'Дилмурод Саййид қамоқхонада оддий ҳаракатланганда ҳам югуриб юришга мажбур'

Image caption Дилмурод Саййид 50 ёшини қамоқхонада қаршилади.

Ўзининг 50 ёшини тутқунликда нишонлаган таниқли журналист ва инсон ҳақлари фаоли Дилмурод Саййидни Навоийдаги қамоқхонада бориб кўрган яқинлари унинг қамоқхонада сақланиш шароитидан хавотир билдирганлар.

29 апрел куни Дилмурод Саййид 50 ёшга тўлди.

Унинг аҳволини кўриб қаттиқ ташвишланганларини айтган яқинлари мутасадди ташкилотларга мурожаат қилганлар.

"Дилмурод Саййид олдингидан анча озган, қаттиқ толиқиши сезилиб турибди. Айниқса, кейинги бир ярим ой давомида қонунга зид узлуксиз талаблар асабини анча толиқтирганлигии айтди", дейишган журналистнинг яқинлари.

Мурожаатда айтилишича, Дилмурод Саййид сақланаётган жазони ижро этиш муассасаси ходимлари ҳар куни уни бир неча марта ҳарбийча юриш(строевой шаг)га мажбур қилмоқдалар.

У бир жойдан иккинчи жойга боргунча эмас, оддий қадам ташлаб эмас, югуриб бориш талаб қилинмоқда, дейишган қариндошлари.

Масъул идораларга ёзилган мурожаатда, бундай муомаланинг "аввало, Саидов Дилмуродга нисбатан "руҳий ва жисмоний қийноқ", "соғлиги учун хавфли ҳолатлар", деб биламиз", дейилади.

"Бундай ғайриинсоний ва ғайриқонуний муносабатларга масъуллар(ГУИН, прокуратура, ЖИЭМ раҳбарлари) эътибор қаратишлари шарт", деб ёзганлар Дилмурод Саййид яқинлари ўз мурожаатларида.

Бир неча кун олдин АҚШ Давлат департаменти Жаҳон Матбуот эркинлиги куни арафасида Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган Дилмурод Саййиднинг аҳволига эътибор қаратганди.

"Биз Ўзбекистон ҳукуматини Дилмурод Саййидни озод қилишга, у ҳибсда сақлаб турилган пайтида зудлик билан тегишли тиббий муолажа билан таъминлашга ҳамда Ўзбекистондаги мустақил журналистлар бирор бир қўрқув ёки таъқибсиз фаолият юритишлари учун сиёсий фазони яратиш чораларини кўришга чақирамиз", деган АҚШ Давлат департаменти.

Дилмурод Саййид ўзининг танқидий мақолалари билан танилган.

2005 йил ноябрида "Адвокат" рўзномасида Дилмурод Саййиднинг "Йўқ ҳақида бадиҳа"си нашр этилган, газетанинг мақола эълон қилинган сони дўконлардан йиғиб олинган, кўп ўтмай "Адвокат" рўзномаси ёпилган.

Дилмурод Саййиднинг "Йўқ ҳақида бадиҳа"си

Журналист фермерларнинг ҳуқуқлари маҳаллий амалдорлар томонидан поймол этилаётгани ҳақида мақолалар ёзган, унинг мақолалари қатор мустақил ва мухолифат веб-сайтларида эълон қилинган.

Дилмурод Саййид Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг аъзоси бўлган.

Дилмурод Саййидга 2009 йил февралида қўйилган таъмагирлик ва порахўрлик айбловлари ва маҳкама кенг миқёсда сохталаштирилган деб кўрилади.

Самарқанддаги маҳкама журналистни таъмагирлик, катта миқдорда пора талаб қилишда айбдор деб топиб 12,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди.

Озодликдан маҳрум этилиши ортидан журналист силга чалинган, ҳозир Дилмурод Саййиднинг оғирлиги 58 килограммдан ҳам камайиб кетгани хабар қилинган.

2009 йил ноябрида жаноб Саййид билан кўришиш учун бораётган рафиқаси ва олти ёшли қизи автомобил ҳалокатида оламдан ўтганлар.

Ўтган йили Дилмурод Саййиднинг онаси Ҳамди Толипова БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга мурожаат билан чиққан.

Интернет орқали тарқатилган мурожаатида Ҳамди Толипова ўғлига қарши жиноят ишини халқаро матбуот ҳамда БМТ кузатувчиси иштирокида қайта кўриб чиқишни сўраган.

Бу мавзуда батафсилроқ