Ўзбекистондаги тонналаб пестицидлар йўқ этилади

Ўзбекистон Бирлашган Миллатларнинг Қишлоқ Хўжалик ва Озиқ-овқат дастури идораси ва Оврўпо Иттифоқи билан эски пестицид захираларини йўқ этиш йўлида ҳамкорлик қилишга рози бўлган.

Мазкур битим қолган Марказий Осиё, Қофқоз ва Шарқий Оврўпо давлатлари билан ҳам имзоланган.

Бу ҳақда Британияда жойлашган Уруш ва Тинчликни ёритиш институти маълум қилган.

Аён бўлишича, бу икки халқаро ташкилот шу мақсадда келаси тўрт йилга мўлжаллаб, 7 миллион евро ажратмоқчи.

Ушбу маблағнинг пестицид чиқиндихоналарини йўқ қилиш, кимёвий моддаларни назорат этишга оид янги қонун ишлаб чиқиш ва деҳқонларни уларнинг хавфидан яхшироқ огоҳ этиш ишларига сарфланиши айтилади.

Ажратилаётган пулнинг қанча қисми катта миқдордаги заҳарли пестицидлар захирасига эга Ўзбекистонга берилиши маълум эмас.

"Ўзбек ҳукумати чиқиндихоналарда 14.000 тоннадан ортиқроқ пестицид сақланишини айтади. Аммо, HCH & Pesticides Association гуруҳи 40.000 тонна деган рақамларни келтиради", дейди Уруш ва Тинчликни ёритиш институти ўз хабарида.

Заҳарли чиқиндихоналар

Жорий пайтда бутун Ўзбекистон бўйлаб 13 та пестицид чиқиндихоналарининг мавжудлиги айтилади.

Мутахассисларга кўра, 40 йил муқаддам барпо этилган қабристонлар ҳозирда атроф-муҳитга жиддий таҳдид солмоқда.

Институтнинг ўз исм-шарифини сир тутишларини маъқул кўрган ўзбекистонлик масъул сўзларига таяниб айтишича, уларни вайрон этиш учун етарлича молиявий имкониятлари йўқдир.

Экспертларга кўра, халқаро донорлар энди Ўзбек ҳукуматини ушбу экологик муаммога жиддийроқ ёндашишга ундашлари лозим.

Уларнинг таъкидлашларича, Ўзбекистон энг аввало одамлар ва теварак-муҳитни пестицидларнинг зараридан ҳимоя этишга қаратилган Стокгольм Конвенциясини ратификация этиши шарт.

Собиқ Шўролар Иттифоқи даврида заҳарли пестицидлар Ўзбекистон пахта далаларида кенг қўлланган.

Ўзбек матбуоти Шўро даврида ғўза баргини тўкишда ишлатилган пестицидларнинг атроф-муҳит ва одамларга ҳалокатли таъсири ҳақида кўп ёзган.

Стокгольм Конвенцияси

Ўзбекистон Давлат Табиатни муҳофаза қилиш Қўмитаси эълон қилган маълумотларга кўра, совет давридан қолган 461 та қишлоқ хўжалик аэродромлари бўлиб, уларда заҳарли пестицидларнинг қоришмаси тайёрланган.

Маълум бўлишича, 90-йиллар ўрталарида уларнинг барчаси йиғиштириб олиниб, бетондан ясалган махсус чиқиндихоналарга жойлаштирилган.

Ўзбекистон ҳудудида қўлланилган пестицидларнинг энг хавфлиси СОЗ номи билан билинган Мустаҳкам Органик Заҳарловчилар бўлган.

Айтилишича, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудидаги чиқиндихоналарда сақланаётган заҳарли моддаларнинг 118 тоннаси айнан шу турдаги пестицидлардир.

Мутахассисларга кўра, Ўзбекистоннинг Стокгольм Конвенциясига аъзо бўлиши ана шу хавфни бартараф этиш учун зарур молиявий ва техник ёрдам олиш имконини яратади.

Ўзбекистон Давлат Табиатни муҳофаза қилиш Қўмитаси 2001 йилда конвенцияни имзолаш ташаббуси билан чиққани айтилади.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Қишлоқ ва Сув хўжалиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, шунингдек, бошқа бир қатор вазирлик ва идоралар конвенцияга қўшилишнинг мақсадга мувофиқлигини билдиришган.

Аммо ҳукумат шу йил бошида парламентга тақдим этилган конвенцияни ратификация қилишга шошилмаётир.

Ўзбекистонда пестицидларни ишлатиш Совет давридагисидан сезиларли даражада камайгани айтилса-да, уларнинг ҳамон қўлланаётганига оид хабарлар ҳам йўқ эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ