Тошкентда яна бир ёнилғи қуйиш шохобчаси портлаган

Олам.уз Интернет порталидан олинган сурат Фото муаллифлик ҳуқуқи olam.uz
Image caption Расмийлар инсоний талофотлар ҳақида мълумот бермаганлар

Тошкентда истиқомат қиладиган инсонларнинг айтишларича, Тошкент аэропортига яқин ёнилғи қуйиш шохобчасида икки кучли портлаш рўй берган.

Ёнилғи қуйиш шохобчаси аэропортга элтувчи кўприкдан бир неча метр узоқликда жойлашган.

Аэропортга яқин кўп қаватли уйлардан бирида яшайдиган кишининг айтишича, маҳаллий вақт билан соат 11 лардаги портлаш "жуда кучли бўлган".

Портлаш овозини бир неча километр узоқликда ҳам эшитиш мумкин бўлган.

Айрим хабарларга кўра, ёнилғи қуйиш шохобчасида келиб чиққан ёнғин портлашга сабаб бўлган.

Шохобча атрофи милиция ходимлари томонидан ўраб олинган, Тошкент аэрпорти кўприги ва пойтахтнинг Кичик халқа йўлидаги транспорт қатнови тўхтатилган.

Ҳодиса жойига ўт ўчириш ва фавқулодда вазиятлар хизматлари етиб борганлар.

Россиянинг РИА-Новости ахборот агентлигининг шоҳидларга асосланиб хабар беришича, шохобчада бўлган ва йўлдан ўтиб кетаётган инсонлар жароҳатланган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тезкор навбатчиси Илҳом Чоршаъмовнинг Би-би-сига айтишича, олинган дастлабки "оғзаки маълумотда ҳодиса туфайли жароҳатланганлар ҳақида хабар йўқ".

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мулозимига кўра, портлаш сабаби ҳали аниқ эмас, ушбу ҳодиса юзасидан тузилган махсус штаб сабаб ва оқибатларни ўрганаяпти.

Ҳодиса ҳақидаги хабар қисқа фурсатда Интернетда пайдо бўлган.

Youtube га қўйилган видеода осмонга кўтарилаётган қалин қора тутун ва атрофда йиғилган одамларни кўриш мумкин.

Ўзбекистондаги Olam.uz портали ўз фойдаланувчиларидан бирининг ушбу фавқулодда ҳодиса жойидан юборган фотосуратларини эълон қилган.

Бундан олдин ҳам Тошкент ва Намангандаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида портлашлар рўй берган.

Тошкент, Наманганда ёнғин ва портлашлар

Ўшанда икки ҳодиса ҳам автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида юз берган, ҳозирги кунда ҳам автомобилларга газ ёки бошқа ёнилғи қуйиш шохобчалари мутасаддиларининг техника хавфсизлиги талабларига нақадар риоя этишлари хавотирларга сабаб бўлиши айтиб келинади.

Бу мавзуда батафсилроқ