Путиннинг президентликка қайтиши Ўзбекистон учун нимани англатади?

Минтақавий кузатувчиларга кўра, аксарият МДҲ давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам Владимир Путиннинг бошқарув усулига кўниккан.

Шу боис, жаноб Путиннинг яна президентлик курсисига қайтгани уларни ларзага солувчи ҳодиса бўлмайди.

Путин қасамёдга келтирилди, ҳибслар давом этмоқда

Аммо, таҳлилчиларга кўра, Владимир Путиннинг яна ҳокимият тепасига келиши, муайян маънода, президент Ислом Каримовга муаммолар туғдирмай қўймайди.

Улар Путиннинг анчагина қаттиқ музокарачи экани, у билан келишиш осон эмаслигига диққат қилишади.

Бошқа тарафдан, Ислом Каримовнинг Путин билан мулоқот қилиши осон кечишини тахмин қилаётган кузатувчилар ҳам йўқ эмас.

Уларга кўра, Ўзбекистон президенти Владимир Путиннинг махсус хизматлар, куч тизимлари одамининг дунёқарашига эга сиёсатчи эканига кўниккан ва уни Дмитрий Медведевга қараганда ёши ҳам, тажрибаси ҳам катта бўлгани боис, музокараларда муносиб шерик, деб билади.

Аммо таҳлилчилар бир овоздан Ўзбекистон ОврўОсиё Иттифоқига кириш таклифини бундан кейин ҳам рад этишини тахмин этишади.

Чунки Ўзбекистон ҳар доим Россиянинг қандайдир тузилмалар, умумий ташкилотлар барпо этиш ғояларига рўйхушлик бермай келади.

Таҳлилчиларга кўра, бу - Ўзбекистон раҳбариятининг Россия баён қилаётган мақсадларга ишонмаслигини кўрсатади.

Улардан айримларининг наздларида, "Каримов ҳокимият тепасида экан, бундай сиёсатда ўзгариш кутиш қийин".

Ўз ўрнида, хорижий кучларнинг Афғонистондан 2014 йилги сафарбарлик режасини назарда тутиб, аксарият таҳлилчилар минтақа давлатлари бундан буёғига Россияга хавфсизлик кафолати сифатида қарашларини ҳам таъкидлашади.

Уларга кўра, жаноб Путиннинг Россия Қуролли кучларини такомиллаштиришга оид яқинда қилган баёноти бунинг учун яхшигина асос бўлади.

Меҳнат муҳожирлиги ва муҳожирлар

Миллионлаб фуқароларининг қонуний ва ноқонуний меҳнат муҳожирлигида банд эканликлари нуқтаи назаридан ҳам, Россия Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади.

Устига устак, маҳаллий кузатувчилар Ўзбекистондан Россияга меҳнат муҳожирлигига кетаётган инсонларнинг сони кун сайин ортиб бораётганини ҳам таъкидлашади.

Владимир Путин эса, ўзининг сайловолди кампанияси чоғида миллий масала "мамлакати учун фундаментал характерга эга" эканини баён қилганди.

Жаноб Путин муҳожирлик тартиб-қоидаларини кучайтириш, миграция ва расман қайддан ўтиш меъёрларини бузганларни жиноий жавобгарликка тортиш истагида эканини маълум қилганди.

Россиянинг янги президенти ўшанда муҳожирларнинг, "номақбул, тажовузкор, кишининг ғашига тегувчи ва хурмачага сиғмайдиган хатти-ҳаракатлари қаттиқ жазоланиши шарт" эканини таъкидлаганди.

Ҳозир Россиядаги шифохоналарнинг бирида ишлайдиган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ҳам ўзига ўхшаган зиёлилар қатламини назарда тутиб, Владимир Путиннинг президентлик курсисига қайтишидан у қадар некбин эмасликларини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Унга кўра, "Жаноб Путин президентлиги даврида ҳозиргисидан фарқли тарзда, Россияда яна миллатчилик туйғулари кучайиши мумкин".

Ўзбекистонлик шифокор Россия Ўзбекистонни ўз таъсир доирасига олишга урингудек бўлса, бу ҳам ўз аҳволларини қийинлаштиришини тахмин этади.

"Агар Ўзбекистон бунга рўйхушлик бермаса, демакки, аламини бизлардан олади. Худди Россия билан Тожикистон ўртасидаги можарога ўхшаш...", дейди у.

Меҳнат муҳожирига кўра, шу сабабдан ҳам, жаноб Путиннинг қайта президентлик курсисига қайтишига Россияда тирикчилигини ўтказаётган юртдошлари орасида муносабат бир хил эмас.

"Оддий ишчиларнинг аксарияти бунга яхши қарашади. Аммо масаланинг тагига етган одамлар унчалик ҳам ижобий фикрда эмаслар", дейди у.

Ўшлик қочқинлар нима дейишади?

Қирғизистон жанубида 2010 йилда юз берган сўнгги қонли миллий низолар ортидан, Россияга қочиб бориб, Россия фуқаролигини олган ўзбеклар ҳам озмунча эмас.

Ўнлаб ўзбек хонадонлари бугун Самарадан тортиб, Свердловск, Хабаровсккача, яъни Россиянинг ҳар бурчагидан бошпана топишган.

Икки йилдирки, Москвада истиқомат қилаётган ўшлик қочқинлардан бири эса, сўнгги пайтларда Россияга бошпана излаб келаётган тақдирдошларининг сони янада ортаётганини айтади.

Суҳбатдошимизга кўра, бунга улар қочиб борган давлатлардаги шарт-шароитларнинг оғирлги сабаб бўлмоқда.

Унга кўра, жаноб Путиннинг ўзи каби қочқинларни иш, турар-жой билан таъминлаш масаласига эътибор қаратишини исташади.

"Кўп одамлар, айниқса, эркаклар шунақа йиғлашадики, оиласидан ажраганлар ниҳоятда кўп. Бола-чақасидан ажраганлар кўп..".

"Ночорликдан регистрация қилолмаганлари қанча. Улар ҳам Владимир Путин президентликка қайтгач, бизга бироз енгиллик бўлармикан, деб умид қилишяпти", дейди ўшлик суҳбатдошимиз:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ