабарни "жуда хавотирли" деб атаган.

Олмон депутати аввалроқ Россияда бошқа бир ўзбек мухолифат фаоли Фуад Рустамхўжаевнинг ўлдирилганини эслатган.

Фон Крамон хоним ўзбек махсус хизматларининг бу ҳодисага алоқадорлиги исботланса, Оврўпо Иттифоқи муносиб жавоб қилиши кекаглигини айтади.

Би-би-си Виола фон Крамон билан боғланиб, сиз ўзбек махсус хизматларининг бу ишда қўли бор деган хавотирдамисиз, дея сўради.

Фон Крамон: Терговлар давом этаётган вақтда, албатта, ҳар хил баёнотлар қилганимизда жуда эҳтиёткор бўлишимиз керак. Лекин, бу ерда бир йўналиш кўзга ташланаяпти, яъни бу биринчи марта ўзбек диссидентининг чет мамлакатда ҳужумга учраш ҳоли эмас. Шунинг учун, қандайдир тренднинг келиб чиқаётгани сезилади. Кўплаб шу каби қотилликлар содир этилган, мухолифатчилар ва журналистлар жонига суиқасдлар уюштирилган. Агар швед ҳукумати бу ишни тубдан тергов қилиб чиқиб, унинг ортида сиёсий сабаблар ётганига ишора берса, ва ўзбек хавфсизлик хизматининг эҳтимолий иштироки ҳақида гапирса, бу биз учун қаттиққўл чора кўриш вақти етиб келганини англатган бўлади.

Би-би-си: Тергов ҳали энди бошланғич босқичда, лекин агар мабодо суиқасд ортида ўзбек хавфсизлик хизматлари ҳақиқатдан ҳам турган бўлиб чиқса, сиз ҳеч ҳайрон қолмайсиз?

Фон Крамон: Йўқ, афсуски ҳеч ҳайрон қолмайман. Биз Олмонияда бошпана топган ўзбекистонлик қочқинлар ва уларнинг Ўзбекистонда қолган оилаларидан олган маълумотимизга асослансак, улар Оврўпода ҳам, Ўзбекистонда ҳам жуда катта босим остидалар. Биз Ўзбекистондаги хавфсизлик хизмати ва уларнинг Оврўподаги амаллари ўртасида бевосита алоқа бор деб биламиз.

Би-би-си: Агар бу каби алоқа исботланса, Оврўпо Иттифоқи ёки унга аъзо мамлакатнинг жавоби қандай бўлиши керак?

Фон Крамон: Ўзбекистонга қарши жазо чораларини 2007 йилда бекор қилганимиз унинг учун жуда омадли янгилик бўлган. Лекин, бу ерда Олмония учун муҳим жиҳат бу Термездаги базадир, ва мана шу жиҳат ўзбек мухолифатининг жабр чекишига сабабчи бўлиб келаётир. Лекин, биз Афғонистонни тарк этар эканмиз, буёғига ўзбек ҳукуматига босим ўтказадиган бошқа механизмларни ўйлаб топишимиз керак. Агар Швеция ёки бошқа мамлакатларда ўзбек мухолифатчиларига бўлган ҳужумларни ҳаммасини жамлаб, ўзбек ҳукуматига ўзгача овозда мурожаат қиладиган бўлсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Би-би-си: Лекин бу каби терговларда бирон аниқ хулосага келиш жуда қийин. Сиз ўз баёнотингизда Москвада ўлдириб кетилган ўзбек мухолифатчиси Фуад Рустамхўжаевнинг ишини тилга олгансиз, бироқ унинг қотили ҳали топилмаган, аниқ маълумот йўқ. Фақат шубҳалар ҳақида гап кетади. Обидхон қори ишида бирон фарқ бўлади деб ўйлайсизми?

Фон Крамон: Бирон нарса дейишим қийин, лекин афсуски, ҳа, бу терговлар бир-бирига ўхшаш бўлади. Лекин, мен ўйлашимча, швед ҳукумати Россия ҳукумати билан солиштирганда бу каби жиноятнинг тагига етишга кўпроқ ҳаракат қилишади ва яхшироқ ишлашади. Лекин, бу ерда гап фақат жиноят эмас, балки ташқи сиёсат ва дипломатия ҳақида ҳам кетмоқда, ва бу учбурчак ўта нозик нарса. Бироқ, агар ҳеч қандай чора кўрилмаса, Оврўподаги бошқа кўплаб ўзбек диссидентларининг ҳам ҳоли вой бўлиши мумкин. Уларни ҳимоя қилиш бизнинг вазифамиз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.