Ўзбекистондан кимлар четга чиқиб кетаяпти?

Сўнгги сўров натижаларидан аён бўлишича, Россиядан четга чиқишни истаётганлар сони ўтган йил билан таққослаганда икки баробар камайган.

Аммо уларнинг ўзбекистонлик ҳамкасблари кузатувларига қаралса, Ўзбекистондан Россияга кетаётганлар сони кун сайин ортиб бормоқда экан.

Устига устак, россияликларни яхши ҳаёт кечириш истаги хорижга етаклаётган бўлса, аксарият ўзбекистонликлар фақат пул топиш илинжида Россияга йўл солишаётган экан.

Россиядаги янги сўров эса, Бутунроссия омма фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилган.

Сўров натижаларига кўра, ўтган йил Россияни тарк этиш истагида бўлган фуқаролар сони 22 фоиз бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич тенг ярмига камайган.

Лекин россиялик мутахассислар, ҳатто, ана шу рақамларнинг ўзи ҳам мамлакат учун салбий ҳолат эканини таъкидлашади.

Ўзбекистонлик социолог Суҳроб Исмоиловнинг ўз кузатувларига таяниб айтишича, охирги пайтларда, ҳатто, паспорт ёшига етмаган ёшлар орасида ҳам ишлаш учун четга чиқиб кетаётганлари сони ортган.

"Улар жойлардаги маҳаллий паспорт столлари билан гаплашиб, пора бериб, паспортларини вақтлироқ олиб, ўз оилаларидаги ёши катта одамларга қўшилиб, Россия, Қозоғистон ва Украина каби мамлакатларга кетишмоқда", дейди у:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик социологга кўра, бу тенденциянинг кучайиб бораётганини Россия Марказий Банки пул ўтқазмаларига оид бераётган расмий маълумотлари ҳам тасдиқлайди.

"Масалан, 2010 йилда ўзбекистонликлар томонидан Россия банк хизматларидан фойдаланиб ўтказилган пуллар миқдори 3 миллиард атрофида бўлса, 2011 йилда 4 миллиард 300 миллион АҚШ долларига етган. Ҳатто, инфляцияни ҳисобга олган тақдирда ҳам, бу - хорижга чиқиб, ишлаб келиш истагидаги аҳоли сонининг кундан-кунга ўсаётганини кўрсатиши мумкин".

Йил сайин сони камайиб бораётган эса-да, бугун хорижга кетиш истагида бўлган россияликларнинг аксариятини ёруғ келажак умидида бўлган ўқимишли ёшлар қатлами ташкил этаркан.

Аммо, Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, четга таҳсил олиш ёки ўз малакаларини ошириш илинжида чиқаётган ўзбекистонликларнинг фоизи анчайин камайган.

"Бу - Ўзбекистонда асосан 2005 йилдан бошлаб, ёшларни хорижга ўқишга ёки малака оширишга жўнатадиган халқаро дастурларнинг ёппасига қувилиши билан боғлиқ", дейди социолог.

Суҳроб Исмоилов, ўз ўрнида, четга чиқиб кетаётган ўзбекистонликларнинг қандай касб эгаси эканликлари бу масалада унчалик роль ўйнамайди, деган фикрда.

Унга кўра, кетаётганлар ичида олий маълумотлилари ҳам кўп эса-да, лекин улар борган жойларида асосан қора ишларда банд бўлишади.

"Четга асосан эркаклар кетишади. Россия, Қозоғистон, қисман Украина, Жанубий Корея, ҳозир Чехияга ҳам жуда катта оқим кетаяпти, мана шу мамлакатларда улар қурилиш ишларида ёки жойлардаги ижтимоий хизмат кўрсатиш, супуриш-сидириш, тозалаш ишларида банд бўлишади. Уларнинг Ўзбекистонда ўқиган, ўрганган касблари унчалик аҳамият касб этмайди", дейди у.

Бошқа томондан социлог ўз кузатувлари кетаётганларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда ўрта ва махсус таълимни битирган ёшлардан иборат эканига далолат қилишини ҳам айтади.

"Уларнинг бирор бир малакали касбни танлаш ва даъво қилиш учун билимлари етарли эмас", дейди у.

Россиялик сўров иштирокчиларининг наздларида янги давлатда ўзларининг иқтидорларини кўпроқ намоён этиш, нималарга қодирликларини кўрсатиш имкониятлари кўпроқ бўлади.

Бугун Россиядаги турк ширкатларидан бирида шифокор бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик суҳбатдошимизнинг айтишича эса, ҳатто, олий малакали меҳнат муҳожирларининг ҳам Россияда ўз ўринларини топиб кетишлари қийин бўлади.

"Бу энг аввало ўзингизга боғлиқ бўлади. Тўғриси, мен Россияга келиб, бирданига шифокор бўлиб кетганим йўқ. Дейлик, мен травмотолог бўлган тақдиримда ҳам, уч ой ўқиб, сертификат олишга ҳаракат қилишим керак ва ҳоказо. Лекин Ўзбекистонга нисбатан бироз имконият бор. Негаки, бу ерда буйруқбозлик бироз кам, ишингизга қараб ҳурмат қилишади", дейди у:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Россиялик социологлар сони оз бўлса-да, хорижга кетиш истагидаги инсонларнинг мамлакат аҳолиси интеллектуал қатламини ташкил этишини назарда тутиб, ҳукумат ушбу масалага жиддий эътибор қаратиши зарурлигини таъкидлашади.

Уларга кўра, масъуллар энг аввало ушбу воқеилик сабабининг тагига етишлари, бу масалада яхши иш ўринлари яратилишининг ўзи етмаслиги, одамларда давлатга кераклилик ҳиссини уйғотиш зарурлигини урғулашади.

Ўзбекистонлик социолог Суҳроб Исмоилов ҳам бу соҳада гап кетганда, энг аввало давлат сиёсати ўзгартирилиши, ҳукумат меҳнат миграциясини реаллик деб тан олиши ва буни фойдали жараён деб қабул қилиши лозимлигини айтади.

"Ўзбекистон турли хил давлат дастурлари орқали меҳнат муҳожирлигининг фойдали тарафларини максималлаштириши ва зарарли томонларини минималлаштиришга ҳаракат қилиши керак".

Социологга кўра, қайтиб келаётган меҳнат муҳожирларини қайтадан жамиятга интеграция қилиш дастурлари ҳам яхши ишлаши лозим.

"Меҳнат муҳожири 2-3 йил ишлаб қайтиб келаяпти, ижтимоий, маданий жиҳатдан аллақачон унинг онги ўзгарган, шу сабаб ўзини тополмай, қадрини тополмай, яна қайтиб кетишга мажбур бўлаяпти", дейди у.

Россияда ўтказилган сўнгги сўров натижаларига қаралса эса, хорижга кетиш истагини билдирган фуқароларнинг бор-йўғи бир фоиздан ортиқроғи шу яқин бир-икки йил ичида ростдан ҳам ўз режаларини амалга ошириш истагида эканлар.

Бу мавзуда батафсилроқ