Таниқли инсон ҳақлари фаоли Елена Урлаева яна руҳий шифохонага ётқизилган

Image caption Елена Урлаевани 2000 йилда ўз ихтиёрига қарши равишда руҳий шифохонага ётқизишган

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева Тошкентдаги руҳий шифохонага ётқизилган.

Бу ҳақда унинг яқинлари маълум қилганлар.

Ўғли Дениснинг Би-би-сига айтишича, 5 апрел куни Тошкентдаги хонадонида Елена Урлаева яқинлари билан ўзини ёмон тутгани натижасида "Тез тиббий ёрдам" чақиришга мажбур бўлганлар.

Шундан кейин инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Тошкентдаги руҳий хасталиклар шифохонасига ётқизилган.

Ўғлининг сўзларига кўра, шифокорлар Елена Урлаеванинг руҳий саломатлигини кўрикдан ўтказишаяпти.

Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари қўпол поймол этилиши ҳолларини ўрганиб келадиган 52 ёшли Елена Урлаева Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан таъқиб этиб келинади, уни 2000 йилда мажбуран руҳий шифохонага ётқизишган.

Тошкент маҳкамаси инсон ҳуқуқлари ҳимоячисини мажбурий даволаш ҳақида қарор чиқарган, лекин шифохонадан чиққанидан кейин Елена Урлаева ўзининг руҳий саломатлигини Москвадаги мутахассислар ҳайъати кўригидан ўтказган ва 2003 йилда москвалик мутахассислар уни руҳий соғлом деб топганлар.

Ҳамкасблари Елена Урлаеванинг шифохонага ётқизилиши тафсилотлари ва унинг саломатлигини ўрганишга ҳаракат қилаётганларини айтганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ