'Қурбонлар жасадларини қайтаришга тўлиқ ёрдам берамиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Омборхонада чиққан ёнғин унга тақаб ўрнатилган металл контейнерларга ҳам ўтган ва у ерда ухлаб ётган йигирмага яқин муҳожирнинг ҳаётига зомин бўлганди

Россиядаги Ўзбекистон элчихонасининг билдиришича, Москванинг Качалово бозорида юз берган ёнғинда қурбон бўлган фуқаролари жасадларини ортга қайтаришда ҳар томонлама кўмак кўрсатишади.

Качалово бозорининг омборхонасига шу ҳафта сешанба куни эрта тонгда ўт кетган ва жаъми 17 меҳнат муҳожирининг қурбон бўлгани айтилганди.

Россиядан олинган сўнгги хабарларга кўра, шу пайтгача улардан 11 нафарининг шахси аниқланган.

Қурбонларнинг ўн нафари ўзбекистонлик, яна бирининг Тожикистондан экани тахмин этилмоқда.

Қолган жасадларнинг шахсларини аниқлаш ишлари давом этмоқда.

Бу ҳақда Россиянинг Интерфакс ахборот агентлиги маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб хабар берган.

Манбага кўра, ёнғинда нобуд бўлган ўзбекистонликларнинг тўрт нафари ака-ука бўлишлари ҳам мумкин.

"Улардан энг кичиги 20-21 ёшларда, каттаси эса 39 ёшда бўлиши мумкин", деб айтган у.

Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги хабарлар ортидан яна Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан боғланди.

Элчилик вакили қурбонлар яқинларининг сўзларига таяниб, улардан тўрт нафари Ўзбекистон фуқаролари, деган маълумотга эга эканликларини айтди.

Унга кўра, қолган олти нафар қурбонни Ўзбекистон фуқароси, деб тахмин этишмоқда.

Москвада жойлашган "Муҳожирлик ва Қонун" маркази вакиласи ҳам Би-би-сига қурбонларнинг шахслари оид расмий рўйхатдан бехабар эканликларини билдирди.

Марказга кўра, Россия Федерал Миграция хизмати матбуот идораси кеча ўзларига якуний рўйхат ҳақида гапиришга ҳозирча эрта эканини айтган.

Ёнғин сабаби борасида ҳалиям аниқ бир тўхтамга келинмаган.

Юз берган ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 3-банди, 219-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Ушбу модда, "Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш"ни кўзда тутади.

Ёнғин ортидан ушбу омборхонани ижрага олган икки ширкат раҳбари ҳам ҳибсга олинган ва улар сўроқ қилинишмоқда.

Жиноий иш доирасида ҳали ҳеч кимга расман бирор бир айблов қўйилмаган.

Россия Тергов Қўмитаси Качалово бозори ёпилсин, демоқда.

Аммо мамлакат Бош прокуратурасидан фарқли тарзда, қўмита бундай талаб билан чиқиш ваколатига эга эмас.

Россия Бош прокуратураси эса, пойтахт Москвадаги барча бозорларнинг ёнғин хавфсизлиги бўйича текширувдан ўтказилишини талаб қилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ