'Ўзбекистонга қашшоқлик эмас, семизлик хавф солади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг айтишича, 2030 йилга бориб, Марказий Осиёда қашшоқлик эмас, семизлик ва юрак-қон томир хасталиклари каби аҳолининг турмуш тарзи билан боғлиқ касалликлар асосий муаммога айланади.

Бу ҳақда халқаро ташкилот Қишлоқ Хўжалик ва Озиқ-овқат дастури идорасининг янги ҳисоботида айтилади.

Ҳисоботга кўра, бунга ночорлик билан бир қаторда, ҳозирга келиб одамлар овқатланиш ва турмуш тарзларининг ўзгариб бораётгани ҳам сабаб бўлади.

Халқаро ташкилотнинг огоҳлантиришича, аҳолининг нон ўрнига кўпроқ гўшт ва сут маҳсулотлари истеъмол этишга ўтиши минтақада сурункали ва юқумли бўлмаган хасталикларнинг ортишига олиб келади.

Ўзбекистонлик шифокор Дилмурод Иргашев ҳам халқаро ташкилотнинг башоратларига қўшилишини айтади.

"Олиб бораётган изланиш ва кузатувларимиз сўнгги йилларда аҳоли орасида метаболик синдром жуда кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Шу метаболик синдромнинг орқасидан семизлик, қандли диабет, қон-томир хасталиклари,..келиб чиқади", дейди шифокор:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик шифокор ҳам бунга энг аввало кун сайин ҳаёт тарзининг ўзгариб бораётгани, жисмоний ишларнинг камайиб, одамларнинг асосан ўтириб ишлашлари, овқатланиш тартибининг бузилганлиги, кўпроқ тез тайёрланган (fast food)таомларнинг истеъмол этишга ўтилиши, ёғлиқ овқатлар ва ширинликларнинг кўп ейилиши сабаб бўлаётганини айтади.

"Чунки одам кун бўйи ишда бўлгандан кейин, ўрнига келиб ётади, яна ўрнидан туриб, ишга кетади. Унинг овқат қилишга ҳам, бошқасига ҳам, ҳеч нарсага вақти бўлмайди. Кун бўйи оч юради. Қорни очганда, битта яхшилаб овқатланиб олади. Ундан кейин юраверади, юраверади, яна қорни очгандан кейин кечқурун соат ўн икки-бирда овқат ейди. Семира бошлагандан кейин, бу иштаҳанинг очилишига олиб келади. Яъни битта бошланган муаммо ўз-ўзидан айланма бўлиб, семизлик, метаболик синдромга бўлган мойиллик ҳам ошаверади", дейди у.

Халқаро ташкилот ҳисоботида минтақа давлатларида шаклланаётган бу каби вазият анчайин қашшоқлари соғлиқни сақлаш тизимларини катта босим остига қўйиши айтилади.

Аммо ўзбекистонлик шифокор Дилмурод Иргашевга кўра, шу касалликларнинг олдини олишга қаратилган давлат дастурлари тузилиб, ҳамма мутахассислар унга жалб этилишса, беморларга кўрсатиладиган ёрдамлар махсус ёрдамлар бўладиган бўлса, бунинг олдини олиш учун ҳозирдан ҳаракат қилинса, келаси 10-20 йил ичида уларнинг кўпайиб кетмаслигига эришиш мумкин.

Қашшоқлик?..

Жорий пайтда Марказий Осиё ва Қофқознинг аксарият ҳудудларида камбағаллик кенг қулоч ёйган.

Аммо Бирлашган Миллатлар идорасининг башоратларига қаралса, 2030 йилга бориб, бу минтақаларда қашшоқлик даражаси 9 фоиздан 2 фоизга тушиб кетади.

Халқаро ташкилот, ўз ўрнида, Шарқий Оврўпо, Қофқоз ва Марказий Осиёнинг қишлоқ ҳудудларидаги кичик фермерлар жорий пайтда ўз имкониятларидан 30-40 фоиз паст ғалла ҳосили олишаётганини айтади.

Уларга кўра, деҳқон даромадининг ошиши нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайди, балки қишлоқ ҳудудларида камбағалликнинг камайишига ҳам олиб келади.

Янги ҳисоботнинг ўзи эса, халқаро ташкилотнинг ўтган ҳафта Бакуда бўлиб ўтган минтақавий саммити чоғида дунёнинг элликдан ортиқ давлати вакиллари иштирокида муҳокама қилинган.

Олиймақом йиғин чоғида ҳисоботда сўз бораётган мамлакатлардаги вазиятни ўзгартириш учун қишлоқ хўжалигида қанақанги сиёсатлар олиб борилиши масаласи ҳам муҳокама этилган.

Иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистонда ҳам аҳоли қамбағал қатламининг катта қисми қишлоқ аҳолиси ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон ҳукуматининг қишлоқ хўжалигига оид сиёсати эса, йилларки маҳаллий ва халқаро мутахассислар томонидан танқидлар остида қолиб келади.

Ўзбекистонлик мухолифат фаоли Ҳазратқул Худойберди Ўзбекистон қишлоқ хўжалик соҳасида шаклланган бугунги вазиятни ўзгартириш энг аввало иқтисодий эркинликлар, бу эса, бошқарувда ўтирган инсонларнинг истак-иродаларига боғлиқ эканини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ