Ўзбек махсус хизматлари Ucell абонентларини назорат қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption TeliaSonera Ўзбекистонда 2007 йилдан буён фаолият олиб боради

Швед матбуоти Ўзбекистонда Uсell шўъба корхонасига эга Швециянинг энг йирик телекоммуникация ширкати TeliaSonera ни Ўзбекистон дохил қатор собиқ совет давлатларининг махсус хизматлари билан ҳамкорликда айблаган.

Швециянинг ТТ хабар агентлигига кўра, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Беларусда жосуслик хизматлари овоз ёзувчи жиҳозларни жойлаштиришда TeliaSonera тармоғидан фойдаланишмоқда.

Хабарда айтилишича, SORM ёки Тезкор Текширув Ишлари Тизими, жумладан, Ўзбекистон расмийларига Швециянинг телекоммуникация тизимига тўла ва узлуксиз боғланиш имконини беради.

Бу тизим воситасида улар абонентларнинг қўнғироқлари, дата ва СМС ларини назорат қила оладилар.

Швед хабар агентлигининг ёзишича, TeliaSonera абонентларининг телефон мулоқотларини тинглаш йўли билан бир неча ҳибсга олишлар амалга оширилган.

Ўзаро манфаатли

Швецияда чиқадиган Аftonbladet нашрининг ёзишича, бу каби ҳамкорликдан швед-фин ширкатининг ўзи ҳам манфаатдор.

Ширкат собиқ совет давлатларидаги фаолиятидан катта даромадлар олади.

Нашрнинг таъкидлашича, мобил алоқаси операторларининг ёрдами билан ҳукуматлар сиёсий мухолифат аъзоларининг нафақат ёзишма ва қўнғироқлари, шунингдек, турган жойлари ва ҳаракатланишлари ҳақида батафсил маълумот оладилар.

Швед журналистлари бунинг яққол мисоли сифатида 2010 йил декабрида Беларусда юз берган воқеаларни келтиришади.

Уларнинг уқтиришларича, ўшанда мобил алоқаси операторлари ўз мижозлари учун мухолифат вебсайтларига қисман тўсиқ қўйишган ва махсус хизматларга мухолифат фаолларининг телефон мулоқотларини эшитиш имконини беришган.

Операторлар, шунингдек, ўз фойдаланувчилари ҳақидаги маълумотларни ошкор этганлари ва натижада юзлаб тинч намойишчилар ҳибсга олингани айтилади.

Dagens Nyheter нашри TeliaSonera Ўзбекистон каби давлатларда кўрсатаётган хизматнинг техник сифатини эътироф этади.

"Агар демократик давлатларда телефонларни эшитиш ва таъқиб этиш технологияси полиция томонидан прокурор санкицяиси билан қўлланилса, Беларусда у махсус хизматларга ишлайди ва норозиларни қўрқитиш ҳамда жазолашда ёрдам беради", деб ёзади нашр.

Матбуот бу борада швециялик экспертларнинг фикрларини ҳам келтирган.

Уларга кўра, TeliaSonera нодемократик давлатларнинг бозорларига кириб бораркан, диктатураларга истаган мулоқотини ва истаган вақтида эшитишда ёрдам беришга мажбур эканини аввалдан яхши билади.

Гетерборг университети профессори Эрика Стромнинг айтишича, араб инқилобидан сўнг ўз аҳолисини уяли алоқа воситасида назорат қилишга интилаётган ҳукуматлар сони кўпайган.

"Фойдаланувчини топиш ва эшитиш ҳечам муаммо эмас. Қолаверса, TeliaSonera, аниқроғи уларнинг Беларус, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистондаги шўъба корхоналарида "қора қути" дастури бор ва бу давлатларнинг махсус хизматлари унга боғланган", -деб айтган швециялик эксперт.

Маҳаллий қонунлар

TeliaSonera нинг ўзи Ўзбекистон ва бошқа собиқ совет давлатлари ҳукуматлари билан ҳамкорлигини инкор этмаган.

Ширкат буни ўзи фаолият олиб бораётган давлатлардаги маҳаллий қонунларга риоя этиши кераклиги билан изоҳлаган.

"Полиция жиноятчиликка қарши курашиш учун маълумот олиш ҳаққига эга", деб айтган ширкат сўзчиси.

TeliaSonera вакилининг айтишича, овоз ёзиш жиҳозларини ўрнатиш борасида турли давлатлар турлича сиёсат олиб боришади.

"Швеция дохил барча давлатларда махсус хизматлар маълум шароитларда жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида овозларни ёзиб олиш ҳаққига эга. Бу нарса миллий қонунчилик билан назорат қилинади ва биз ўзимиз ишлаётган бошқа давлатларда ҳам бу қонунларга амал қилишимиз керак", - дея ширкат вакилининг сўзларини келтиради ТТ агентлиги.

Айни пайтда Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт TeliaSonera нинг Ўзбекистон ва бошқа собиқ совет давлатларидаги шартномаларини ҳимоя қилган.

"Умумиятла, бизнинг турли давлатлардаги телекоммуникация тармоқларининг ривожланишида иштирок этаётганимиз ижобий ҳол. Беларусда мобил телефонига эга бўлиш тузумдан кўра кўпроқ мухолифатга фойда келтиради", - деб айтган жаноб Билдт.

Айни пайтда инсон ҳуқуқлари фаоллари швед ширкатининг Ўзбекистон каби давлатлардаги иш услубини "можароли" деб таърифлашган.

TeliaSonera 2007 йилда Ўзбекистондаги COSCOM ширкатининг асосий ҳиссаларини сотиб олган.

2008 йилда ширкат Ўзбекистондаги савдо ёрлиғини Ucell деб ўзгартирган.

Ўтган йили ширкат абонентлари сони 8 милилон кишига етган.

Ўзбекистон ҳукумати араб давлатларидаги инқилоблар ортидан мамлакатдаги мобил ширкатлари фаолиятини янада қаттиқроқ назорат остига олгани хабар қилинган.

Ucell га яқин манбаънинг Би-би-сига айтишича, ўзбек махсус хизматларининг телефон мулоқотлари ва ёзишмаларни назорат қилиши "одатий ҳол".

"Ширкатнинг оддий ходимлари бундан бехабар бўлишлари мумкин, чунки бу нарса ширкат раҳбарияти билан келишув асосида амалга оширилади. Ucell нинг борган сари кенгайиб бораётганидан бу ҳамкорликнинг қайси даражада эканини тасаввур қилса бўлади", - дейди номи ошкор этилишини истамаган манбаъ.

Ўзбекистонлик мижозлар Ucell тарифларининг арзонлиги ва хизмат кўрсатиш сифатининг яхшилигини таъкидлашади.