Ўзбекистон Тожикистон билан газ сотиш борасида музокараларга тайёр

Газ қувури Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Тожикистон газни фақат Ўзбекистондан олади

"Ўзбекнефтгаз" миллий компанияси Тожикистон билан газ борасида музокараларни бошлашга тайёр.

Би-би-си билан суҳбатда компания масъуллари шартномани чўзиш борасида музокараларга тайёр эканини айтди.

Компания апрель ойидан газ экспорти тўхтатилиши сабабини шартнома муддати тугагани билан изоҳлади.

Бунгача Тожикистон томони Ўзбекистон асосий харидор бўлмиш Хитой олдидаги масъулиятни бажариш учун қўшни республикага газ беришни тўхтатаётганини даъво қилган эди.

Кузатувчилар икки давлат ўртасидаги газ муаммоси сиёсий эканлигини урғулашади.

"Ўзбекнефтгаз" миллий компанияси масъулларидан бирининг Би-би-сига айтишича, Тожикистонга газ экспортининг 1-апрелдан тўхтатилишига шартнома муддати битганлиги асосий сабабдир, Хитой билан тузилган шартноманинг бу ерда ҳеч қандай алоқаси йўқ.

"Бу нарсани Хитойга газ етказиш билан қиёслаш нотўғри. Бу умуман бошқа шартнома. Тожикистонда бизга шарномани чўзиш таклифи билан чиқиш ҳуқуқи бор. Аммо қандай ечилишини айтишга ҳали эрта. Аввало музокаралар бошланиши керак", - дейди "Ўзбекнефтгаз" миллий компаниясининг матбуот котиби Елена Ким.

Компания матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда айтилишича, 2012 йилнинг 5 январида "Ўзтрансгаз" ва "Тожиктрансгаз" ўртасида тузилган шартнома бандига кўра, Тожикистонни фақат 2012 йилнинг биринчи кварталида 45 миллион кубометр газ билан таъминлаш кўрсатилган.

Томонлар ўртасидаги мажбурият бутунлай бажарилган ва "Тожикистонга газ етказиб беришнинг тўхтатилиши борасидаги турли буюртма фаразларда ҳеч қандай асос йўқ", - дейилади баёнотда.

Бунгача Тожикистон Энергия ва саноат вазирлиги матбуот хизмати вакили РИА Новости агентлигига айтишича, Ўзбекистон томони "Тожиктранс"га расмий мактуб йўллаб, газ заҳираларининг етишмаётгани ва асосий харидор Хитойнинг олдидаги мажбуриятларни бажариш учун Тожикистонга газ етқазишни тўхтатишни билдирган.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида газ борасида келишмовчиликлар олдинлари ҳам кузатилган.

Ўзбекистон томони турли сабаблар билан Тожикистонга кетадиган газ жўмракларини бекитган ёки нархларни ошириб келган.

Кузатувчилар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муаммолар фақатгина газ билан чекланиб қолмаслигини айтишади.

Темир йўлларни тўсиш, йирик ГЭСлар қуриш ёки қўшни мамлакат фуқароларини айғоқчиликда айблаш давлатларнинг бир бирига босим ўтказиш учун қилаётган ҳаракатлари дея баҳоланади.

Тожикистонлик журналист Зафар Сўфийга кўра, икки мамлакат ўртасидаги бундай сунъий тўсиқлар келтирилишига давлат раҳбарларининг шахсий адовати бош сабабдир.

"Тожикистон томони айтаяптики, Хитойга газ сотмоқчи бўлгани учун Ўзбекистон шундай қарорга келган. Лекин бошқа томондан олиб қарасангиз, Ўзбекистоннинг бир кеча кундузда ишлаб чиқарадиган гази Тожикистоннинг бир йиллик эҳтиёжини қоплайди. Келтирган далилларида мантиқ йўқ. Бу масаланинг асосида муносабатларни сиёсийлаштириш ётади. Яъни бундан босим ричаги сифатида фойдаланишга ҳаракатлар бўлаяпти. Бу яхши оқибатларга олиб келмайди, ҳеч кимнинг манфаатига ишламайди, на Ўзбекистоннинг ва на Тожикистоннинг", - дейди Зафар Сўфий.

Ўзбекистон Тожикистонни газ билан таъминловчи ягона давлат ҳисобланади.

Олинаётган табиий газнинг асосий қисми цемент ва алюминий ишлаб чиқариш саноатига йўналтирилади.

Ўзбекистон томони Сурхондарё билан чегарадош ҳудудда жойлашган Тожикистон Алюминий заводини атроф муҳитга зарар келтираётганликда айблайди.

Бу мавзуда батафсилроқ