Ўзбекистонликнинг Қримда қўлга олиниши саволларни пайдо қилган

Қрим милицияси веб-сайтидан олинган сурат
Image caption Матбуотда хабарлар пайдо бўлганидан кейин "хорижий фуқаро" сурати Қрим милицияси веб-сайтида эълон қилинган

Қрим пойтахти Симферопол яқинидаги хонадонда Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Ҳуқуқ-тартибот органларининг тинтув пайтида 40 килограмм портловчи модда ва экстремистик адабиёт топилгани ҳақидаги хабарини хонадон эгалари рад этганлар.

Ҳодиса Симферополга яқин Комсомолское посёлкасида 7 март куни юз берган.

Посёлкада истиқомат қиладиган одамлар юзига ниқоб таққан милиция махсус бўлинмаси хонадонлардан бирига эрта тонгда бостириб киришганининг гувоҳи бўлганлар, бу хонадонда яшаб келган киши ҳибсга олинган.

Қримлик журналистларнинг айтишларича, ушбу ҳодиса ҳақида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳеч қандай ахборот тарқатмаганлар.

Матбуотда хорижий фуқаронинг портловчи модда билан қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалганидан кейин Ички ишлар вазирлигининг Қрим бошқармаси веб-сайтида қисқа ахборот эълон қилинган.

Унда айтилишича, Комсомолское посёлкасидаги уйда санкция берилган тинтув ўтказилган, бу тинтув пайтида 22 та тротил портлатгичи ва детонатор топилган, қўлга олинган хорижий фуқаро ўз мамлакатида йўлтўсарлик ва талончилик жиноятлари учун бир неча марта судланган, унга нисбатан одам ўлдиргани учун халқаро қидирув эълон қилинган, ҳодиса жойида экстремистик адабиёт топилган ва бу шахсни экстрадиция қилиш учун ҳужжатлар прокуратурага юборилган.

Украинада нашр этиладиган "Сегодня" рўзномаси таҳририяти ушбу ҳодисага қизиқишни кучайтирадиган аноним электрон мактуб олганини маълум қилади.

Бу хатда шундай дейилади: "Комсомолское" посёлкасида милиция махсус бўлинмаси уюшган жиноий гуруҳни қуролсизлантиришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда ҳеч жойда хабар қилинмади, сабаби гап 40 килограмм портловчи модда ҳақида кетаяпти. Қўлга олинганлар чечен жангарилари ва қримлик "ваҳҳобийлар" эди. Посёлка Симферопол аэропортидан 2 километр масофада жойлашган, аэропорт террорчилик хуружи учун айни муддао жой. Қрим террорчиларнинг ўтиб-қайтиш маконига айланаётгани қўрқинчлидир".

"Ўзлари ташлаб қўйишган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи alexey lokhvitskiy

Аммо "Сегодня" рўзномаси мухбирларига гапирган милиция махсус бўлинмаси штурмига учраган хонадонлари расмий фаразларни рад қилганлар.

Хонадоннинг Наталя исмли аёлга тегишли экани аниқланган, у Шерзод исмли ўзбекистонликнинг собиқ эрининг яқини эканини айтган.

Шерзод Наталянинг уйида 2006 йилдан буён яшаган.

У келган дастлабки пайтида милиция текширувидан ўтган, унинг ҳамма ҳужжатлари жойида бўлган, милиция бирор ноқонуний нарса топмаган.

Наталя сўзларига кўра, ҳибсдан икки кун олдин ўзларини электрик деб таништирган одамлар келишган ва бир кун давомида ишлашган.

"Портловчи модда солинган сумкани ўзлари ташлаб қўйган бўлишлари мумкин", деб айтган хонадон эгаси.

Наталянинг онаси милиция веб-сайтида эълон қилинган суратдаги хона ўзлариникига ўхшамаслигини айтган.

Журналистларнинг "диний адабиёт қаердан келиб қолган бўлиши мумкин", деган саволига, хонадон эгалари бир неча йил олдин ўзларининг бошқа бир уйларини ижарага беришганини, у ерда қофқозлик инсонлар яшаганини айтишган.

"Ўша уйни сотганимиздан кейин ичидаги барча буюмларни бу ерга олиб келганмиз, бу китобларни ўша қофқозликлар ташлаб кетган бўлишлари мумкин", деб айтган Наталянинг онаси.

Қрим ҳуқуқ-тартибот органлари ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаросининг вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилганидан бошқа маълумот бераётганлари йўқ.

Бундан олдин Украина Ўзбекистонга бир неча Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилгани учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг танқидларига учраган.

Халқаро ташкилотлар Украина, Россия ва Қозоғистон расмийларига мурожаат қилиб, Ўзбекистон фуқароларини ватанига экстрадиция қилмасликни сўрашади.

Ўзбекистонга қайтарилган кишининг қийноқларга солинишидан хавотирлар изҳор этилади.