Тошкентга рўйхатга олишнинг янги тартиби қачон кучга киради?

Тошкент
Image caption Тошкент шаҳри ва вилоятига фуқароларни рўйхатга олиш деярли 13 йилдан буён имконсиз экани айтилади

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг Тошкент шаҳри ва вилоятига фуқароларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган эса-да, қарор ижроси ҳозирга қадар бошлангани йўқ.

Янги қарор бўйича, мазкур ҳудудларга рўйхатга қўйиш бўйича ҳокимият томонидан тузилган комиссия эмас, балки ички ишлар бошқармаси шуғулланиши лозим.

Би-би-си Тошкент шаҳар ва вилояти ички ишлар бошқармаларига қўнғироқ қилиб, ушбу жараён ҳали бошланмагани ва номаълум муддатга кечиктирилаётганини ўрганди.

Вазирлар маҳкамаси 16 февраль куни "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга қўйиладиган шахслар тоифаси – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Рўйхати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида" қарор қабул қилганди.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси хорижга чиқиб ва кириш ҳамда фуқароликни расмийлаштириш бўлимидан исмини ошкор этмаган ходим доимий рўйхатга олиш ҳали бошланмаганини айтди.

"Икки ҳафталардан сўнг ҳаммаси тўлиқ кўрсатилган бўлади, ана ўшанда мурожаат қилиш мумкин. Янги қонун ишга тушди, аммо кўриб чиқиладиган озгина нозик томонлари бор, ўшани кўриб чиқишмоқда", - дейди ички ишлар ходими.

Тошкент вилоят ички ишлар бошқармасидан масъул, Ички ишлар вазирлиги томонидан аниқ кўрсатмалар туширилган тақдирдагина қарор тўлиқ ишлай бошлашини айтди.

Вазирлар маҳкамасининг қарорида Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатда ўтиши мумкин бўлган 12 тоифа кўрсатилган.

Тоифаларнинг энг биринчисида ушбу минтақада уй жойга эга бўлган шахслар кўрсатилган.

Гўё пойтахт ва вилоятдан уй сотиб олишга қодир одамлар доимий рўйхатга туриши мумкиндек кўринадиган ушбу банд аслида олдиндан уйи бор одамларга нисбатан қўлланилар экан.

"Ҳозир уй сотиб олиш мумкин эмас, уй сотиб олиш тўхтатилган. Янги қонун бўйича уй сотиб олганларга доимий рўйхатдан ўтиш мумкин, сотиб олмоқчи бўлганларга мумкин эмас", - дейди Тошкент вилоят ички ишлар бошқармаси хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходими.

Вазирлар маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарор бўйича фуқаролар доимий рўйхатдан ўтмоқчи бўлса, хорижга чиқиш келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилиши керак.

Бўлим ходимлари ҳужжат топширилганидан сўнг, агар мувофиқ келса, уч куннинг ичида рўйхатга олади.

Мабодо ҳужжатларни расмийлаштиришда қалбакиликлар бўлса, иш тергов органларига юборилади.

Келтирилган 12 тоифанинг жуда ҳам тор доирадаги инсонлар учун қўлланиши ва оддий одамларнинг Тошкент шаҳар ва вилоятига рўйхатдан ўтиш учун бирор енгиллик йўқлиги айтилади.

Вақтинчалик рўйхатдан ўтмоқчи бўлган фуқаролар эса яшамоқчи бўлган жойдаги милиция таянч пунктига ҳужжат топширади.

Олти ой муддатгача фуқароларни қайд этиб уларганинг қўлига қоғоз берилиши айтилмоқда.

Аммо ушбу фуқаролар ишлаш ва нафақа олиш каби ҳуқуқлардан маҳрум қилинади.

Тошкент шаҳри ва вилоятига келган Ўзбекистон фуқаролари ушбу ҳудудларда рўйхатдан ўтмасдан беш кун юришлари мумкин.

Беш кундан ортиқ муддатга келган ўзбекистонликлар мажбурий тартибда қайддан ўтишлари лозим.

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов янги қабул қилинган чора тадбирлар фуқароларнинг конституцияда кўрсатилган эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини бузишини айтади.

Ҳуқуқбон тегишли идоралар Тошкент шаҳар ва вилоятига фуқароларнинг келишини тақиқлашнинг ўрнига жойларда иш ўринлари яратиш билан шуғулланса муаммо барҳам топар эди, дейди.

"Бунинг учун одамларга ўзининг яшаш жойида шароит яратиб бериш керак. Асосийси иш билан таъминлаш. Тошкентда рўйхатсиз яшаб юрганларнинг кўпчилиги иш йўқлигидан келишади. Негаки Тошкент шаҳрида иш масаласи деярли осонроқ ҳал қилинади ва кўпроқ миқдорда пул топиш мумкин. Вилоятларда бу масала оғир", - дейди Сурат Икромов.

Расмий манбаларда Тошкент шаҳрининг аҳолиси, 2009 йилги маълумотларга кўра, 2 миллион 200 мингдан ортиқ экани кўрсатилади.

Аммо кузатувчилар рўйхатдан ўтмаган ҳолда пойтахтда яшаб ишлаб юрган фуқаролар билан Тошкент шаҳрининг аҳолиси ушбу рақамлардан анча юқори эканини таъкидлашади.

Бу мавзуда батафсилроқ