Чинозда одам савдосини ўрганган фаол ҳибсга олинган

Image caption Гулноза Йўлдошеванинг икки акаси Қозоғистонда қул қилиб сотилган

Чинозда инсон ҳақлари фаоли ҳибсга олинган.9 апрел куни уйидан олиб кетилган Гулноза Йўлдошева товламачиликда айбланмоқда.

Аммо уни ҳибсда сақлаш ҳақида чиқарилган маҳкама қарорининг нусхаси яқинларига тақдим этилмаган.

Гулноза Йўлдошева ҳамкорлик қилган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг айтишича, у одамларни Қозоғистонга қул қилиб сотиш бўйича текширувлар олиб борган.

Одам савдоси

Сурат Икромовнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Гулноза Йўлдошева маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг одам савдосига алоқаси борлигини ўрганаётган эди.

Чинозлик фаолнинг икки акаси одам савдоси қурбони бўлишган.

"Иккаласи ҳам Қозоғистонга олиб бориб, сотиб юборилган. Бир акаси бир йилдан буён ногирон, шифохонада",-дейди Сурат Икромов.

Унга кўра, Гулноза Йўлдошева акалари ва чинозликлардан яна бир нечтасини Қозоғистонга олиб бориб сотган шахс устидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.

"Аммо прокуратура жиноят иши очиш ўрнига ундан аризасини қайтариб олишни талаб қилган ва тазйиқ ўтказишни бошлаган", -дейди Сурат Икромов.

Унинг сўзларига кўра, Чиноздаги маҳкама аввалроқ Гулноза Йўлдошевани "майда безорилик"да айблаб, уни 114 минг сўм миқдоридаги жаримага тортган.

Гулноза Йўлдошеванинг Бош прокурор ва омбудсменга қилган мурожаатлари жавобсиз қолган.

Сурат Икромов ўн кундан буён ҳибсда сақланаётган Гулноза Йўлдодшеванинг яқинларига у билан кўришишга рухсат берилмаётганини айтади.

Унга кўра, Чиноз прокуратура ва маҳкамаси инсон ҳуқуқлари гуруҳининг фаолни ҳибсга олиш ҳақидаги қарор нусхасини бериш ҳақидаги сўровномасини рад этган.

Сурат Икромов чинозлик фаолнинг ҳисбга олинишига унинг маҳаллий мулозимларнинг одам савдосига алоқадорлиги юзасидан олиб борган текширувлари сабаб бўлганига шубҳа қилмайди.

"Бу гуруҳлар бир-билан боғлиқ. Гулнозанинг биронта ҳам шикоят аризаси текширилмаган, одам савдосига алоқадор шахслар жазосиз қолмоқда", дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Уюшган жиноятчилик

Аввалроқ Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳуқуқлари гуруҳи Ўзбекистон милицияси ва чегарачиларини одам савдосига алоқадорликда айблаган.

Ташкилот ўтган йил сентябрида эълон қилган ҳисоботида нуфузли амалдорлар хорижда фоҳишаликка мажбурланаётган аёлларнинг "ҳужжатларини сохталаштиришлари, уларни чегарадан ўтказиб қўйишлари ва йўл хавфсизлигини таъминлашлари"ни айтган.

"Нажот" 2011 йилда ўнлаб хоразмлик аёлларнинг хорижда фоҳишаликка мажбурлангани ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларнинг қамоқхоналарига ташланганини ўрганган.

Ташкилот раҳбари Ҳайитбой Ёқубовга кўра, қурбонлар ўзларига ҳужжат тайёрлашда ёрдам берган мулозимларнинг исм-шарифларини беришдан қўрқишади.

"Улар Қозоғистон билан чегарада тўпланиб, олиб кетилади. Бундан уюшган жиноятчиликнинг ҳиди келаяпти", - деган инсон ҳуқуқлари фаоли.

Шу ой бошида Ўзбекистоннинг БМТ даги элчиси Мурод Асқаров ҳукумат одам савдосига қарши курашни кучайтирганини айтган.

Юқори мартабали ўзбек дипломатининг Нью Йоркдаги БМТ қароргоҳида ўтган анжуманда айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқароларни жиноятнинг айни туридан огоҳ этиш бўйича "кенг миқёсдаги ишлар" амалга оширилган.

Ўзбекистон вакили ҳукумат бу борада миллий дастур қабул қилгани ва уни изчиллик билан амалга ошираётганини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича махсус муассасалар ташкил этилган ва у ерда қурбонларни одатий ҳаётга қайтариш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Кузатувчилар бу чораларга қарамасдан, мамлакатда одам савдоси миқёсининг камаймагани, аксига, кенгайиб бораётганини айтишади.

Уларга кўра, Ўзбекистондаги одам савдосининг асл илдизлари қашшоқлик ва ишсизликдадир.

АҚШ Давлат департаментига кўра, Ўзбекистон ҳануз одам савдоси манбайи бўлган давлатлардан бири сифатида қолаётир.

Бу мавзуда батафсилроқ