Ўзбекистон: йилнинг иккинчи чораги яна қимматлашишдан бошланади

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL
Image caption Ўзбек масъул ташкилотлари нима сабабдан аҳолидан кўп маблағ йиғишга қарор қилганлари сабабини одамларга тушунтирмайдилар

Ўзбекистонда 1 апрелдан электр қуввати, иссиқ ва совуқ сув, шаҳарлардаги умумий қозонхоналардан олинадиган иссиқ сув таъминоти ҳақлари яна кўтарилади.

Бундан кейин Ўзбекистондаги аҳоли уйлари учун электр ҳақи 7 фоиз ошади.

Шу кунгача 1 киловатти 91 Ўзбек сўмини ташкил этган электр қувватининг нархи 1 апрелдан 97 сўм 50 тийин бўлади.

Шу кеча-кундузда 1 АҚШ долларининг қиймати Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича 1840, "қора бозор" курси бўйича эса 2820 Ўзбек сўмини ташкил этаяпти.

Аҳолига электр қувватини таъминлайдиган масъул ташкилот - "Ўзбекэнерго" электр ҳаққи ошаётганига Ўзбекистон Молия вазирлиги қабул қилган янги ҳужжатни сабаб қилиб кўрсатган.

Молия вазирлигининг 2012 йилдаги 15 мартдаги янги реестрига мувофиқ нархлар кўтарилаётгани айтилган, бироқ Ўзбекистон Молия вазирлиги ўз қарорида нимага асослангани ҳақида жамоатчиликка ҳеч нарса айтилмаган.

Одатда одамларга хизматлар кўрсатадиган Ўзбекистон давлат идора-ташкилотлари аҳолидан янада кўпроқ маблағ йиғиш қарорлари борасида тушунтириш бермайдилар, кўпинча иш ҳақлари, пенсия ва нафақалар оширилгани ёхуд "ёнилғи-мойлаш материаллари нархи кўтарилгани" сингари изоҳ берилади.

2012 йилнинг иккинчи чораги ўзбекистонликлар учун совуқ сувнинг 10 фоиз, иссиқ сув ва марказий иситиш тизими хизмати ҳақининг 15 фоиз қимматлашиши билан бошланади.

Электр ҳақи Ўзбекистонга қўшни Тожикистонда ҳам 1 апрелдан кўтарилади, Ўзбекистон расмийларидан фарқли ўлароқ, "Барқи Тожик" ширкати бу қимматлашиш аҳолининг кам таъминланган қатлами учун оғриқли кечмаслиги ҳақида огоҳлантириш билан чиқишга шошилган.

Тожикистондаги электр ҳақи кўтарилиши 20 фоизни ташкил этиши хабар қилинган, Тожик ширкати камбағал аҳоли учун давлат товон пули ажратишини маълум қилган.

Ўзбекистонда электр энергияси, иссиқ ва совуқ сувлар ўтган йилнинг 1 апрелида ҳам кўтарилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ