'Ўзбекистонда болалар ортиқ пахтага чиқарилмайди'ми?

Image caption Ўзбекистон расмийлари пахта далаларида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини рад этиб келишади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси маъқуллаган қўшимча чора-тадбирларга мувофиқ, ўқувчиларнинг мажбуран пахта йиғим-теримига жалб этишларига йўл қўймаслик учун жойларда мониторинг ўтказилади.

Расмий хабарлардан аён бўлишича, мониторинг натижаларига оид батафсил таҳлилий маълумот лозим таклифлар билан бирга ҳукуматга тақдим этилади.

Янги режага мувофиқ, таълим муассасалари раҳбарлари зиммасига ўқувчиларнинг бирорта ҳам дарс қолдирмасликларини таъминлаш учун бор чораларини ишга солиш масъулияти ҳам юкланади.

Ҳукумат қарорида айтилишича, ҳужжат Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон ратификация қилган конвенциялари ижросини таъминлаш, қонунчиликни яхшилаш, мажбурий болалар меҳнати ва болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишларига чек қўйиш учун қўшимча чора-тадбирлар кўриш мақсадида қабул қилинган.

Ўзбекистон ҳукумати йилларки пахта-йиғим теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланаётганликда халқаро танқидлар остида қолиб келади.

Аммо, сўнгги қарор манзарасида энг қизиғи шундаки, Ўзбекистон расмийлари бу каби ҳоллар амалда эканини доимо рад этиб келишган.

Лекин баъзида болалар кўнгилли равишда ота-оналарига ёрдам беришаётганини айтишган.

Ким нима дейди?

Ўзбекистон ҳукуматининг сўнгги қарори эса, мажбурий болалар меҳнати билан боғлиқ вазиятни яқиндан кузатиб келаётган маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан некбинлик билан қарши олинаётгани йўқ.

"Бундан тўрт йил бурун Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳам мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланмаслик, бунга амал қилмаганларга қарши чора кўришга оид қарор қабул қилганди. Минг афсуски, ўша қарор ҳам шу туришича қолиб кетди. Ана шу қарорнинг ижроси ва Ўзбекистон ҳукумати ўзи ратификация қилган халқаро қонунларни қанчайин менсимаганлигидан келиб чиққан ҳолда, бир инсон ҳуқуқлари фаоли, бир инсон сифатида навбатдаги чора-тадбирларга ишонмайман", дейди жиззахлик Бахтиёр Ҳамроев.

"Бизда энг катта фожеа шундан иборатки, ўша қабул қилинган қонунларни ҳаётга тадбиқ этиш механизми йўқ. Гап - мана шунда", дейди фаол:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бошқа томондан, фаолнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати ўзи хоҳламаган тақдирда ҳам, ўқувчи ва талабалар меҳнатисиз, етиштирган пахтасини ўзи териб ололмайди.

"Шўролар Иттифоқи даврида минглаб пахта териш машиналари бўларди. Агар пахтачиликка ихтисослашган биргина Жиззах вилояти мисолида оладиган бўлсак, борингки, 20 та пахта териш машинаси бор, холос. Қолганини қўлда теришга мажбур. Бундан келиб чиқадики, бизда қишлоқ хўжалик соҳаси бутунлай ислоҳ қилиниши керак. Ислоҳ қилинмас экан, бу масала ҳеч қачон ўз ечимини топмайди", дейди у.

Фаол, ўз ўрнида, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш учун давлатнинг бошқарув структураси ва қонунларни ислоҳ этишга тўғри келади, бу каби демократик жараёнларга йўл очса, Ўзбекистон ҳукуматининг ўзига қийин бўлади, ҳаммасини шундан тушуниб олаверинг, дейди у.

Унга кўра, буларнинг барчасидан келиб чиқиб, Ўзбекистондан мажбурий болалар меҳнатига бу яқин орада чек қўйилишига умид қилмаса ҳам бўлади.

Ўзбекистон

Ўзбекистон иқтисоди қишлоқ хўжалигига ихтисослашган. Экин майдонларининг катта қисмида пахта етиштирувчи республика уни экиб, йиғиб олгунча қўшимча ишчи кучига эҳтиёж сезади.

Ёғинли кунларгача очилган пахтани териб олиш учун деҳқонларнинг олдида 1 ой, узоғи билан 2 ой муддат бўлади.

Пахта толасини четга экспорт қилиш орқали мўмай даромад кўрувчи ҳукумат ушбу қимматбаҳо хом-ашёни сифатли равишда териб олиш учун бутун захирадан фойдаланишга ҳаракат қилади.

Ўзбекистон қонунларида вояга етмаган болаларнинг меҳнатидан фойдаланиш тақиқланган бўлса-да, ҳар йили ўртача 2 миллионга яқин мактаб ўқувчиларининг пахта йиғим-теримига мажбуран жалб қилиниши айтилади.

Кузатувчилар Шўролар давридан бери хунук анъанага айланган ушбу ноқонуний меҳнатдан фойдаланишни тўхтатиш учун ҳукумат етарли ҳаракат қилмаётганини айтишади.

Пахтанинг асосий қисми йилдан йилга фақат қўлда теришга ўтилаётганини ва уни йиғиб олишда техника такомиллаштирилмаётгани танқид қилинади.

Халқаро ташкилотлар бир неча йилдан бери Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш муаммолари ҳақида бонг уриб келмоқдалар.

Бунинг натижасида, жаҳоннинг 60 га яқин йирик ширкатлари ўзбек пахтасидан қилинган молларни бойкот қилиш ҳақидаги петицияга ҳам имзо чекканлар.

Ўзбекистон ҳукумати бир неча йил бурун болалар меҳнатига қарши икки муҳим конвенцияни ратификация қилган, аммо фуқаровий жамият фаолларига кўра, амалдаги вазият ўзгаришсиз қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ