Туркия: Ўзбекистонлик икки қочқин депортация қилиниши мумкин

Истанбул Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Истанбулда минглаб ўзбекистонлик қочқин ва меҳнат муҳожирлари яшаши айтилади

Туркиялик инсон ҳақлари фаоллари ўзбекистонлик икки бошпана изловчининг ватанларига қайтариб юборилиши мумкинлигидан хавотир изҳор этганлар.

Уларнинг ишонишларича, Муҳаммадали Абдураҳмонов ва унинг аёли Фотима Абдураззоқова Тошкентга депортация қилинса, ўлим хавфига юз тутишлари мумкин.

Бироқ, Туркия истиҳборот идораларига кўра, олти ой муқаддам бошпана излаб, Туркияга келган мазкур икки шахс ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан террорчилик амалларини содир этишга уринишда гумон қилинмоқда.

Би-би-си хабар тафсилотини билиш мақсадида ҳозирда Истанбул шаҳрида ҳибсда сақланаётган Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Фотима Абрураззоқоваларнинг адвокати Селжук Карга боғланди.

Селжук Кар: Улар Ўзбекистон фуқароларидир. Ватанларида кўрган зулмдан қочиб, олти ойча аввал бошпана излаб Туркияга келишган.

Би-би-си: Туркияда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бошпана изловчи мақомини олишганми?

Селжук Кар: Аввалига Туркия Ички ишлар вазирлиги уларга Чанқири минтақасида яшаш изнини берган. Аммо кейинчалик улардан Туркияда яшаш изнини берувчи ҳужжат олиб қўйилган. Билишимча, уларга қарши Ўзбекистондан истиҳборот маълумоти келгач, уларга берилган яшаш изни бекор қилинган. Ана шундан кейин биз иш жараёнига аралашдик. Илк навбатда Ички ишлар вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотига мурожаат қилдик. Бу мурожаатимизни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қочқинлар Агентлигини қабул қилиб олган. Аммо кейинчалик Туркия Ички ишлар вазирлиги, бизнинг барча ёзишмаларимизга қарамасдан, яшаш рухсатномасини қайтариб бермади ва уларни мамлакатдан чиқариб юбориш қарорини олди. Биз мазкур қарорга қарши маҳкамада даъво ишини очдик. Муҳаммадали Абдураҳмонов ва унинг аёли Фотима Абдураззоқованинг депортациясини бекор қилишни талаб қилдик. Аввалига Ички ишлар вазирлиги депортация жараёнини тўхтатиб туришга қарор қилди, аммо кейинчалик олинган истиҳборот маълумотига таяниб, мазкур қарорни такроран бекор қилди. Биз мазкур қарорга шикоят аризаси йўлладик ва бу ариза ҳамон кўриб чиқилмоқда. Лекин, шунга қарамасдан, Туркия Ички ишлар вазирлиги Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Фотима Абдураззоқовани мамлакатдан чиқариб юборишга уринмоқда.

Би-би-си: Истиҳборот маълумотига кўра, Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Фотима Абдураззоқова қандай жиноят содир этишган?

Селжук Кар: Истиҳборот маълумотига кўра, улар гўё Америка учоғидан тушган бомбани Афғонистон чегарасига яқин жойдан бошқа жойга олиб кетаётган маҳалда қўлга тушганлар. Менимча, истиҳборот маълумоти Америка Разведка Бошқармасидан олинган бўлиши мумкин.

Би-би-си:Туркия 1999 йилда Тошкентда юз берган портлашларга алоқадорликда гумон қилинган Зайниддин Асқаровни Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идораларига топширган эди. Икки йил аввал қамоқхонадан Зайниддин Асқаровнинг ўлиги чиқди. Туркия икки ўзбек фуқароси ватанларига депортация қилинса, айнан шу ҳолат такрорланиши мумкинлигини истисно этмайдими?

Селжук Кар: Туркия буни билади. Туркия бундай бўлиши мумкинлигини Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Фотима Абдураззоқова ишида маълум қилган. Ўзбекистонга топширилса, улар ўлдирилиши мумкинлигини Туркия айтаяпти. Шунинг учун бўлса керак, Туркия уларни Гуржистонга депортация қилди, аммо Гуржистон уларни қабул қилмади ва яна ортга жўнатди. Ўзбекистонлик бошпана изловчилар ҳозир ҳибсда. Менинг билишимча, бу шахсларни чиқариб юбориш учун учинчи мамлакат изланмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ