Ўзбекистон ҳукумати аёлларнинг мажбуран стерилизация қилинаётганини яна бир бор рад этди

Image caption Би-би-си олиб борган тадқиқот Ўзбекистонда аёлларнинг мажбурий равишда стерилизация қилинаётганини тасдиқлаган

Ташқи ишлар вазирлигининг "Жаҳон" хабар агентлиги эълон қилган мақолада ўзбек аёлларининг мажбуран бичилаётгани ҳақида "сариқ матбуот"да вақти-вақти билан пайдо бўлаётган хабарлар "ўз исботи топмагани" айтилади.

Мақолада таъкидланишича, Жаҳон Соғлиқ Ташкилоти, ЮНИСЕФ ва ЮНФПА сингари халқаро ташкилотлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар Ўзбекистон ҳукумати бу борада олиб бораётан сиёсатнинг "шаффоф" эканини тасдиқлаган.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш миллий модели нафақат минтақа, балки дунёдаги бошқа давлатлар учун ҳам ўрнак бўлишини айтган.

Расмий агентлик чоп этган мақолада Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизими болалар ҳимояси билан шуғулланувчи "Save the Children" ("Болаларни асранг") халқаро ташкилоти томонидан "юксак баҳолангани" айтилади.

Унда мамлакатда исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олишга қаратилган усуллар ҳақида батафсил маълумот берилган.

'Эр-хотин розилиги билан'

Расмий хабарда таъкидланишича, Ихтиёрий жарроҳлик амалиёти (ДХК) Ўзбекистонда исталмаган ҳомиладорликдан қутулишда қўлланилаётган асосий усул эмас ва у "ихтиёрий равишда, мутахассис билан маслаҳатлашувлардан сўнг ва эр-хотиннинг ёзма розилиги билан ҳамда махсус формани тўлдириш орқали" амалга оширилади.

Унга кўра, 2011 йилда Ўзбекистондаги ҳомиладор аёлларнинг 7.2 фоизи ихтиёрий жарроҳлик контрацепцияси (ДХК) дан фойданган.

"Жаҳон" агентлиги бу кўрсаткич АҚШда 20 фоизга қадар, Осиёда 25 фоиз, Ғарбий Оврўпо давлатларида эса 6-14 фоиз эканини айтган.

"Ўзбекистонда, дейилади мақолада, юксак технологиядаги жиҳозларнинг қўлланиилиши ва тиббиёт ходимлари малакасининг оширилиши натижасида бу кўрсаткич 2000 йилдаги 3.3 фоиздан 2001 йилда 7.2 фоизга ошди".

Ташқи ишлар вазирлиги шунингдек, "кесарево амалиёти"нинг оммавий равишда қўлланаётгани ҳақидаги даъволарни ҳам рад этган.

Хабарда айтилишича, 2011 йилда умумий туғилишларнинг 6.8 фоизигина ушбу амалиётга тўғри келган.

Бу кўрсаткич Россия ва Оврўпода 8-10 баробар кўп экани айтилади.

Рақамлардан англашилишича, 1990 йилга қадар, асосан аборт усули қўлланилган бўлса, мустақиллик йилларида абортлар сони 5 фоизга камайган.

Сўнги йилларда, дея қайд этади давлат хабар агентлиги, ноқонуний аборт ҳолатлари умуман қайд этилмаган. Ҳозирда ҳомиладорликдан огоҳлантиришнинг турли усуллари, жумладан, бачадоничи спираллар, дори ва игна воситасидаги контрацептивлар ҳамда жарроҳлик амалиёти қўлланмоқда.

'Махфий дастур'

Ўзбекистон ҳукумати аёлларнинг мажбурий равишда стерилизация қилинаётгани ҳақидаги хабарларни бундан аввал ҳам рад этган.

Аммо Би-би-си яқинда қўлга киритган далил ва гувоҳликларда Ўзбекистон мулозимлари ўтган икки йил давомида аёлларни уларнинг иродаси ва розилигига қарши бичиш дастурини ўтказиб келгани ўртага чиққан.

Би-би-си мухбири Наталя Антелава Ўзбекистондан Қозоғистонга бориб ишлаётган ва турли минтақалардан бўлган қатор аёллар билан суҳбатлашган.

Улар учинчи, айрим ҳолатларда эса иккинчи фарзандлари туғилганидан сўнг ўзлари бехабар бўлган ҳолда бачадон найчалари тугиб қўйилгани ё-да олиб ташланганини айтишган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбаъ Би-би-сига бу каби махфий дастурдан мақсад туғилишни назорат қилиш эканини айтган.

Би-би-си суҳбатлашган шифокорларнинг айтишларича, шифохоналар 2009 йилдан бошлаб аёлларни бичиш бўйича квоталар ола бошлаган.

Ушбу квоталарга мувофиқ, ҳар бир шаҳар шифохонасида ойига 4 та, қишлоқ жойларида эса 32 тага қадар аёл стерилизация қилиниши керак.

Шифокорлар ушбу квоталарни бажариш бўйича уларга кучли босим кўрсатилаётганини айтишади.

Бир жарроҳнинг эътироф этишича, кесарево амалиёти билан туққан аёлларни стерилизация амалиётига кўндириш ё-да уларни бу ҳақда хабардор этмаслик осон бўлган.

Тошкентда жойлашган нодавлат ташкилотига кўра, 2010 йилда биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 7 ой очида 80 минг аёл стерилизация қилинган.

Бироқ ушбу рақамларнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқлашнинг имкони йўқ.

Ўзбекистон ҳукумати Би-би-сининг шарҳ беришни сўраб қилган мурожаатига "мазкур даъволар ҳақиқатдан йироқ", дея жавоб берган.

Бу мавзуда батафсилроқ