Ислом Каримов Владимир Путинни ғалабаси билан қутлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон президентининг табригида айтилишича, якшанба кунги сайлов натижалари Россия халқининг Владимир Путин сиёсатини қанчалик кучли қўллаб-қувватлашларини яна бир бор урғулайди.

Табрик мактубида жаноб Путиннинг сиёсати жамиятни бирлаштириш, Россиянинг улкан имкониятларини англаб етиш ва мамлакатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга қаратилгани айтилади.

Президент Ислом Каримовнинг баён қилишича, икки томонлама ҳамкорлик ва ишонч тамойиллари асосида Россия ва Ўзбекистон орасидаги анъанавий дўстона ва яқин алоқалар бундан кейин ҳам изчил равишда ривожланишда давом этади.

Агар якшанба кунги президентлик сайловлари ортидан Россия Бош вазирига йўлланган табрикларига қаралса, аксарият Марказий Осиё давлатлари раҳбарлариники ҳам жаноб Каримовникидан фарқланмайди.

Жумладан, Владимир Путинни телефон орқали "ишончли ғалабаси" билан табриклаган Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев, "аксарият қирғизистонликлар Россиянинг ютуқларини унинг исми билан боғлашлари"ни айтган.

Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев эса, ўзининг табрик телеграммасида "Россиянинг янада иқтисодий, ижтимоий юксалиши, сиёсий барқарорлигини таъминлаш ва халқаро миқёсда обрўсини оширишда Владимир Путин бор билими, кучи ва тажрибасини ишга солиши"га ишонч билдирган.

Кўникиш

Минтақавий кузатувчиларга кўра, МДҲ давлатлари раҳбарларининг кўпчилиги аллақачон Владимир Путиннинг бошқарув усулига кўникишган.

Уларнинг айтишларича, шу сабабдан ҳам, Россия Бош вазирининг яна президентлик курсисига қайтиши уларни ларзага солувчи ҳодиса бўлмайди.

Аммо, таҳлилчи Аркадий Дубновга кўра, Владимир Путиннинг иқтисодий прагматизми қўшнилари, айниқса, Марказий Осиё давлатларига муаммолар туғдириши мумкин.

Унга кўра, Россия бундан кейин ҳам ўзининг нефту газ саноатининг барқарор даромадини таъминлаш йўлларини кўради ва шу мақсадда уларга босим ўтказишга уриниши мумкин.

"Биз биламизки, Россия Транскаспий қувури орқали Марказий Осиё газини Оврўпога олиб чиқилишини ўз манфаатларига зид деб билади. Шунинг учун Россия Транскаспий қувури қурилишига қаршилик қилиб, Туркманистон ва Озарбайжонга босимни давом этдириши мумкин", дейди таҳлилчи.

Аркадий Дубновнинг давом этишича, Россия Тожикистонда Американинг доимий ҳарбий базаси ташкил этилмаслигига ҳаракат қилиб, бундан кейин ҳам расмий Душанбега таъсир ўтказишга ҳаракат қилади. Унга кўра, худди шундай ҳолат Қирғизистонда ҳам давом этади.

Аммо, таҳлилчининг урғулашича, асосий қийинчилик Ўзбекистон билан боғлиқ бўлади.

"Чунки Ўзбекистон ҳар доим Россиянинг қандайдир тузилмалар, умумий ташкилотлар барпо этиш ғоясига рўйхушлик бермай келади", дейди Аркадий Дубнов.

Қаттиқ музокарачи

Таҳлилчиларга кўра, Владимир Путиннинг яна ҳокимият тепасига қайтиши бир томондан Ислом Каримовга муаммолар туғдирмай қўймайди.

Улар Путиннинг анчагина қаттиқ музокарачи экани, у билан келишиш осон эмаслигига диққат қилишади.

Бошқа тарафдан, Ислом Каримовнинг Путин билан мулоқот қилиши осон кечишини тахмин қилаётган кузатувчилар ҳам йўқ эмас.

Уларга кўра, Ўзбекистон президенти Владимир Путиннинг махсус хизматлар, куч тизимлари одамининг дунёқарашига эга сиёсатчи эканига кўниккан ва уни Дмитрий Медведевга қараганда ёши ҳам ва тажрибаси ҳам катта, музокаралардаги муносиб шерик, деб билади.

Аммо таҳлилчилар бир овоздан Ўзбекистон Овроосиё Иттифоқи ташкилотига қўшилиш таклифини бундан кейин ҳам рад этишини тахмин этишади.

Уларнинг урғулашларича, Ўзбекистон ҳар доим ўзининг сиёсий ва иқтисодий суверенитетига дахл қилади, деб билган ҳар қандай ташкилот ё тузилмаларга шубҳа билан қараб келган.

Таҳлилчиларга кўра, бу - Ўзбекистон раҳбариятининг Россия эълон қилаётган мақсадларига ишонмаслиги кўрсатади.

Жумладан, Аркадий Дубнов, "Каримов ҳокимият тепасида экан, бундай сиёсатда ўзгариш кутмаслиги"ни таъкидлайди.

Бу мавзуда батафсилроқ