Ўзбекистонни қайси қўпорувчи миссионерлардан асраш керак?

Image caption Ўзбек милицияси ҳар қандай диний фаолиятни қаттиқ назорат остига олган

"Тошкент ҳақиқати" рўзномасида "қўпорувчи миссионерларнинг фаолиятига чек қўйиш"га чақирилган мақола чоп этилган.

"Ўзбекистонда миссионерлар фаолиятига йўл қўйиш диний низолар бошланишига рухсат берилишини англатади", дейилади мақолада.

Мақолада мамлакат ичкарисидаги миссионерликка бефарқ бўлмасликка чақирилади, айниқса, ота-оналарнинг ўз фарзандларининг миссионерлар таъсирига тушиб қолишларидан эҳтиёт бўлишлари лозимлиги огоҳлантирилади.

Ўзбекистонда 1990 йиллар бошларида исломий даъватчилар, турли насроний миссионерлар, кришнаитлар фаолияти кучайган, бироқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, бугунги кундаги Ўзбекистондаги диний эркинликлар чеклови миссионерликни ҳам йўққа чиқарган.

Ўзбекистонда турли миссионерлар фаолиятини назоратга олиш ҳаракатлари 1990 йиллар ўрталаридан бошланган.

Ўз диний эътиқодини тарғиб қилиш, прозелитизм амалларига қарши қонунчилик кучайтирилган.

2000 йиллар ўрталаридан Ўзбекистонда терроризмни молиялаш олдини олиш важи билан тушунтирилган саъй-ҳаракатлар халқаро ноҳукумат ташкилотлари қатори миссионерлик мақсадини кўзлаган ҳаракатларни ҳам қийинлаштирган.

"Мен ҳам охирги йилларда Ўзбекистонда миссионерлик борлигини билмайман. Олдин бор эди, бундан 5-6 йил олдин. Менинг олдимга америкалик ҳамма диний ташкилотларга ёрдам берадиган миссионерлик ташкилоти вакили келиб турарди. Кейинчалик унинг Ўзбекистонга киришини тақиқлаб қўйишди", дейди норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Суръат Икромовнинг айтишича, мамлакатда миссионерлик фаолиятини юритиш бугун имконсиз бўлиб қолган.

"Чунки қайси мамлакатдан келишидан қатъи назар, Миллий Хавфсизлик хизмати хорижликларни кузатади. Намозхон, масжидга қатнайдиган мусулмоннинг ҳам қаерга бориб, қаердан қайтгани чегарачилардан тортиб бошқа органларгача, уларнинг доим кузатувида", дейди инсон ҳақлари фаоли.

Ана шундай қаттиқ назорат шароитида миссионерликнинг қўпорувчилик фаолиятидан огоҳлантирувчи мақолалардан қандай мақсад кўзланган бўлиши мумкин?

"Бу давлатнинг миссионерлик фаолиятидан хавотири борлигини кўрсатади. Ва мана шундай мақолалар орқали давлат органлари диний экстремизм олдини олиш, терроризм кучайишига йўл қўймаслик мақсадларини кўзлаётган бўлишлари мумкин", дейди Суръат Икромов.

Бу мавзуда батафсилроқ