Бухоро Аркининг қайта таъмирланган девори яна қулаб тушган

Бухородан олинган хабарларга кўра, қадимий Арк қўрғонининг ўтган йили таъмирланган девори яна қулаб тушган.

Сатҳга яқин манбанинг айтишича, қулаб тушган деворнинг узунлиги камида 35-40 метрни ташкил этади.

Ҳодиса Аркнинг марказий дарвозасига яқин ерда, чап томонга кетишда 25 метрлар ўтиб, юз берган.

Ҳозир сатҳда деворни тиклаш учун қурувчилар ишлашаётгани айтилади.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, қўрғон деворининг айнан шу қисми таъмирланганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган.

Ўтган йил масъуллар бунинг сабабини қисман баҳорнинг ниҳоятда серёғин келгани билан изоҳлашганди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра эса, қайта-қайта юз бераётган ҳодисага реставрация технологиясига тўлиқ амал қилинмаслиги сабаб бўлган.

Уларнинг наздларида ушбу муаммонинг илдизи энг аввало коррупцияга бориб тақалади.

Яъни, кузатувчиларнинг урғулашларича, юз берган ҳодисада қурилиш материаллари, цементлардан уриб қолиниши, ғиштларнинг сифатсиз қўйилиши ва қурувчилар профессионал малакасининг пастлиги озмунча роль ўйнамаган.

Улар қўрғоннинг айрим қисмлари шунча асрлардан буён ҳам қилт этмай турганини назарда тутиб, яқинда таъмирланган деворнинг қайта қулаб тушишига қаттиқ келган қишнинг таъсири сабаб бўлгани эҳтимолини ҳам рад этишади.

Таъмирлаш ишлари

Ўзбекистонда 1996 йил Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги нишонланган, юбилей муносабати билан кенг қурилиш ва таъмирлаш ишлари ташкил этилган эди.

Маҳаллий масъуллар ўшанда Арк қўрғониннг жанубий қисми деворлари илмий асосда инженерлик технологияларидан фойдаланиб мукаммал таъмирдан чиқарилганини айтишади.

Уларга кўра, Аркнинг шимолий девори ҳам қисман мустаҳкамлаш таъмиридан ўтказилган, бироқ қўрғоннинг бошқа деворлари ҳали мустаҳкамлаш мақсадидаги мукаммал таъмирга муҳтож.

Ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати Бухородаги қадимий биноларни асраб-авайлаш мақсадида махсус қарор ҳам қабул қилган.

Бу ҳужжатда 2020 йилгача шаҳардаги тарихий биноларни таъмирлаш, консервациялаш тадбирлари кўзда тутилган.

Бухоро Ўзбекистоннинг фахри ҳисобланган ҳамда дунё сайёҳларини ўзига жалб этадиган шаҳар.

Сайёҳлар томоша қилиш учун борадиган асосий масканлардан бири Бухоро амирларининг қароргоҳи жойлашган бугунги Арк қўрғонидир.

Археология манбаларига кўра, Бухоро Арки эрамиздан аввалги III асрда барпо этилган.

Бу мавзуда батафсилроқ