Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Руҳиддин Комилов: Ўзбекистонда фақат итоаткор адвокатлар бўлишини хоҳлашмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи ferghana.ru
Image caption Руҳиддин Комиловнинг ўз ҳимоясидаги шахс манфаатларини ҳимоя қилиши милиция, прокуратура ва суд органлари вакилларининг ғашига теккан.

Ўзбекистонлик таниқли адвокат Руҳиддин Комилов айтишича, унинг малака имтиҳонидан ўтказилмагани ҳокимиятнинг мамлакатдаги адвокатура тизимини итоаткорликда ушлаб туриш истагининг далолатидир.

2009 йилда адвокатлик гувоҳномаси бекор қилинган Руҳиддин Комилов шу йилнинг январида яна ариза топширган.

"Адвокатлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган шахснинг малака имтиҳони деб аталадиган имтиҳон дастлаб 27 январга белгиланиб, кейинроқ бекор қилинди. 28 феврал куни эса малака имтиҳони топширдим", деди Руҳиддин Комилов.

Малака комиссияси олти кишидан иборат бўлган.

Уч нафари Тошкент вилоят Адлия бошқармасидан, уч нафари Адвокатлар палатаси аъзолари бўлганлар.

Руҳиддин Комиловнинг айтишича, у ўзининг ушбу малака имтиҳонидан ўтиши учун талаб қилинадиган барча талабларга жавоб берган, ҳатто ҳайъат аъзолари "бу имтиҳондан сиз ўтмасангиз, яна ким ўтади", дея эътироф ҳам этганлар.

Бироқ малака комиссиясининг ёзма қарорида Руҳиддин Комилов "имтиҳон топширмаган, деб ҳисоблансин", дейилган.

Малака комиссияси "юқоридан" келган буйруқни бажараяпти, дейдиган Руҳиддин Комилов, комиссия қарорини ўз билими ва малакаси юқори эканига қарамасдан, адвокатлик билан шуғулланишига йўл қўймаслик мақсадидаги қарор деб баҳолайди.

Руҳиддин Комилов ўзига нисбатан нохолислик қилинаяпти, деб ҳисоблайди.

"Бунинг сабаби, менинг ўзим ўзим ҳақимда гапирсам нотўғри булар-ку, лекин мен анча-мунча ишларнинг объектив, ижобий кўрилишига эришганман. Ўзимнинг мустақил фикримга эгаман. Бундан ташқари, биз бошқа адвокатлар билан бирга мана шундай малака комиссиялари ташкил этилишига қарши чиққанмиз. Бундай амалиётнинг Ўзбекистон конституциясига, халқаро қонунчиликка зид эканини Ўзбекистон Конституциявий Судига, Ўзбекистон президентига ёзганмиз", дейди Руҳиддин Комилов.

У 2010 йилда "Халқ манфаатлари" Социал-Демократик партияни тузиш ташаббускорларидан бири бўлганининг таъсири ҳам адвокатлар палатасида сўнгги қарорида борлигини айтади.

Руҳиддин Комилов Ўзбекистондаги қатор инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мухолиф сиёсатчилар ва журналистларни адвокат сифатида ҳимоя қилган.

У инсонларнинг қийноқлар ва бошқа қонунларга зид муомалаларга дуч келганини маҳкамаларда очиқ айтган.

Руҳиддин Комиловнинг ўз ҳимоясидаги шахс манфаатларини ҳимоя қилиши милиция, прокуратура ва суд органлари вакилларининг ғашига теккан.

Ўзбекистонда адвокатура тизимини ислоҳ қилишга қаратилгани айтилган ўзгаришлар тизимни ўзгача фикрловчи адвокатлардан "тозалаш" мақсадини кўзлагани аввалдан башорат қилинган, 2009 йилдаги малака комиссиялари бир неча адвокатларни гувоҳномаларидан маҳрум қилган эди.