Ўзбекистон: Рекорд тоннадаги паловга сўнгги ҳозирликлар кетмоқда

Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмасига кўра, рекорд тоннада палов пишириб, "Гиннес"нинг рекордлар китобига кириш режасини амалга ошириш учун ҳозирликлар қизғин кечмоқда.

Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, ташаббускорлар 4 тонна 998 кг палов пишириш режасидалар:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Уюшма раҳбари Акбар Умаровнинг Би-би-си билан суҳбатида айтишича, рекорд тоннадаги паловга кетажак якуний масаллиқлар миқдорини ҳам ишлаб чиқишган.

"1 тонна 500 кг.дан ортиқроқ гуруч кетади, 1 тонна 300 кг.га яқин гўшт лозим бўлади. Сабзи ва яна бошқа, бошқа масаллиқлар, ҳаммаси ҳисоб-китоб қилиниб, аниқ қилиб, ёзиб қўйилган", дейди у.

Акбар Умаровнинг айтишича, орада кечган вақт давомида Ўзбекистоннинг ўзи ва чет эллардан ташаббусларини қўллаб, ёрдамларини таклиф этган инсонларнинг сони ҳам ортган.

"Ҳозир уюшмамизнинг жуда катта сондаги аъзолари бор. Бир мутахассисимиз мен 100 кг. ошнинг харажатини қиламан, деса, бириси мен бунисини қиламан, деган. Интернет орқали ташаббусимиздан бохабар бўлган яна айримлари эса, қўнғироқ қилиб, гуручи, сабзиси ёки ёғини олиб бераман, деган таклифлар билан ҳам чиқишяпти", дейди у.

Уюшма раҳбарининг сўзларидан аён бўлишича, Москва ва Украинадаги Ўзбек миллий таомлари ресторанлари раҳбарлари ҳам ўз ёрдамларини таклиф этишган.

У бу хусусда лойиҳалар ишлаб чиқилгани ва ҳозир тадбирнинг ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилаётганини ҳам айтади.

Ўзбекистонлик ташаббускорлар ўтган йилнинг декабр ойида рекорд тоннада палов пишириб, "Гиннес"нинг китобига кириш истагида эканликларини баён қилишганди.

Ушбу лойиҳа www.oshxona.uz сайти ташаббуси ва Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси кўмаги ва бошчилигида амалга ошириш режалаштирилган.

Ташаббускорлар бундан мақсад Ўзбекистон, Ўзбек миллий ошхонаси ва паловини дунёга танитиш эканини айтишади.

Дастлабки хабарларда рекорднинг март-апрел ойларида ўрнатиш режаланаётгани билдирилганди.

Уюшма раҳбарининг сўнгги суҳбатидан маълум бўлишича, Гиннес халқаро қўмитасидан аниқ жавоб олишмагани боис, ҳозирча тадбирнинг санаси тайин эмас.

"Биз тадбирни қачонга режалаштириш масаласида қўмитага икки-уч маротаба мурожаат этдик. Аён бўлишича, қўмитада ҳар икки-уч ойда махсус ҳайъат тузилиб, келган таклифлар кўриб чиқилиб, шундан сўнг бир қарорга келишаркан. Шунинг учун, кўриб чиқиб, кейин сизларга жавобини айтамиз, дейишди. Мана, пойлаб турибмиз. Ҳали аниқ бир жавоб олганимиз йўқ," дейди жаноб Умаров.

Ўзбек миллий таомларидан ҳали ҳеч бири "Гиннес"нинг рекордлар китобидан ўрин олмаган.

Энг оғир вазндаги палов эса, сўнгги бор 2007 йилда Урумчида тайёрланган.

Айрим манбаларда унинг вазни бир тоннадан зиёд бўлгани ва 10.000 кишига мўлжаллангани ҳам айтилган.

Бу мавзуда батафсилроқ