Америкада ўзбек маҳкумини озод этиш бўйича кампания бошланди

Ўзбекистонда "Нурчилар" диний оқимига мансубликда айбланиб, саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган 32 ёшли Абдулазиз Дадахоновнинг америкалик тутинган оиласи уни озод қилиш учун кампания бошлаган.

Абдулазиз Дадахоновни озод қилиш кампанияси веб-сайти

Талаба Абдулазизни бундан ўн йил аввал бағрига олган оила соҳибаси, собиқ ҳаво ширкати ходимаси Жюди Скартведт АҚШ Давлат департаменти ва конгресс аъзолари билан ўзининг собиқ тутинган ўғлини озод қилиш ниятида қатор учрашувлар ўтказмоқда.

Тошкент шаҳар маҳкамаси 2009 йил февралида Абдулазиз Дадахонов дохил "Ирмоқ" журнали ва "Етти иқлим" газетасининг 5 нафар ходимини "Нурчилар" диний оқими ғояларини тарғиб этишда айблаб, 8 йилдан 12 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазоси тайинлаган эди.

Би-би-си Скартведт хоним билан боғланиб, аввалига ундан Абдулазиз ҳақида ҳикоя қилиб беришини сўради.

Жюди Скартвердт: Абдулазиз жуда ҳам ёқимли, меҳрибон ва одобли йигит эди. У бизнинг уйимизга 11 сентябрь ҳужумларидан кейин келганди. Абдулазиз ўша куни юз берган ҳужумлардан жуда ҳам ғамгин эди. Ўшандан кейин у дарҳол Брижпортдаги Кингс Пантри насроний хайрия ташкилоти билан ҳамкорлик қила бошлади. У черков ва синагогларга бориб, Ислом дини ҳақида ва 11 сентябрь ҳужумлари мусулмонларга борасидаги тасаввурнинг қанчалар нотўғри экани ҳақида маърузалар қила бошлади. У Қўшма Штатларда бўлган даврини тўлалигича мана шу фаолиятга бағишлади. Ҳозирда турли черковлардан одамлар келиб, "уни ҳалиям озодликка чиқаришмадими?" деб сўрашаяпти. Чунки у Кентуки минтақасида турли хил дин вакиллари билан илиқ алоқаларни ўрнатган эди.

Би-би-си: Ўзбекистонда Абдулазизга ўхшаган юзлаб йигитлар ўз диний қарашлари ёда ҳукуматникидан ўзгача мустақил фикрлари учун қамоқхоналарда ётишибди. Сизнингча, Абдулазиз Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан танқидий фикрга эга эдими?

Image caption Жюди Скартвердт тутинган ўғли Абдулазизни озодликка чиқариш бўйича кенг кўламли кампания бошлаганини айтади

Жюди Скартвердт: Мен сиз берган савол ҳақида авваллари ҳам ўйлаб кўрганман. Аммо Қўшма Штатлардаги чоғида у Ўзбекистон ватанпарвари эди. У дунёнинг энг гўзал мамлакатида улғайганман, деб ўйларди. Оғзидан Ўзбекистон тушмасди. Шундан келиб чиқадиган бўлсам, йўқ, у Ўзбекистондаги вазият масаласида қандайдир сиёсий қарашга эга эмасди. Абдулазиз Фаирфилд университетида бир йил таҳсил олгач, Кенгс Пантри хайрия ташкилотининг молия бўлимида ишлай бошлади. У 26 та черковни ўзига жамлаган ушбу ташкилотнинг энг севимли ходимларидан бирига айланганди. Абдулазиз динлараро мулоқот анжуманларини ташкил этиш, динлараро иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни кучайтириш ишларида фаол иштирок этарди. У Ўзбекистонга қайтгач, ўз риштаси бўлган бизнес соҳасида эмас, балки жамоат ишларида фаолроқ бўлишга ҳаракат қилишини айтганди. У айниқса бепул китобхоналар очиш ва инглиз тилидан сабоқ беришни орзу қиларди. Хуллас, у бизнес одамидан жамоатчилик фаолига айланишга қарор қилганди. Дунё қарашидаги бу ўзгариш Ўзбекистонда унинг дарров кўзга ташланиб қолишига олиб келган бўлиши мумкин деб тахмин қиламан. Афтидан бундай фаоллик Ўзбекистонда хуш қарши олинмаган.

Би-би-си: Абдулазиз тўрт йил муқаддам Ўзбекистонда "Нурчилар" диний оқими фаоли бўлишда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган. Сиз уни қамоқдан озод қилиш кампаниясини бошлагансиз. Ҳозиргача нималарга эришдингиз?

Жюди Скартвердт: Биз уни ҳалиям ўз оиламиз аъзоси сифатида кўрамиз. Уни яхши кўрамиз. Абдулазиз ўз мамлакати ва дунёга шунчалар кўп яхши ишларни қилишга қодир экан унинг Ўзбекистон қамоқхонасида ўтиришига ҳеч чидай олмайман. Мен у қамоққа олингандан буён Тошкентдаги Америка элчихонаси билан алоқадаман. Улар ўз ёрдамларини мендан аяшмаяпти. Абдулазиз иши элчихона вакиллари учун энг муҳим ишлардан бирига айланган. Аммо элчихона ходимларига у билан учрашиш изни ҳозиргача берилмади. Ўтган ҳафтадан буён мен Америка сенати вакиллари билан учрашишга ҳаракат қилаяпман. Бундан ташқари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Хюман Райтс Уотч ташкилоти вакиллари билан учрашувлар ўтказаяпман. Ҳозирда сенаторларнинг Президент Каримовга мактуб йўллаб, Абдулазизни озод этишларини сўрашларига умид қилиб турибман.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас