BBC navigation

Душанбе Тошкент билан зиддиятига Москвани ҳам тортмоқчими?

Сўнгги янгиланиш 4 апрел 2012 - 11:02 GMT

Роғун ГЭСининг қурилишидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги катта зарар кўриши кутилади

Тошкентда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов раислигида Миллий хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғини бўлиб ўтган. Баъзи ишончли манбаларга кўра, кенгашнинг навбатдан ташқари ўтказилган бу мажлиси Тожикистон билан кескинлашаётган алоқаларга бағишланган.

Кеча Тожикистон ўзининг Россиядаги элчихонаси интернет саҳифаси орқали Ўзбекистонни қаттиқ қораловчи кескин баёнотни тарқатган эди.

Баёнотда расмий Душанбе Тошкентни Тожикистонни иқтисодий ишғол ичида тутиб туришда айблаб, ўзбек томонининг тожик юк поездларини ушлаб туриш, ҳамда 1 апрелдан газ таъминотини узиб қўйишини тилга олади, шуниндек, ўртадаги мина далаларига Тошкент масъул эканини даъво қилади.

Икки мамлакат ўртасидаги муносабат Тожикистоннинг ўзбек қишлоқ хўжалигига салбий таъсир қилиши айтиладиган Роғун ГЭСини қуришда давом этиши билан изоҳланади.

Ҳўш, нима учун Душанбе бу баёнотни Москвада чиқарди? Би-би-си Россия бўйича таҳлилчи Александр Князев билан боғланиб, аввало Душанбе бу можарога Россияни тортмоқчими деб сўради.

Князев: Ҳа, менимча шундай. Чунки Россия, охирги 20 йил воқеаларига қарамай, минтақадаги энг қудратли ташқи ўйинчи бўлиб қолаяпти ва унинг дастаги Марказий Осиё давлатлари учун катта аҳамият касб этади. Ундан ташқари, Россия қайсидир даражада минтақадаги гидроэнергия лойиҳалари, хусусан Роғун лойиҳасига алоқадор. Айнан Роғун Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларидаги катта муаммодир. Шунинг учун, тожик ҳукумати бу баёнотни Россияда тарқатгани тасодифий ҳол эмас. У Россиянинг реакциясини уйғотишга қаратилган.

Би-би-си: Охирги вақтларда Тожикистон жамоатчилиги ва матбуотида Россия Ўзбекистон тарафини олаяпти деган қарашлар кучайган. Бу нақадар асосли? Россия ўзи кимнинг тарафида?

Князев: Менимча, айниқса 2000 йилда Роғун ГЭСи қурилиши борасида Тожикистон ва Россиянинг Русал ширкати орасида келишув бекор қилинганидан кейин, Россия бу масалада нейтрал мавқеъни эгаллаб келаяпти. Бундан сўнг бир қатор чиқишлар бўлган, масалан Президент Медведев гидроэнергия лойиҳалари учун бўлган тадқиқотлар зарурати ҳақида гапирган, шунингдек, Россиянинг Роғун қурилишида яна иштирок этиши эҳтимоли ҳақида сўз кетган, лекин буларнинг бари майда-чуйда деталлар. Аслида Россия мавқеи нейтрал. Бу лойиҳалар жуда мужмал. Шахсан мен бундай объектларга қаршиман. Мен Роғун ва Қирғизистондаги Қўнғирота ГЭСи лойиҳаларининг салбий иқтисодий томонларини асослаб илмий ишлар ёзганман. Россия бўйича эксперт сифатида, мен Россиянинг бу муаммоларга аралашмаётганидан мамнунман. Бу музлаб қолган масала деса бўлади. Мен Ўзбекистон тарафини тушунаман. Балки Ўзбекистон тарафи қўллаётган усуллар унчалик тўғримасдир, балки ўта қаттиққўлдир, масалан иқтисодий блокада ва ҳоказо. Лекин, Тожикистон Роғун қурилишини тўхтатмаяпти ва у зарур қонунларга бўйсунмасдан олиб борилаяпти, ва бу Ўзбекистон учун хавфлидир. Шунинг учун, мен ўзбек тарафини тушунаман.

Би-би-си: Сиз Россия нейтрал ва буни қўллаб-қувватлайман деяпсиз. Лекин, у бу масалани ечишда тожик ва ўзбек томонларига қандайдир ёрдам кўрсатиши мумкинми? Қандайдир конструктив роль ўйнай оладими Москва?

Князев: Менимча, бу муаммо ечимини Россиядан эмас, балки Душанбедан бошлаш керак. Душанбенинг Роғун қурилиши борасидаги ўжарлиги энг асосий муаммо. Россия дипломатик воситачи сифатида чиқиши мумкин. Чунки Россияга Тошкентда ҳам, Душанбеда ҳам қулоқ тутишади. Тошкентда, менимча, кўпроқ қулоқ тутишади. Душанбе эса хавфли ўйин олиб бораяпти - у қандайдир гижгижловчи лойиҳаларни ўйлаб топаяпти, масалан Афғонистон билан ўрнатиладиган газ қувури лойиҳаси. Бу лойиҳанинг мазмуни ноаниқ, чунки у мамлакат ҳали яна қанча вақт беқарор бўлиб қолиши ноаниқ. Тошкент билан конструктив мулоқотга киришнинг ўрнига Душанбе оёқ тираб туришда давом этаяпти. Роғун ГЭСидан олинадиган энергиянинг аксар қисми ўзи қаерга сарфланади ва у қанчалар иқтисодий жиҳатдан самарали бу ҳам ноаниқ. Душанбе барибир амалга ошиши шубҳа остида бўлган глобал экспортлар ҳақида унутиб, кичик ГЭСлар қурса мақсадга мувофиқ бўларди. Лекин Россия қанчалар воситачилик қилишни хоҳлайди, буни айтиш қийин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.