Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг икки лидери қўлга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистоннинг Марказий Осиё минтақаси билан чегарадош шимолий минтақасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг худкушлик ҳужумларига масъул икки раҳбари ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Афғонистонда жойлашган Нато бошчилигидаги Халқаро Хавфсизликни Сақлаш кучлари маълум қилишган.

Уларнинг расмий баёнотида айтилишича, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг икки раҳбари афғон кучлари билан ҳамкорликда Бадахшон вилоятининг Файзобод туманида олиб борилган қўшма ҳарбий амалиёт чоғида қўлга олинганлар.

Ҳибсга олинганлардан бири афғон ҳукуматининг Бадахшон ва Қундуз вилоятларидаги юқори мартабали мулозимларига қарши уюштирилаётган худкушлик ҳужумларига масъул бўлган.

Расмий хабарларга кўра, қўмондон амалиёт чоғида яраланган ва унга тиббий хизмат ҳам кўрсатилган.

Иккинчисининг эса, худкушлик ҳужумларини уюштиришда кўмак берувчи бомба ясайдиган мутахассис экани айтилади.

Халқаро Хавфсизликни Сақлаш кучларининг билдиришича, худкушлик камари, портловчи моддалар билан бирга яна бир шубҳали исёнчини ҳам қўлга туширишган.

Уларнинг баёнотида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳибсга олинган лидерлари қай бир давлат фуқароси эканликлари айтилмайди.

Шу йилнинг 29 январ куни эса, Афғонистоннинг шимолий Тахор вилоятида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Илҳом исми билан маълум лидери ўлдирилганди.

Бадахшон

Ўтган яқин йиллар ичида Афғонистоннинг шимолий-шарқий Бадахшон вилояти Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Толибон бошпана топган ҳудудлардан бирига айланган.

Айрим маълумотларга кўра, 2010 йилнинг август ойидан буён Америка ҳарбийлари вилоятдаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати кучларига қарши иккита рейд ўтказишган.

Ўтган йил сентябр ойида Бадахшон вилоятининг Кисмим туманида уюштирилган махсус амалиёт чоғида ҳаракатнинг Афғонистон шимолидаги энг юқори мартабали қўмондони нишонга олинган.

Ҳарбий амалиёт чоғи йигирмадан ортиқ жангари ўлдирилган ва ўнга яқини қўлга олинган.

Уларнинг орасида ҳаракатнинг Мулла Абдуллоҳ ва Мулла Шир Муҳаммад исмли икки нуфузли қўмондони бўлгани ҳам айтилганди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати

Тоҳир Йўлдошнинг ўлимидан бир йил ўтиб, 2010 йилнинг сентябр ойида унинг куёви Усмон Одил Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг раҳбари этиб тайинланган.

Гуруҳнинг фаолиятини яқиндан кузатиб келаётган экспертларга кўра, уларнинг бугунги фаолиятларига оид янги ва юз фоиз ишончли маълумот йўқ.

Аммо уларнинг Покистоннинг қавмлар яшовчи Шимолий Вазиристон минтақасидан Афғонистон шимолига ўтишга уринаётганликларига оид хабарлар бор.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бундан 10 йил бурун Афғонистоннинг Америка бошчилигидаги ишғоли ортидан Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларига қочиб ўтишга мажбур бўлишганди.

НАТО ҳам ўтган бир неча йил давомида Афғонистоннинг Қундуз дохил шимолий вилоятларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзоларини ўлдиргани ёки қўлга олганини даъво этиб келади.

Гуруҳнинг Афғонистон шимолидан туриб, Ўзбекистон ва Тожикистондан янги жангарилар ёллаётганига оид хабарлар ҳам бор.

Аммо, шуниси аёнки, йўлбошчиси Тоҳир Йўлдошнинг ўлими ортидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фаолияти анча заифлашган ва ҳужумларининг суръатию кўлами ҳам аввалгидек эмас.

Улар Покистон ва Афғонистонда Толибон ҳаракати ҳамда "Ҳаққоний" жангари гуруҳининг қўллови билан ҳаракат қилишади.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бугун Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг сонини бир неча юзта дейиш мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ