Ўзбекистон аёлларни стерилизациялаш махфий дастурига эга

Би-би-си Жаҳон хизмати Ўзбекистон ҳукумати махфий тарзда аёлларни бичиш дастурини ўтказаётганидан хабардор бўлган. Хотин-қизлар аксарият ҳолатларда бу жарроҳлик амалиётидан огоҳлантирилмаганлар ва ё улардан розилик сўралмаган. Мақсад мамлакатнинг тобора ўсиб бораётган аҳолисини назорат остига олишдир.

Адолат гўзал аёл, сокин сўзлайди ва бошидан кечирганларини ўзи учун шармандали ҳол деб билади.

Адолат бу кўргуликда ўзининг айби йўқлигини жуда яхши билади, аммо барибир бўйнида бир гуноҳ қолгандай ҳис қилади...

Ўзбекистонда кўп болали оилага эга бўлиш маданият ва анъананинг ажралмас қисмидир.

Катта оила ҳам обрў ва ҳам муваффақият рамзи саналади.

Бу аёл ўзини омадсиз деб билади.

"Мен кимман энди”, деб савол қилади Адолат ва қизчасининг сочларини силайди.

Шу қизи туғилганидан кейин унинг ҳаёти ўзгарди.

"Мен доим фарзандларим тўртта бўлади деб ўйлаганман, икки ўғил ва икки қиз, аммо иккинчи қизимдан кейин мен бошқа ҳомиладор бўлмадим”, дейди у.

Махфий стерилизация дастури

У шифокор ҳузурига боргач, иккинчи қизини Кесарево амалиёти билан туққанидан кейин стерилизация қилинганини билиб қолади.

"Мен даҳшатга тушдим! Нимага деб йиғладим, шифокор эса бу Ўзбекистондаги қонун эканини айтарди”, дейди Адолат.

Аммо расман бичиш ва ё стерилизация Ўзбекистонда қонун эмас.

Аммо Би-би-си қўлга киритган далил ва гувоҳликларда Ўзбекистон мулозимлари ўтган икки йил давомида аёлларни уларнинг иродаси ва розилигига қарши бичиш дастурини ўтказаётганларидан дарак беради.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбага кўра, бу махфий стерилизация дастуридан мақсад Ўзбекистон аҳоли ўсиш даражасини назорат остига олишдир.

Ўзбекистон хорижий журналистларни хушламайди.

Мени шу йил Феврал ойи охирида мамлакатдан чиқариб юборишди.

Мен Адолат ва бошқа кўплаб ўзбекистонлик аёлларни қўшни Қозоғистонда учратдим. Айни махфий дастур ҳақида телефон, электрон почта ва

мамлакатга сафар қилганлар билан суҳбатлар чоғи маълумотлар тўпладим.

Мен суҳбатлашган бирор бир аёл ўз номини ошкор қилишни истамади.

Улар Ўзбекистоннинг турфа минтақаларида яшашар ва бу аёлларнинг кўрсатмалари шифокорлар ҳамда тиббий ходимларнинг айни масалада айтганларига уйғун эди.

Шифокорлар учун ойлик квоталар

Image caption Ғайриихтиёрий стерилизация қурбони бўлган аёллар ҳам ўз исми-шарифлари ошкор этилишидан қўрқадилар.

"Ҳар йили бизга бир режа беришади. Ҳар бир шифокорга қанча аёл ҳомиладорликдан сақлайдиган воситалар билан таъминланиши кераклиги ва яна қанчаси бичилиши шартлиги айтилади”, дейди Тошкентдаги гинекологлардан бири.

Мен суҳбатлашган барча шифокорлар каби у ҳам ўз номини ошкор қилишни истамади.

Ўзбекистонда хорижий журналист билан суҳбатлашиш учун қамоққа ташланишингиз мумкин.

Бу мамлакатда қийноқ қўлланилиши нормал ҳолат саналади.

"Менга ҳам квота берилганди. Ойига тўрт аёлни стерилизация қилишим керак эди”, дейди у.

Яна тиббиёт соҳасида ишлайдиган бошқа икки манбамга кўра, Ўзбекистоннинг қишлоқ минтақаларида вазият жуда абгор.

Шифокорлар босим остида қолишган.

Бир гинеколог ойида саккиз нафаргача хотин–қизни бепушт қилиши керак.

Жиззахлик уч фарзанднинг онаси бўлган бир аёл ҳар ой унинг уйига маҳаллий ҳамшира камида икки марта, баъзида бундан кўпроқ келиши ва уни стерилизация қилишга ундашини айтади.

Ҳамшира ҳозир стерилизация бепул экани, кейинроқ пуллик бўлишини айтиб унга босим кўрсатар экан.

Баҳора исмли бошқа бир аёл ўғил кўрганидан кейин ойларча қон кетиб юргани, қаттиқ оғриқ остида бўлганини айтади.

Кейинроқ текширувлар натижасида унинг бачадони олиб ташлангани маълум бўлади.

"Улар менга икки нафар болангиз бор экану, яна нима керак сизга дейишди", деб ҳикоя қилади бу аёл.

Би-би-си бу каби ҳикоя ва кўрсатмаларни Фарғона водийси, Бухоро вилояти ва Тошкент яқинидаги икки қишлоқдан ҳам олди.

Шифокорларнинг ишонишича, стерилизация дастури Ўзбекистон ҳукуматининг аҳоли ўсишини назорат остига олиш режаси билан боғлиқ.

Аҳоли сонини назорат қилиш

2010 йилда Эксперт Ишчи Гуруҳи етти ой мобайнида тиббиёт профессионаллари ўртасида сўров ўтказган ва ўшанда 80000 стерилизация ҳолатининг далилини қўлга киритган.

Стерилизация ҳақидаги илк маълумотлар 2005 йилда пайдо бўлган, ўшанда Гулбаҳор Тўраева ўзи ишлайдиган Андижон шаҳри шифохонасининг ўликхонасига ёш, соғлом аёлнинг бачадони келтирилганини қайд этган.

200 аёлнинг ўз бачадонидан айрилганининг далил-исботини қўлга киритган Гулбаҳор Тўраева раҳбарларидан изоҳ талаб қилади. Аксинча, унинг ўзини ишдан ҳайдаб юборадилар.

2007 йилда Тўраева хоним мамлакатга мухолифат адабиётини контрабанда йўли билан олиб киришда айбланиб маҳкамага тортилади. Бошқа кўплаб инсонлар сингари Гулбаҳор Тўраева ҳам аёлларни бичиш ҳолатлари ҳақида интервью беришдан бош тортди, у ўзининг ва фарзандларининг келажагидан қўрқишини айтди.

2007 йилда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ҳам Ўзбекистонда аёлларнинг ўз ихтиёрларига қарши стерилизация қилинганлари ва бачадонлари боғлаб қўйилганлари ҳақида хабар қилган ва шундан сўнг мамлакатдаги мажбурий стерилизациялар сони камайгандек кўринган.

Ўшандан кейин ҳам Ўзбекистон мамлакат аҳолисининг сони ошиб бораётганидан хавотирланиб келади, расман 2012 йил охирига бориб ўзбекистонликларнинг сони 30 миллионга етиши хабар қилинган.

Image caption Шаҳар шифокорлари қишлоқ аёлларини стерилизация қилиш учун сафарбар этилганлар

Аммо айрим демографлар кўп сондаги одамларнинг мамлакатдан ташқарида эканини ҳисобга олиб бу рақамни шубҳа остига оладилар.

Ўзбекистонда энг охирги аҳолини рўйхатга олиш 1989 йилда ўтказилган, ўшанда аҳоли 24 миллионни ташкил этган.

Лекин тиббиёт манбалари 2009 ва 2010 йилларда яна Ўзбек ҳукумати тиббиёт муассасаларига ихтиёрий жарроҳлик контрацепция амалиётини ўтказиш жиҳозларини ўрнатишга буйруқ берган, бу, афтидан, аҳоли сони яна кўпайгани аломати бўлган.

"Қоғозда стерилизация ихтиёрий бўлиши керак, деб ёзилган, амалда эса аёл кишида танлов имконияти йўқ", дейди ўзининг исми-шарифини ошкор этилишини истамаган вилоят шифохоналаридан бирининг етакчи шифокори.

2009 йилда пойтахт докторлари қишлоқ жойларидаги стерилизация хизматларини кучайтириш мақсадида вилоятларга юборилганлар.

"Аёлларга, айниқса, камбағал аёлларга ўзингнинг гапингни ўтказиш осон. "Яна бола кўриш сизнинг соғлиғингга зарар, шунинг учун сиз учун энг яхши йўл стерилизация", деб айтиш мумкин. Ёки бу гапларни айтиб ўтирмасдан ҳам жарроҳлик амалиётини қилиб юборишинг мумкин", дейди шифокор.

Мен суҳбатлашган бир неча докторнинг айтишича, охирги 2 йилда Кесарево операцияларининг сони бутун мамлакат бўйлаб роса кўпайган, бу эса ўзбекистонлик хотин-қизларнинг 6,8 фоизи Кесарево амалиёти билан фарзанд кўргани ҳақидаги рақамни шубҳа остига қўяди.

"Қачон Кесарево амалиётини қўллаш лозимлиги борасидаги талаблар жуда қаттиқ, аммо мен аёлларнинг 80 фоизи ана шу йўлда фарзандли бўлаётганларига ишонаман. Бу нарса стерилизация амалиётини бажариш ва бачадон йўлини тугишни осонлаштиради", дейди Тошкент яқинидаги шифохоналардан бирининг етакчи жаррроҳи.

Халқаро муносабатлар

Image caption Президент Ислом Каримов 2012 йилни Ўзбекистонда "Мустаҳкам оила йили" деб эълон қилган.

Қатор докторлар ва профессионал медикларнинг айтишларича, мажбурий стерилизация фақат аҳоли сонини назоратда ушлаб туриш мақсадинигина кўзламайди, бу оналар ва болалар ўлимини ҳам камайтириш йўли ҳамдир.

"Бу оддий формула - аёллар қанча кам туғса, улар орасида ўлим ҳам кам бўлади", дейди бошқа бир жарроҳ.

Бу нарса Ўзбекистонга халқаро ташкилотларнинг рўйхатларида юқори ўринда туриш учун керак, дейди у.

"Ўзбекистон учун фақат рақаму-халқаро ўринлар муҳимга ўхшайди. Менинг фикримча эса, бу ҳақиқатга эмас, қандайдир ҳисоботга таянишга муҳтож диктатуралар учун типик ҳолат", дейди Human Rights Watch вакили Стив Свердлоу.

Стив Свердлоунинг ишонишича, ташқи давлатлар кўп нарсага қодирлар. Яқин-яқингача ҳам Президент Ислом Каримов Ғарб яккалаб қўйган раҳбар эди.

Аммо охирги йилларда ҳам АҚШ ва ҳам Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни олиб ташлади, улар орасида Ўзбек ҳукуматига қурол сотиш ҳақидаги АҚШ тақиқи ҳам бор.

Бунинг сабаби Американинг Покистон билан муносабатлари ёмонлашиб бораётгани ҳамда НАТОнинг Афғонистондаги қўшинларига юкларни олиб кириш ва олиб чиқишда тобора кўпроқ Марказий Осиё йўллари, жумладан, Ўзбекистон ҳудудидан ҳам фойдаланишига тўғри келаётганидадир.

Охирги ойларда Ўзбекистонга бир неча нуфузли ғарблик сиёсатчилар ташриф буюрдилар ва улар орасида мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволига шарҳ берганлари кам бўлди.

"Ғарб билан муносабатларида Каримов шунга эришдики, инсон ҳуқуқларини топтагани учун ҳеч қандай жазо чораси кўрилмайди. Гап инсон ҳақларига бориб тақалса, сукунат чўкади. Мажбурий стерилизация ҳақидаги хабарлар бу сукунатни бузишга даъват қилади", дейди Стив Свердлоу.

Би-би-сининг вазиятни изоҳлаб бериш ҳақидаги сўровига Ўзбекистон ҳукуматининг ёзма жавобида айтилишича, мажбурий стерилизация дастури ҳақидаги айбловлар ҳақиқатга тўғри келмайдиган, мамлакатга қарши қаратилган бўҳтон, деб кўрилиши лозим.

Ўзбекистон ҳукуматига кўра, жарроҳлик контрацепцияси кенг тарқалмаган ва фақат ихтиёрий равишда, мутахассис билан маслаҳатлашилганидан кейин ва ҳам ота ва ҳам онанинг ёзма розилигидан сўнг амалга оширилади.

Ўзбекистон ҳукуматининг қайд этишича, Ўзбекистоннинг оналар ва болаларни муҳофаза қилиш кўрсаткичлари аъло даражада ва дунёдаги бошқа мамлакатларга ўрнак бўлиши мумкин.

Аммо аксар ўзбекистонлик аёллар сингари Нигора учун ҳам ўз ихтиёрига қарши стерилизация бор гап. У Кесарево амалиёти воситасида фарзандли бўлган. Ва эртаси куни унга стерилизация қилинганини айтишган.

Ўша куни унинг чақалоғи оламдан ўтган.

Нигора энди ҳеч қачон фарзанд туғолмайди.

Бу борада сиз қандай маълумотга эгасиз?

Ўз маълумотингиз, хабар ва фикр-мулоҳазаларингизни Би-би-си билан ўртоқлашинг!

Электрон почтамиз манзили: uzbek@bbc.co.uk

Ёки қуйидаги махсус формадан фойдаланинг!

Бу мавзуда батафсилроқ