'Шўринг қурғур Британиянинг куни Каримовга қолди'

Афғонистондан минглаб тонна ҳарбий жиҳозларни уйга қайтариш зарурлиги боис Британия дунёнинг энг шафқатсиз диктаторларидан бири билан савдолашмоқда, деб ёзади Лондонда чоп этиладиган "Индепендент" рўзномаси.

"Мамлакати 2014 йилда Британия қўшинларини олиб чиқишдаги энг қулай йўл экани аёнлашгач, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Британияни чорасиз аҳволга солиб қўйганини юқори лавозимдаги расмийлар тан олдилар", деб ёзади "Индепендент" рўзномаси 'Нопок келишув: Британиянинг куни Ўзбек диктаторига қолди' деб номланган мақолада.

Британия ва Қўшма Штатлар сўнгги ойларда Каримов режими билан дипломатик мулоқотларни кучайтирган ва таъминот йўлларини гаплашиш учун феврал ойида Британия Мудофаа вазири Филипп Хаммонд Ўзбекистон пойтахти Тошкентга ташриф буюрган.

"The Independent on Sunday"нинг тушунишича, яқин ойларда икки мамлакат етакчи ҳарбий расмийларининг "ўзаро алмашув ташрифлари бўлиб ўтади".

"Ташвиқот гуруҳлари ҳукуматнинг ушбу амалларини қораладилар - булар Девид Камероннинг инсон ҳуқуқларига содиқлиги ҳақидаги ваъдаларига зид амаллардир - ва ҳукуматни қийноқлар, диний таъқиблар ва мажбурий болалар меҳнатида айбланган киши билан "оғиз-бурун ўпишмасликка" чақирганлар. Режим ўз фуқароларини ўлдирганликда ҳам айбланади, булардан энг таниқлиси ҳукумат кучлари 2005 йилда аксари қуролсиз бўлган юзлаб норози намойишчиларни ўлдирган Андижон қатлиомидир", деб ёзади "Индепендент".

"Бош вазирнинг жаноб Каримов билан ҳамкорлиги қимматга тушиши мумкин", деб ёзади рўзнома.

"Индепендент"га кўра, Британия Бош вазири Девид Камероннинг Ўзбекистонга сафар қилиши ва Ўзбек лидерини давлат ташрифи билан Британияга келишини расмий Тошкент талаб қилган.

Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Маррейнинг даъво қилишича, жаноб Каримов қизи Гулнора Каримованинг Лондондаги Ўзбекистон элчиси этиб тайинлашни ҳам истаган. 39 ёшли Каримова хоним WikiLeaks ошкор қилган АҚШ дипломатларининг махфий ёзишмаларида "мамлакатдаги энг ёмон кўриладиган шахс", "пул ва қудратга чанқоғи қонмайдиган даражада ташна", дея таърифланган, деб ёзади Британ рўзномаси.

"Мўрт, беқарор, бир кун келиб қулайдиган ё портлайдиган дунёнинг энг репрессив режими билан оғиз-бурун ўпишиш Британиянинг манфаатида эмас", деб айтган Human Rights Watch гуруҳининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлоу.

"Мамлакатини 22 йил бошқарувининг аксарида жаноб Каримов халқаро ҳамжамият томонидан яккалаб қўйилган. Аммо Покистон билан алоқаларнинг ёмонлашиб бораётгани НАТО қурол-яроғлари ва зирҳли техникасини ортга қайтаришда Ўзбекистонни энг яхши вариантга айлантириши мумкин деган хавотирлар ортмоқда", деб ёзади "Индепендент".

Рўзнома НАТОга аъзо мамлакатлар жаноб Каримовга нисбатан жорий этилган чекловларни олиб ташлашни бошлагани ва музокараларни бошлаганлари ҳақида ёзади, булар эса президент мавқеини мустаҳкамлаётгани ва унинг оиласини бойитаётгани ҳақида танқидларга сабаб бўлганини айтади.

"Индепендент"га кўра, Ўзбекистон Британиядан маблағ олади, бу маблағлар ўзбекистонлик зобитларни Британияда ҳарбий тайёргарликдан ўтказишга ҳам сарфланиши хабар қилинади.

"Афтидан Каримов бизни чорасиз қолдирган. Агар ўзбеклар йўқ дейишса, бошқа муқобиллар ҳам бор. Аммо бу янада қийинроқ бўлади... Шунинг учун уларни эътиборда сақлаб турган маъқул", деб айтган Британ вазири "Индепендент" рўзномасига.

Айни пайтда Олмония матбуотида Ўзбекистон президенти Олмония канцлери Ангела Меркел билан учрашишга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги мақолалар ҳам эълон қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ