Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси ўнгида "Палов-Протест"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси ўнгида "Палов билан норозилик" номи остида пикет бўлиб ўтди.

20 га яқин иштирокчилар яқинда Ўзбекистонга сураткашликдан дарс бергани борган фотограф ва журналист Виктория Ивлеванинг депортацияси ва мамлакатдаги матбуот эркинлигини чеклаш ҳаракатларига ўз норозиликларини билдирганлар.

Пикет қатнашчиларидан бири, "Ferghana.ru" ахборот портали Бош муҳаррири Даниил Кисловнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, улар қатъий норозиликдан кўра, дўстона оҳангда Ўзбекистон расмийларини очиқроқ бўлишга ва чекловларни олиб ташлашга даъват қилишга уриндилар.

Даниил Кислов: Бу пикет норозиликдан кўра, кўпроқ дўстлик акциясига ўхшаб кетади. Қўллармиздаги шиорлар ҳам дўстона ва ҳазиломуз. Масалан шиорлардан бирида "Фотоаппаратли инсон давлатга душман эмас", деб ёзилган, яна бирида "Ўзбекистон, юзингни оч", дея битилган. Хуллас, Ўзбекистонга нисбатан ана шундай истеҳзоли равишда "дўст" бўлишга даъват қилмоқдамиз. Ивлеванинг ўзи ҳам, биз ҳам Ўзбекистонни ва унинг халқини севишимизни айтамиз, лекин ҳукумат бу дўстликка рахна соляпти. Ўзбекистон билан дўстлигимиз рамзи сифатида бу ерга бир қозон ош ҳам дамлаб келдик, иккита лаганга солиб ҳаммага тарқатдик. Ўзбекистон элчихонаси деразасидан бу амалларнинг ҳаммасини бир шахс муфассал суратга тушириб турди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Би-би-си: Элчихонадан паловни татиб кўргани ёда даъватларингизга қулоқ тутгани ҳеч ким чиқмадими?

Даниил Кислов: Йўқ ҳеч ким чиққани йўқ, биз фақат элчихонани қўриқлаб турган милиция ходимлари ва қўриқчиларни кўрдик. Афсуски паловимизни татиб кўришни ва даъватларимизга қулоқ тутишни расмийлар хоҳламадилар.

Би-би-си: Бу пикет фақатгина Виктроря Ивлеванинг депортация қилинишига норозиликмиди?

Даниил Кислов: Аслида унинг депортация қилиниши каби алоҳида ҳодисадан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги ҳар шахснинг маълумот олиш ҳуқуқининг бузилиши ва аҳволнинг ёмонлашиб бораётганига эътибор қаратишдир. Оврўпо ва ғарб давлатлари Ўзбекистонда шароит яхшиланишига ва мамлакатдан чиқариб юборилган журналистлар қайтарилишига умид қилишаётган бўлса ҳам, охирги вақтларда вазият баттарлашиб бораётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Охирги ой мобайнида икки журналистни мамлакатга киритмай, ҳеч қандай сабаб келтирмай чиқариб юборишди. Биринчиси шахсий сафар билан борган Би-би-си журналисти Наталья Антелава эди, иккинчиси мана Виктория Ивлева. Мамлакат ичкарисида давом этаётган журналистларга муттасил тазйиқлар у ердаги аҳвол яхшиланаётганидан эмас, ёмонлашаётганидан далолат бераяпти. Бу пикет, яна бир бор айтмоқчиман, норозилик чиқиши эмас, халқ дипломатияси акциясидир. Биз Ўзбекистон ҳукуматини очиқликка даъват қилмоқдамиз, ва ўзимиз ҳам унга очиқмиз, хайрихоҳмиз ва дўстона муносабатларни истаймиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Би-би-си: Бу чиқишингиз бирон натижа беради, дея умид қиласизми?

Даниил Кислов: Тўғрисини айтсам ҳеч қандай умид йўқ. Бу акция кўпроқ ўз қадри-қимматимиз ҳаққи ва виждонан қилинаётган амалдир.

Ўзбекистонни "Балиқлар мамлакати" деб атаган россиялик журналист Тошкент ҳаво қўналғасидан март ойи охирларида ортга қайтариб юборилганди.

Россиялик таниқли журналист ва сураткаш Виктория Ивлевага кўра, у ўзбек сураткашлари учун семинар ўтказиш ниятида Тошкентга келаётган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ