Ўзбек қамоқхонасида сақланаётган фаол мактублари ташқарига чиқарилмаяпти

Image caption Оиласи фақат Ғайбулло Жалиловнинг Зарафшонда сақланаётганини билади, холос.

Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган инсон ҳақлари ҳимоячиси Ғайбулло Жалилов Тошкент вилоятидан Навоий вилоятига кўчирилган, бироқ яқинларига унинг қайси қамоқхонада сақланаётгани маълум қилинмаган.

Ғайбулло Жалиловга мактуб ёзаётган фарзандлари ва ота-онаси унинг жавоб хатларини олмаётганлари ҳақида айтадилар.

Рафиқаси Муқаддас Темированинг Би-би-сига айтишича, Навоий вилоятининг Зарафшонида жойлашган жазони ижро этиш муассасасидан рус тилида ёзилган мактуб олган, ана шу мактубдан эрининг Тошкентга яқин Зангиота қамоқхонасидан бошқа жойга кўчирилгани ҳақида хабардор бўлган.

"Феврал ойида ёзилган хат роса бир ой давомида у ёқдан бу ёққа борипти. Охири почталонлар олиб келиб беришди. Лекин унинг конвертида фақат менинг номим ёзилган, қамоқхонанинг рақами ёки манзили ёзилмаган", дейди Муқаддас Темирова.

У охирги марта турмуш ўртоғи билан ўтган йилнинг октябрида кўришганини айтади.

"Мен сиз билан кўришиш учун далага чиқиб пахта тердим. Ҳар килосига 120 сўмдан олдим. Шу йўл билан пул йиғиб келдим, деганимда, "бундай қийналиб менинг олдимга келма, яхшиси қизларимга кийим олиб бер, деб айтдилар", дейди Муқаддас Темирова.

Ўшандан буён фақат бир марта Ғайбулло Жалиловнинг оиласи билан мулоқотига изн берилган.

"Ўтган йил 1 декабрида қўнғироқ қилгандилар. Охирги марта ўшанда гаплашгандик", дейди инсон ҳуқуқлари фаолининг рафиқаси.

Муқаддас Темированинг айтишича, фарзандлари ҳам, Ғайбулло Жалиловнинг ота-онаси ҳам қамоқхонага мактуб ёзишади, Ғайбулло Жалиловнинг ўзи ҳам жавоб хатларини ёзганини бир неча марта айтган.

"У кишининг хатлари нега бизга етиб келмайди, сабабини билмайман. Балки рухсат йўқдир", дейди Жалилов рафиқаси.

"Ўзим бориб Навоийдаги қайси қамоқхонада эканликларини билиб келмоқчи бўлиб турибман. Онам айтдилар: менинг феврал ойи учун пенсиямни беришса, сенга бераман, бориб эрингни кўриб келасан, дедилар", дейди икки фарзанднинг онаси.

2011 йил бошида қамоқда сақланаётган Ғайбулло Жалиловнинг соғлигидан хавотирлар билдирилган, ҳатто рафиқаси қамоқхонадаги учрашув пайтида маҳбуснинг видолашгани ҳақида айтганди.

47 ёшли Ғайбулло Жалилов Шўро армиясида хизмат қилган йиллари бир ўпкасидан айрилган.

Ногиронлигига қарамасдан, у 2009 йил сентябрида ҳибсга олинган, дастлабки тергов пайти ва озодликдан маҳрум этилганидан кейин шафқатсиз қийноқлар тутилгани ҳақида хабарлар тарқалган.

"Шайхали" қамохонасида Ғайбулло Жалиловнинг қулоғига резина тўқмоқ билан уришгани оқибатида у эшитиш қобилиятини йўқотган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячисини Қарши шаҳри аэропорти ва "Хонобод" ҳарбий базасини портлатишга тил бириктиришда айбдор деб топиб 13 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарилган.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти Ғайбулло Жалилов устидан чиқарилган ҳукмни қоралаган.

"Сохта айбловлар билан маҳкамага тортилган Ғайбулло Жалиловнинг айби исботланмагани учун у зудлик билан озод этилиши керак", лигини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ