'Ўзбекистон ишлатаётган конларни Қирғизистон қайтариб олсин'

Image caption Қатор қирғиз депутатлари Боткендаги газ конларини Ўзбекистондан қайтариб олиш масаласини умумпарламент муҳокамасига қўйишмоқчи

Қирғизистон парламенти вакиллари чегарадош ҳудудларда жойлашган ва ҳозир Ўзбекистон фойдаланиб келаётган газ конларини Қирғизистон назоратига ўтказишни талаб қилишмоқда.

Қирғиз парламенти Ёқилғи ва Энергетика қўмитаси вакиллари ҳукуматга йўллаган талабномада Сўх, Шимолий Сўх ва Катта Қора Галча газ конлари назоратини Қирғизистон тасарруфига ўтказиб бериш масаласини муҳокама қилиш сўралади.

Қирғиз тарафига кўра, бу конлар Боткен вилоятида жойлашган ва Ўзбекистон ҳали Шўро даврида уларни ижарага олганди. Лекин қирғиз тарафи Ўзбекистон на конларни ишлатгани учун ижара ҳақини тўлаганини, на конларнинг ўзини қайтариб берганини айтмоқда.

Қирғиз депутатларига кўра, агар бу конларни Ўзбекистондан қайтариб олишмаса, маҳаллий аҳоли уларни ноқонуний равишда босиб олишга тайёрмиз, деб ҳали ўтган йилдан бери пўписа қилиб келади.

Мулозимларнинг айтишича, айрим боткенликлар аллақачон ўзбек кончилари қувурларига қувур улаб, табиий газни ўғирлашга тушишган.

Ёқилғи ва Энергетика қўмитаси талабига биноан, ушбу конлар масаласи умумпарламент муҳокамасига қўйилиши ва газ конларига алоқадор Ўзбек-Қирғиз чегара чизиқлари аниқланиши даркор.

"Бизнинг ҳудудимиздаги нефть ва газ конларини ҳали 1992 йилдан бери Ўзбекистон ишлатиб келади. Бу конларни бизга қайтариб бериш талабларига эса Ўзбекистон ҳалигача жавоб бермаган" - деб айтади "Қирғизгаз" ширкати мудири Турғунбек Қулмирзаев.

Қирғиз расмийларига кўра, агар конлар Ўзбекистондан қайтариб олинмаса, 15 йилдан кейин у ерда газ захиралари тугаб, фақат темир-терсак қолади.

Қирғизистон жанубидаги конлар масаласи илгари ҳам бир неча бор кўтарилган эди. Қирғиз депутатлари айни масалада ҳукумат етарлича иш олиб бормаяпти, деб танқид қиладилар.

Қирғиз тарафига мувофиқ, ўтган йиллар давомида Ўзбекистон чегарадош ҳудуддаги мазкур конлардан икки миллион кубометр газ қазиб олган. Мутахассисларга кўра, бу ҳажмдаги газ мамлакатнинг фақат икки кунлик эҳтиёжини қоплайди, холос.

Айни дамда, газ конларини қайтариб олган тақдирда ҳам уларни қандай ишлатиш масаласида саволлар кўп. Қирғизистонда бу учун мутахассис ва техника етишмайди.