Ўзбекистоннинг Афғонистондаги роли нега кутилганидек юқори эмас?

Фото муаллифлик ҳуқуқи isaf
Image caption Ҳайратон Афғонистоннинг Ўзбекистонга дарвозасидир

Афғон расмийлари ва афғонистонликларнинг истакларига қарамасдан, Ўзбекистон расмийлари жанубий қўшнилари билан сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорликни кучайтиришни истамаяптилар.

Нафақат Афғонистондаги, балки четдаги кузатувчилар ҳам ушбу фикрга қўшиладилар.

Би-би-си мухбири Афғонистон шимолидаги тужжорлар билан суҳбатлашар экан, тужжорлар яқинда Ўзбекистоннинг Термиздаги чегарасидан Амударё устидан тортилган темир йўлнинг Мозори-Шарифгача узайтирилганидан мамнунликларини билдиришади.

Шўролар даврида Амударё устидан Афғонистонни Ўзбекистон билан боғлаган кўприк қурилган, "Дўстлик" кўпригини ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов очган эди.

"Дўстлик" кўприги устидан автомобил ва темир йўллари ўтган, темир йўл Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳарчасигача тортилган эди.

Муаммоларни ҳал этишда қўли калталик қилаётган Афғон расмийлари

2011 йил августида Ҳайратондан Мозори-Шарифгача жами узунлиги 75 километрни ташкил этган янги темир йўл қуриб битказилди.

Бу йўлни қуриш ва ундан фойдаланиш Ўзбекистоннинг "Ўзбекистон Темир йўллари" ширкати ихтиёрига берилган.

Афғон расмийларига кўра, Мозори-Шарифгача тортилган темир йўл Афғонистонга Россия, Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларидан товарларни келтиришни осонлаштирган, ҳам Афғон ва ҳам Ўзбек тужжорлари учун қулайлик яратилган.

Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида тижорат билан шуғулланиб келаётган Афғон тужжори Жовид, энди маблағимизни ҳам тежаяпмиз, дейди.

"Бундан олдин Ўзбекистондан Афғонистонга юкларимизни автомобилларда олиб ўтишимизга тўғри келарди, юк автомобилларига анча пулимизни сарфлар эдик. Темир йўл ишга тушганидан кейин юкларимиз деярли ўз омборларимизгача етиб келаяпти. Энди бу хизматларни ҳам жаҳон стандардларига мослаш керак", дейди тужжор.

Жовиднинг айтишича, Ўзбекистон билан тижорат қилишда бир қанча муаммолар бор, бу муаммоларни ҳал этишда Афғон расмийлари тижоратчиларга ёрдам беришни истамаяпти.

"Мисол учун, биз Афғонистондан шимолга ҳўл мева юборамиз. Чегарада кўп тужжорларнинг мевалари бир неча кунлаб қолиб кетади, натижада мевалар бузилади. Кейинги муаммо, Ўзбекистон визасини олиш. Тижоратчиларнинг Ўзбекистон визасини олишлари қийин. Ундан кейин Ўзбекистон ҳудудида бирор бир мушкуллик пайдо бўлса, у ердаги Афғонистон элчилиги ҳам бирор бир ёрдам бера олмайди", дейди Афғон тужжори.

Тўсиқ Ўзбекистон давлати

Афғонистон Тижорат вазирлигининг сўзчиси Ваҳид Ҳозехел тужжорларнинг бу каби танқидларини тан олади.

Жаноб Ҳозехелнинг айтишича, Афғонистон ўзининг шимолий қўшнилари билан савдо-тижорат янада ривожлантиришни истайди, Россиядан, бошқа мамлакатлардан Афғонистонга кўпроқ товар ва маҳсулотларни олиб келишни истамоқда, бироқ бунга кўпинча "Ўзбекистон давлати тўсиқ бўлмоқда".

"Биз ёнилғи маҳсулотларини Россиядан олиб келамиз. Улар Ўзбекистон орқали келтирилади. Ўзбекистон расмийлари Афғонистонга ёнилғи маҳсулотлари олиб келаётган айрим ширкатларга рухсат беради, айримларига рухсат бермайдилар. Яъни, Ўзбек расмийлари ҳамма ширкатларга ҳам бир хил муомала кўрсатмайди. Биз шунга ўхшаш муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистонга бир неча марта ҳайъат ҳам юборганмиз. Лекин бу муаммолар ҳали ҳам ҳал бўлгани йўқ", дейди Афғонистон Тижорат вазирлиги воизи.

Бироқ Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини яқиндан ўрганиб келадиган эксперт Ҳамидулло Тавочи бу фикрларга қўшилмайди, охирги ойларда Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқалар янада кучайди, дейди.

"Яқинда менинг ўзим Ўзбекистонга бориб келдим. Мен ўзим кўрган поезд вагонларининг чегараси йўқ эди. Бир кишидан "бу қанақа вагонлар деб" сўрадим, "бу бензин" деди. "Буниси-чи? Тахта, ёғоч". Бошқасига қарасам, темир маҳсулоти. "Бу вагонда нима бор" десам, "ловия, озиқ-овқат маҳсулотлари" дейишди. Мен олдин бунчалик кўп товарлар Ўзбекистондан ўтганини ҳеч кўрмаганман. Одамлар чегарадан ўтишаяпти, қайтишаяпти. Мен сизга ўз кўзим билан кўрганларимни айтаяпман. Ҳозир, масалан, бир кун Ўзбекистондан нефт ёки газ маҳсулоти келмай қолса, бу ерда уларнинг нархи дарров кўтарилиб кетади. Шунинг учун ҳам мен равобитлар ҳозирга келиб жуда чуқур бўлган, деб айта оламан", дейди Ҳамидулло Тавочи.

Хўш, савдо-тужжорий алоқалардан ташқари Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги сиёсий алоқалар қандай?

"Ўзбекистон билан кенг қамровли меморандумни орзу қиламиз"

Афғонистон парламенти вакили Саид Анвар Саодат фикрича, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар жуда яқин бўлмаса ҳам уларни ёмон эмас, деб айтиш мумкин.

"Бизнинг орзумиз шуки, Афғонистон билан Ўзбекистон ўртасида қатор соҳалардаги ҳамкорликни кўзда тутган меморандум ёки бир бошқа шартнома имзоланса. Бу ҳужжатда чегара, иқтисодий, маданий, илм-фан, таълим масалалари қамраб олинган бўлса. Чунки Ўзбекистон Афғонистонга яхши нияти бўлган, Афғонистонга доим дўстлик қўлини узатган мамлакат. Агар бугунги кунда Афғонистонда 7-8 миллион ўзбек истиқомат қилишини инобатга олсак, алоқаларни яна ҳам яхши бўлиши ҳам Афғонистон ва ҳам Ўзбекистон учун манфаатли бўлади, деб ўйлайман", дейди Афғонистон парламенти аъзоси.

Афғонистон шимолида Ўзбекистоннинг маданий таъсири кучли сезилади, катта ҳудудда аҳоли Ўзбекистон телеканалларини томоша қилиш имкониятига эгалар.

Мозори-Шарифдан Ҳиротга томон давом эттирилиши режаланган темир йўл қурилиши Ўзбекистоннинг темир йўл ширкатига топширилган.

Ўзбекистон Афғонистон шимолини электр энергияси билан ҳам таъминлаб келади.

Бироқ кузатувчилар фикрича, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан алоқалари Афғонистоннинг бошқа қўшниларига солиштирганда кучли эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ