Совқотган одамларнинг норозилиги учун маҳаллий фаол айбланди

Image caption Одамлар уйларида сандал билан исинишга мажбур бўлганлар

Ҳали ҳам қаттиқ совуқ кузатилаётган Қарши шаҳридаги ҳам табиий газ ва ҳам электр қувватисиз қолган икки маҳалла аҳолиси норозилик билдирганлар.

Қашқадарё вилояти маркази Қаршининг кўп қаватли уйлардан иборат "Маҳаллот" ва "Кунчиқар" маҳалларида феврал ойининг охирги кунларида электр таъминоти буткул узилган.

Айни шу кунларда ҳаво ҳарорати ҳам жуда совиб кетган, қаршиликлар 11 март куни ҳам янги қор ёққанини айтишади.

"Маҳаллот" ва "Кунчиқар" маҳалларидаги айрим кўп қаватли уйлар бир электр таъминлаш трансформаторидан электр энергиясини олишади.

Қаршилик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Гулшан Қораеванинг айтишича, дастлаб трансформаторнинг хонадонларга электр узатадиган бир фазаси куйиб кетган.

Бу ҳақда шаҳар электр тармоғи ташкилоти хабардор этилган.

"Ҳаво совуқ бўлгани учун, бу кўп қаватли уйларда табиий газ анчадан бери йўқлиги учун трансформаторнинг куйган фазасидан электр қуввати олиб, бир илож қилиб ўзларини иситиб келаётган одамлар иккинчи фазага уланиб олганлар. Натижада кўп сондаги аҳолининг электр эҳтиёжини қондира олмаган трансформатор буткул куйди", дейди ўзи ҳам шу ҳудудда истиқомат қиладиган Гулшан Қораева.

"Электр таъминоти ташкилотидагилар трансформаторни алмаштириш учун кўтарма кран топа олишмаётганини айтишди. Яна қандайдир бир эҳтиёт қисмини алмаштириш керак экан. Маҳаллаларда яшайдиган одамлар ана шу эҳтиёт қисмни сотиб олиб қўйиш учун кимдир 3000, кимдир 5000 сўмдан пул йиғиб беришди", дейди инсон ҳақлари фаоли.

"10 март куни куни Горсетга қўнғироқ қилиб, қачон трансформаторни тузатасизлар, деганимда, "опа, мактабда монтёрлар ишлашаяпти", деб айтишди. Шундан кейин қўшниларимиз билан трансформатор жойлашган мактабга бордик. У ерда камида 50 киши кичкина болаларини совуқдан ўраб олиб, мутахассисларни кутиб туришган экан. Пулни йиғиб олдингиз, нега энди яна электр бермаяпсизлар, деб одамлар ҳокимиятга ҳам кетишипти", дейди Гулшан Қораева.

Мактабга йиғилган уй-жой ширкати масъуллари Гулшан Қораевани одамларни норозилик намойишига олиб чиққанликда айблашган.

Қаттиқ келган қиш

"Йўқ, биз ўзимиз совуқ жон-жонимиздан ўтиб кетганидан кейин чиқдик", деб одамлар айтишганидан кейин улар тинчишди", дейди Гулшан Қораева.

Бу йилги қиш мавсуми бутун минтақада бўлгани сингари Ўзбекистонда ҳам қаттиқ келди.

Илк қор айрим ҳудудларда ноябр ойида тушган, шундан кейин деярли ҳар ҳафта қор ёққан.

Ўзбекистон ҳудудида бунчалик кўп қор бундан 40 йиллар олдин ёққани айтилади.

Ҳаво ҳароратининг пастлиги ва кўп қор ёққани аксар ўзбекистонликларни мушкул аҳволга солиб қўйган.

Оддий одамлар ҳам табиий газ ва ҳам ҳам электр қуввати таъминотисиз қолганлар, бундай ҳолат аввалги йилларда ҳам кузатилган.

Бу йилги қийин шароит ҳатто оддий одамларда "Ўзбекистоннинг гази қаерга кетаяпти", деган саволларни туғдирган.

Аксар ҳудудларда кўп йиллик дарахтлар бундан бир неча йил олдин ўтин қилиб кесиб юборилгани кузатилган.

Ўтган йил ёзида Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳокимликлар аҳолини қиш қаттиқ келишидан ва бунинг учун кўмир ғамлаш лозимлигидан огоҳлантиришган эди.

Бу йил кўмир нархи қимматлагани кузатилган.

Шу кеча-кундузда Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида тунда ҳаво ҳарорати -2 даражада сақланмоқда.

Об-ҳавони башорат қилиш мутахассисларига кўра, 15 мартдан ҳаво ҳароратининг кўтарилиши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ