BBC navigation

Тео Ван Бовен: "Ўзбекистондаги қийноқлар учун президент Каримов жавобгарликка тортилиши керак"

Сўнгги янгиланиш 20 март 2012 - 15:04 GMT

"Қийноқлар учун президент Каримов жавобгар"

Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланилаётгани учун Президент Каримов жавобгарликка тортилиши керак.

Айни баёнот муаллифи - БМТнинг қийноқлар масаласида собиқ маърузачиси Тео Ван Бовендир. У uznews.net интернет нашри ва Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда Ўзбекистонда қийноқ қўлланилиши ва инсон ҳуқуқлари поймол этилиши юзасидан вазият ҳамон ўзгармаганидан хавотир изҳор этган.

Би-би-си БМТнинг қийноқлар масаласида собиқ мулозими Тео Ван Бовен билан боғланиб, аввалига нимага Ўзбекистонда қийноқ қўлланилиши учун Президент Каримов жавобгарликка тортилиши керак, унинг қийноққа аралашганига далиллар борми деб сўради?

Тео Ван Бовен: Буларнинг барчаси ёзилган... Мен 2003 йилда қийноқлар масаласини ўрганганман ва хулоса қилгандимки, қийноқлар Ўзбекистонда кенг тарқалган ва систематик қўлланилади. Мен ҳозир ҳам шундай деб ўйлайман. Давлат раҳбари ва мамлакатда энг қудратли шахс сифатида Ислом Каримов бу қийноқлар учун маъсулдир. Бунинг учун у жавоб бериши керак.

Би-би-си: Каримовни Ўзбекистондаги қийноқлар учун маҳкама тортишга даъват қуруқ гап эмасми,айниқса бугунги кун реалликлари манзарасида...Ўзбекистонга Афғонистоннинг қўшнилиги ва у ерда Ғарбнинг "террорга қарши уруши" давом этаётгани ҳисобга олсак, ким Президент Каримовни "мушугини пишт" дейди ҳозир?

Тео Ван Бовен: Шунинг учун ҳам менинг назаримда, халқаро ҳамжамият Ўзбекистондаги вазиятга кўз юмишни маъқул кўради. Чунки Ўзбекистон минтақада стратегик муҳим бир бўлгада жойлашган. "Террорга қарши уруш" деб номланган кампанияда ҳам муҳим ўринга эга. У ердаги абгор ҳолат ҳақида фақат инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бонг урмоқда. Оврўпо иттифоқи ҳам аввал бошида бу борада анча қатъий бир мавқеида эди, аммо кейинроқ ўз қарашларидан воз кеча бошлади. Америка Қўшма Штатлари ва бошқа қудратли давлатлар учун Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига доир абгор вазият эмас, балки бу мамлакатнинг стратегик аҳамияти муҳимроқ бўлиб қолди.

Би-би-си: 2003 йилда cизнинг Ўзбекистондаги қийноқларга доир ҳисоботингиздан кейин ҳам бу масалада инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кўплаб баёнотлар билан чиқишди. Ҳар қалай, Сизнинг ҳисоботингиздан кейин қарийб ўн йил вақт ўтди... Ўзбекистондаги вазиятни кузатиб бораётган бўлсангиз, ижобий томонга бирор бир қадам ташланмадими?

Тео Ван Бовен: Йўқ, кўп нарса ўзгаргани йўқ. Мен ўшанда қийноқлар масаласида ҳисобот тайёрлаб, ҳукуматга ўз маслаҳатларимни бердим. Қийноққа қарши миллий режа деб номлагандим буни. Бугунга қадар айни режа қоғоздан амалга кўчгани йўқ. Мендан кейин мамлакатга сафар қилишни режалаган ҳамкасбларимни эса Ўзбекистон ҳукумати у ерга киритмаяпти. Аммо, рост ҳукумат адлия соҳасида айрим хўжакўрсинга амаллар қилгандай бўлди... Мамлакатдаги реалликни билганлар эса қийноқлар ва инсон ҳуқуқларига доир ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмаганини урғулашади. Бунинг учун Ҳюман Райтс воч ва Халқаро Амнистиянинг ҳисоботларига қараб чиқиш кифоя. Масалан, ҳибсга олишнинг қонуний ва ё ноқонунийлиги прокурорнинг эмас, ҳакамларнинг ихтиёрига топширилди. Бу яхши. Аммо Ўзбекистонда ҳакамлар мустақил эмаслигини оладиган бўлсак, унда бунақа ўзгаришлардан наф йўқ.

Би-би-си: Сиз Президент Каримов қийноқлар учун маъсул ва уни маҳкамага тортиш керак демоқдасиз, айтингчи, у ҳозир амалдаги президент... умуман, амалдаги раҳбарлар қийноқлар ва инсон ҳуқуқлари бузилишига доир маҳкамага тортилган ҳоллар бўлганми? Бунинг имкони борми?

Бунга бир мисол Умар Ҳассан Ал Баширдир. У Судан раҳбари ва Халқаро Жиноий маҳкама унга халқаро ҳибсга олиш буйруғини берган. У ҳамон давлат раҳбари саналади. Албатта, уни ҳали маҳкамага тортишга халқаро ҳамжамият муваффақ бўлганича йўқ. Рост, одатда собиқ раҳбарлар маҳкамага тортилади, Милошевични олинг... аммо Судан раҳбари мисолида биз бир нарсани аниқ айтишимиз керак, яъни давлат раҳбари ва ё раҳбар лавозимида ишлаб турганлар жиноий жавобгарликдан истисно бўлмасликлари керак. Биламан, бу борада халқаро қонунчилик ҳали тугал бир ҳолатга келмади, ҳамон такомиллашиб бормоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.