Бухоро вилоятида маош беришнинг янгича усули ўйлаб топилди

Жўжалар Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Маош ўрнига жўжа бериш Бухоро вилоятининг барча туманларида йўлга қўйилгани айтилади

Бухоро вилоятида давлат бюджетидан маош оладиганлар билан ҳисоб-китоб қилишнинг янгича усули жорий этилгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Унга биноан ўқитувчи ва шифокорларга маошларининг бир қисми ўрнига жўжалар тарқатилади.

Бу борада вилоятнинг Вобкент тумани анча фаоллик кўрсатмоқда.

Шу кунгача туманда 19 мингдан ортиқ жўжа сотилган бўлса, шунинг 4,5 мингтаси муҳтож оилаларга текинга берилган.

Ҳокимлик янгича ойлик тўлаш услуби ихтиёрий равишда амалга оширилаётганини айтмоқда, аммо кўп қаватли уйларда турувчи ўқитувчилар ҳам жўжа сотиб олишга мажбур бўлаётгани аниқланган.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган Вобкент туманидаги мактабларнинг бирида лаборант бўлиб ишловчи ходима кўп қаватли уйда турувчи ва мактабда ишловчи яқин қариндоши товуқ боқишга шароити йўқлигидан жўжаларни ҳовли уйга олиб келиб ташлаганини айтади.

"Қайнопамизнинг шароити йўқ бўлгани учун бизларникига олиб келди. У киши домда яшайди. Домда яшаса ҳам мактабдан берилган. Нима сабабдан олишга мажбур бўлганини билмайман", - дейди вобкентлик мактаб ходимаси.

Би-би-си қўнғироқ қилган тумандаги бошқа мактаб ходимлари ҳам ҳокимият томонидан жўжа берилганини ва оммавий равишда маош ҳисобига 5 ва 10 тадан сотиб олинганини тасдиқлашди.

Ойлиги кўпроқ бўлган ўқитувчилар 10 тадан жўжа олган бўлса, камроқ маош олувчи лаборантларга 5 тадан жўжа берилган.

Аммо ҳокимият вакиллари жўжалар ихтиёрий равишда тарқатилаётгани ва бу масалада ҳеч ким мажбурланмаётганини айтишади.

Вобкент туман ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Маҳмуд Ҳалимовнинг Би-би-сига айтишича, Сербиядан тухум ҳолида олиб келиниб, Бухорода очирилаётган жўжанинг баҳоси 5500 сўм ва тумандаги истаган одам уни сотиб олиши мумкин.

Шу пайтгача 20 мингга яқин жўжа сотилган.

Ҳоким ўринбосарининг айтишича, ушбу тадбирдан ҳокимият фойда кўрмайди.

"Бизларга бир тийинлик фойдаси йўқ. Мақсад аҳолини тухум билан таъминлаш. Бу жўжалар бир ярим ойдан кейин тухумга киради. Агар битта товуқ бир ойда ўртача 20 та тухум берса, товуқларнинг 7-8 таси муқим тухум қўйса, ўшанинг ўзи 45-50 минг сўм бўлади. Жўжаларнинг нархи бир ойда чиқиб кетади. Ҳозир баъзи хонадонлар 1-2 ой умуман тухум кўрмайди. Ҳам фарзанди, ҳам ўзига фойда. Оиласи учун иқтисодий манфаат бўлади", - дейди Маҳмуд Ҳалимов.

Ҳоким ўринбосарига кўра, ушбу тадбир Вазирлар маҳкамасининг кўрсатмаси асосида бутун Бухоро вилоятида амалга оширилмоқда.

Жўжа сотиш бошланган кезларда аҳоли ўртасида ишончсизлик бўлган, одамлар жўжалар ёш ва тез нобуд бўлишидан қўрқишган.

Аммо турли касалликларга қарши эмланган кейин ҳозир талаб ортган ва яна 40 минг жўжага буюртма келиб тушган.

Бу мавзуда батафсилроқ