Марказий банк: пул ўтказмалари қайси валютада бўлса, шу валютада берилади

Image caption 1 АҚШ долларига 2800 ўрнига 1800 сўм беришларини ким хоҳлайди?

Ўзбекистон Марказий банки 1 майдан четдан юборилган пул жўнатмалари миллий валютада эгасига берилиши ҳақидаги хабарларни тасдиқланмаган дея рад этган.

Олдинроқ Ўзбек расмий доираларига яқин Uzmetronom.com веб-сайти хабар беришича, ташқаридан Ўзбекистонга юборилган пул эгасига долларда эмас, сўмда Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича берилиши талаб қилинадиган ҳужжат тайёрлангани ҳақида ўзининг ҳукуматдаги ишончли манбаларидан ахборот олган.

"Сўнгги пайтда оммавий ахборот воситаларида, айниқса Интернетда, валютани алмаштириш соҳасида, хусусан пул ўтказмалари бўйича ўзгаришлар бўлиши кутилаётгани ҳақида миш-мишлар, амалда тасдиғини топмаган маълумотлар пайдо бўла бошлади", дейилади Ўзбекистон Марказий банки тарқатган баёнотда.

"Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расман баёнот берадики, қонунчиликка мувофиқ мижоз банк ҳисобрақамидаги пул маблағларини ўз хоҳишига кўра бошқаради. Жисмоний шахслар ўз мулкида Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган, ўтказилган ёки жўнатилган, Ўзбекистон Республикасида олинган ёки сотиб олинган валюта бойликларига эга бўлишга ва валюта бойликларидан мустақил равишда фойдаланишга ҳақлидир. Ўзбекистон Республикасида ҳозирги пайтда ва бундан кейин ҳам халқаро пул ўтказмалари бўйича операциялар қонунчиликка ва халқаро нормаларга қатъий мувофиқ амалга оширилади, яъни пул ўтказмалари қайси валютада ўтказилган бўлса, худди шу валютада ҳеч қандай чекловларсиз берилади", дея Ўзбекистон Марказий банки баёнот тарқатган.

Ёки келиб тушган маблағнинг муайян қисмини Марказий Банк курси бўйича айирбошлаш мажбурий бўлиши, ушбу янгилик шу йилнинг 1 майидан кучга киритилиши ҳақида веб-саҳифа хабар тарқатган эди.

Ўзбекистон валютанинг бир неча курси амал қилиб келаётган дунёдаги саноқли мамлакатлардан биридир.

Ўз мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлаган мамлакат 1994 йилда миллий валютасини муомалага киритган, 1996 йилда валютанинг эркин конвертациясидан воз кечган.

Ўзбекистон сиёсатчилари ушбу қадамни "Ўзбек халқининг пешона тери эвазига етиштирилган пахта" сингари хомашё маҳсулотлари сотилиши эвазига келган қаттиқ валюта захираларининг мамлакатдан "кетчупу-сақич"ларга тўлов бўлиб чиқиб кетиши олдини олиш чораси сифатида изоҳлаганлар.

Бироқ ҳали 1990 йиллар ўрталаридан Ўзбек ҳукуматидаги юқори лавозимдаги амалдорларга тегишли "эркатой" ширкатларга мамлакат эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларни четдан олиб кириш ва сотилган маҳсулотининг сўмдаги даромадини Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича долларга айирбошлаш "махсус ҳуқуқи" берилгани аён бўлган.

Бугунги кунда ҳам Ўзбек сўмининг Марказий банк ҳамда "қора бозор" курси мавжудлигидан катта манфаат кўрадиган гуруҳлар борлиги ҳамда уларнинг ҳукумат даражасидаги қарорлар қабул қилишдек таъсир кучига эга экани айтилади.

Шу кеча-кундузда Ўзбекистон Марказий банкининг курси 1865 сўмни ташкил этган.

Хориждан қариндоши юборган долларни банкдан олган ўзбекистонлик уни "қора бозор"да 2820 сўмга алмаштиради.

Ўзбекистондаги иқтисодий сиёсат қанча ўзбекистонликни бола-чақасини боқиш учун четга чиқариб юборгани ҳақидаги расмий маълумот эълон қилинмайди.

Бироқ биргина Россиянинг ўзида расман 2 миллион атрофида ўзбекистонлик пул топиб оиласига юбораётгани маълум.

Россия Марказий банкига кўра, 2011 йилда Ўзбекистонга 4,3 миллиард доллар юборилган.

Тошкентлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимов фикрича, мамлакатдаги барқарорликни четдан юборилаётган пул жўнатмалари сақлаб турипти, уларни Марказий банк курси бўйича сўмда бериш тартибини жорий этиш Ўзбекистонда "хунук оқибатларга олиб келиши мумкин".

Бу мавзуда батафсилроқ