Жаҳон Матбуот куни арафасида яна Дилмурод Сайидни озод қилишга чақирилди

Image caption 12 йиллик қамоққа ҳукм этилган Дилмурод Саййидга нисбатан жиноий иш кенг миқёсда сохталаштирилган деб кўрилади.

3 май Жаҳон Матбуот эркинлиги куни арафасида АҚШ Давлат департаменти дунёдаги тазйиқ остидаги журналистларнинг аҳволига яна эътибор қаратишга қарор қилган, Америка ташқи сиёсат идораси урғулаган журналистлар орасида ўзбекистонлик тутқун ижодкор Дилмурод Саййид ҳам бор.

"Жаҳон Матбуот эркинлиги куни яқинлашаркан, дунё бўйлаб журналистларнинг овозлари ўчирилмоқда. Жуда кўп жойларда журналистлар қамалаяптилар, ҳужумга тутилмоқдалар, таҳдид қилинмоқдалар, ўлдирилмоқдалар ёки янгилик ҳақида ахборот беришга, ўз-ўзини изҳор қилиш эркинлигини ифодалашга интилган пайтларида ғойиб бўлмоқдалар", дейди Америка Давлат департаменти.

"Яқин кунларда АҚШ Давлат департаменти энг кўзга ташланган журналистларга таҳдид билан боғлиқ ҳолатларга эътибор қаратади ва барча ҳукуматларни сўз эркинлиги универсал инсон ҳуқуқини муҳофаза қилишга чақиради", дейилади босим остидаги журналистларга бағишланган туркум сўзбошисида.

АҚШ Давлат департаменти Дилмурод Саййиднинг маҳкамасини Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига зид равишда ўтказилган маҳкама деб атайди.

"Саййид коррупциянинг танқидчиси сифатида танилган. У маҳаллий расмийлар томонидан фермерларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида ахборот тарқатган. У қатор мустақил ва мухолифат веб-сайтлари, жумладан "Озодлик овози" веб-саҳифаси учун мақолалар ёзган ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган икки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларидан бири "Эзгулик" жамияти аъзоси бўлган".

Дилмурод Саййидга 2009 йил февралида қўйилган таъмагирлик ва порахўрлик айбловлари кенг миқёсда сохталаштирилган деб кўрилиши маълум қилинади.

У ҳозир Навоий вилоятидаги қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонада сақланмоқда.

Ўзбек журналистининг озодликдан маҳрум этилиши унинг саломатлигига зарар етказгани, бугунги кунда Дилмурод Саййиднинг силга чалингани урғуланади, сил хасталиги эса махсус даволанишни талаб қилади.

"Хабарларга кўра, 49 ёшли жаноб Саййид кўп вазнини йўқотган ва ҳозир унинг оғирлиги 58 килограммдан ҳам камайиб кетган".

2009 йил ноябрида жаноб Саййид билан кўришиш учун бораётган рафиқаси ва олти ёшли қизи автомобил ҳалокатида оламдан ўтганлар.

"Биз Ўзбекистон ҳукуматини Дилмурод Саййидни озод қилишга, у ҳибсда сақлаб турилган пайтида зудлик билан тегишли тиббий муолажа билан таъминлашга ҳамда Ўзбекистондаги мустақил журналистлар бирор бир қўрқув ёки таъқибсиз фаолият юритишлари учун сиёсий фазони яратиш чораларини кўришга чақирамиз", деган АҚШ Давлат департаменти.

Америка ташқи сиёсат идораси босимга учраган журналистлардан кубалик блоггер Йоани Санчес, тибетлик ҳужжатли филм ижодкори Дхондуп Вангчен, беларуслик демократик фаол Наталя Радзина, вьетнамлик блоггер Диеу Кэй аҳволларига эътиборни қаратган.

Бу мавзуда батафсилроқ