BBC navigation

Ўзбек бош вазирининг тожик баёнотига жавоби нақадар асосли?

Сўнгги янгиланиш 5 апрел 2012 - 14:11 GMT

Ўзбекистон Тожикистонга 1 апрелдан газ таъминотини тўхтатиши ўзаро дипломатик зиддиятнинг яна авж олишига сабаб бўлмоқда

Тожикистон Ташқи Ишлар Вазирлигининг икки кун аввал Ўзбекистон уни иқтисодий қамал қилаётганини даъво қилиб Москвадаги элчихонаси веб саҳифасида чоп қилган баёнотидан сўнг Ўзбекистон бош вазири ўзининг тожик ҳамкасбига жавоб мактубини йўллаган.

Мактубда Шавкат Мирзиёев тожик томони айбловларига туртки берган қадамларни изоҳлаган ва улар мутлақо асосли экани айтилган.

Унда, жумладан, нима учун туркман газини Тожикистонга узатиш имкони йўқлиги, ўзбек газининг таъминоти тўхтатилиши сабаблари ҳам баён этилади.

Жаноб Мирзиёев мактубида кўтарилган нуқталар қанчалар асосли эканини билиш учун Би-би-си Москвадаги МДҲ Давлатлари Институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозинга мурожаат қилди.

Би-би-си: Аввало Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги газ таъминоти муаммосига тўхталсак. Тожикистоннинг баёнотида айтилишича, 5 январда Тожикистон 2012 йил давомида 200 миллион кубометр ўзбек газининг етказилиши борасида шартнома имзолаган, бироқ икки ойгина ўтиб ўзбек тарафи тўсатдан 1 апрелдан газни узиб қўйишини маълум қилган. Ўзбек бош вазири баёнотида эса бошқача маълумот, у "Узтрансгаз" ўз мажбуриятларини тўлалигича бажарганини айтади. Ҳўш кимга ишониш керак?

Грозин: Ҳозир ким ҳақиқатни гапираётганини айтиш қийин. Ўзаро келишилган шартнома ҳужжатларини ўқиб кўриш керак. Афтидан шартнома унчалик аниқ тузилмаган. Агарда аниқ тузилганида, ё ўзбек ё тожик тарафи унинг матнини рўкач қилган бўларди. Лекин буни биз кўрмаяпмиз. Бу дегани икки томон ҳам ўзи билганича ўз манфаати йўлида ўша шартномани талқин қилмоқда. Бу ерда мустақил томоннинг жуда эҳтиёткорона ҳуқуқий экспертизаси керак. Аксинча, бу шартнома ҳар икки томонга ўз "ҳақиқат"ини илгари суриш имконини бериб бораверади.

Би-би-си: Туркман газига келсак. Душанбе Ўзбекистонни туркман газини Тожикистонга ўтказмай келишда айблаяпти. Ўзбек бош вазири мактубида эса ўзбек ва туркман газ таъминоти тизими бир-биридан мустақил ҳолда амал қилгани учун, туркман гази транзити имконсиз дейилади. Бу борада кимга ишониш керак?

Грозин: Менимча, бу ерда ҳақиқат кўпроқ Ўзбекистон Бош Вазири Шавкат Мирзиёев томонида. Мен билишимча, ўзбек ва туркман газ қувурлари ўртасида ўтган икки-уч йил ичида ҳақиқатдан ҳам боғлиқлик бўлмаган. Лекин, бу билан Душанбе ва Ашҳобод келишган газ миқдорини техник жиҳатдан етказиб бериш имконсиз деб бўлмайди. Биринчидан, бунинг учун сиёсий ирода керак. Иккинчидан эса, бунга маълум техник жараёнлар ва маълум вақт керак. Агар Тошкент бу борада қарорга келганда эди, менга россиялик газ экспертларининг айтишларича, туркман гази транзити масаласини бир ой ё бир ярим ойда ҳал қилиш мумкин.

Би-би-си: Тожик томонини норози қилаётган яна бир жиҳат бу икки мамлакат ўртасидаги ҳудудларга кўмилган миналар масаласи. Жаноб Мирзиёев ўз мактубида бу миналар Тожикистонда 1992 ва 1996 йиллар орасида давом этган фуқаролар уруши туфайли кўмилганини айтади. Лекин, кўп фаразларга кўра, Ўзбекистон бу миналарни 1999 йилда Тошкентда юз берган портлашлар ортидан жойлаштирган. Демак, жаноб Мирзиёев ёлғон гапираяптими?

Грозин: Балки бош вазир етарли маълумотга эга эмасдир. 1999 йилда ким кўмган бу миналарни? Мудофаа вазирлиги кўмган. Адашмасам, у вақтда ўзбек мудофаа вазири жаноб Ғуломов эди. Ана ўша кишидан сўраш керак буни. Айнан унинг қўли остидагилар пиёда жангчиларга қарши миналарни жойлаштиришган, ва юмшоқ қилиб айтадиган бўлсак, вазифани анча чала-чулпа бажаришган. Бу миналар жойлашиши борасида хариталар тузилган деб ҳеч ким аниқлик билан айтолмайди. Бу ишларнинг кўпи палапартиш қилинган. Ҳатто расмий Тошкентда ҳам у ҳудудга қанча мина кўмилгани ва айнан қаерга кўмилгани, қанчалар зич кўмилгани борасида аниқ маълумот бўлмаса керак. У даврдан бери кўп йиллар ўтди. Мен миналар харитаси тузилганига шахсан шубҳа қиламан, лекин агарда шундай харита бўлган тақдирда ҳам, бу каби ҳужжатлар йўқотилган ва шунинг учун бугунга келиб миналар мавзуси катта муаммо бўлиб турибди.

Би-би-си: Ва яна бир катта муаммо бу албатта Тожикистоннинг Роғун ГЭСини қуриш режалари. Тожик тарафи ўз кескин баёнотида Роғунни тилга олган, лекин ўзбек бош вазири Роғунни ўз мактубидан умуман тушириб қолдирган. Нима учун?

Грозин: Ҳа. Шавкат Миромонович баёнотида Роғун ГЭСи ҳақида биронта ҳам сўз йўқ. Балки бу билан Тошкент бу ГЭСнинг қурилиши Ўзбекистон мавқеига таъсир қила оладиган ёки уни белгилаб берадиган омил эмаслигини айтмоқчидир. Лекин, аслида, албатта ҳамма нарса бунинг акси. Айнан шу ГЭСнинг қурилиши Тошкентнинг ғазабини қўзғаётган асосий омилдир. Ва унинг қурилишига қандай йўл билан бўлмасин тўсиқ қўйиш Тошкентнинг ҳар бир амали ортидаги сабаб бўлиб келаяпти. Бу нафақат ҳозир, балки бир йил аввал ҳам, ундан ҳам аввал бўлган. Роғунни техник жиҳатдан янгилаш, кейин эса россиялик ёки бошқа сармоядорларни қидириш жараёни бошланганда, ва айниқса Тожикистон ўз кучига таяниб минимал ишларни амалга оширишга уринганида, икки томон ўртасида шундай нодўстона муносабат авж олганди. Адолат бўлсин деб айтмоқчиманки, бу каби муносабатнинг авж олишида ҳар сафар Ўзбекистон ташаббускор бўлади.

Би-би-си: Сиз айтгандек, бу зиддият йилларки давом этиб келаяпти. Лекин охирги расмий баёнотлар жуда кескин тус олган. Нима учун айнан ҳозир бу кескинлашув юз бераяпти ва бу вазият нақадар жиддий?

Грозин: Менимча, Ўзбекистон Роғун муаммосини ҳал қилишга бел боғлаган. Яъни у Душанбедан Имомали Раҳмон истаётган параметрларда Роғуннинг қурилмаслиги борасида кафолатни ундириб олмоқчи. Ўзбекистон тарафи учун ўзи аслида бу ГЭС лойиҳаси умуман бўлмаса яхшироқ бўларди. Лекин, афтидан Ўзбекистон унчалик узоқ келажакка кўз тикмаяпти. У истайдиган нарса, авваламбор, Роғундаги қурилиш жараёнининг кескин камайтирилиши. Ва яна бир сабаби, бу афтидан Роғун қурилиши борасида йил охирроғида ўтадиган халқаро экспертиза қарори олдидан қилинаётган пиар тайёргарлик. Яъни Ўзбекистон келажакда қандай жавоб бериши мумкинлигидан ишора бериб қўймоқчи. Тошкентнинг асосий нишони албатта Душанбе, лекин Тошкент бу амаллари билан нафақат Душанбега ишора бераяпти, балки бу лойиҳага аралашган барча халқаро ўйинчиларга ўзи нималарга қодир эканини кўрсатиб қўяяпти.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.