BBC navigation

Тошкентда қидирувда бўлган икки киши оиласи улар ўғирлаб кетилганига ишонади

Сўнгги янгиланиш 8 май 2012 - 10:51 GMT

Суюнов ва Хисматуллин оиласига улар қидирувда эканлари айтиб келинмоқда

Тошкентда фаолият юритувчи Эксперт ишчи гуруҳи тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистонда диндор оилаларга нисбатан босимлар давом этмоқда.

Гуруҳга мурожаат қилган тошкентлик аёл Дилбар Нўмонованинг сўзларига кўра, унинг ўғли Маҳмуд Суюнов ва куёви Зокир Хисматуллин 2009 йилнинг 9 августидан бери уйларига қайтмаган.

Тошкентда устачилик билан шуғулланган икковлон 9 августда миниб кетган машина беш кун ўтгач Тошкент шаҳрининг Учтепа Ички Ишлар Бошқармаси томонидан оилага қайтарилган.

Дилбар Нўмонованинг Би-би-сига айтишича, милиция машина ҳуқуқ-тартибот органларининг қўлига қандай тушиб қолгани борасида бирон изоҳ бермаган.

У ўз қизи Маҳмуд ва Зокир таъмирлаётган хонадонга бориб, уларни топишга уринганида, хонадон қўшниси икки йигитни қора ниқобли кишилар бошларига қоп кийдирган ҳолда олиб кетганини маълум қилган.

23 ёшли Маҳмуд ва унинг 37 ёшли поччаси Зокир йўқолганидан бир ҳафта ўтиб, улар Тошкент вилояти Ички Ишлар Бошқармасининг тергов изоляторида экани оиласига хабар қилинган, лекин икки кун ўтиб, адвокатлар бу айни фамилиялик бошқа маҳбуслар эканини билдирганлар.

"Қандай қилиб ўғлимнинг ва куёвимнинг фамилиядошлари бир изоляторда бор бўлиб қолди экан?" - деб сўрайди Дилбар Нўмонова.

Қидирув

Икковлон, йўқолганидан 20 кун ўтиб, 29 августда халқаро қидирувга эълон қилинган.

Дилбар Нўмонова Тошкент бўйлаб осилган суратлардан ўз ўғли ва куёвининг ўта хавфли жиноятчилар сифатида қидирилаётганини билган.

Нўмонова хоним, унинг қизи Мадина Хисматуллина ва қудалари қарийб уч йилдан бери Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлиги, Миллий Хавфсизлик Хизмати ва президент девонига Маҳмуд ва Зокирга нима бўлганини сўраб мурожаат қилишган, бироқ фақат "улар қидирувда" деган жавоб олганлар.

Эксперт ишчи гуруҳи икковлоннинг йўқолиб қолиши 2009 йил майида Тошкентнинг эски шаҳрида юз берган отишмалар ва Андижон вилоятида юз берган портлашлар, ҳамда Ички Ишлар Бошқармасининг террорчиликка қарши кураш бўлими ходимининг ўлдирилиши ва таниқли тошкентлик имом Анвар қори ҳаётига уюштирилган суиқасдга алоқадорликда очилган жиноий ишларнинг бир қисми деб билади.

Айни дамда, Маҳмуд Суюнов ва Зокир Хисматуллиннинг оиласи босим ва тазйиқлар остида яшаб келаётганини айтади.

Жумладан, Нўмонова хонимнинг Би-би-сига айтишича, қизи Мадина ва қудалари яшаётган хонадон Мирзо Улуғбек тумани маҳкамаси қарори билан кимошди савдосига қўйиб сотилган.

Хонадоннинг янги эгаси саккиз жон, хусусан тўрт нафар вояга етмаган болаларнинг чиқиб кетишини талаб қилиб, май ойи охиригача муддат берган.

Оила қайтариб берилган машина ҳам ҳеч қандай расмий ҳужжатларсиз қайта тортиб олинганини айтади.

Эрини топишга уринган Мадина Хисматуллина эса 15 кунга қамалиб чиққан.

Дилбар Нўмонова ўғли ва куёвининг тирик ё тирик эмаслигини билмайди, лекин уларни милиция ўғирлаб кетганига ишонади.

У Ўзбекистон президентди, элчихоналар, халқаро матбуот ва халқаро ташкилотларга мурожаат этиб, Маҳмуд ва Зокирнинг "ўғирлаб кетилиши"ни холисона тергов қилиш, хонадон мусодара қилиниши борасидаги қарорни бекор қилишни сўрамоқда.

Аёл ўғли ва куёвининг диний радикал ташкилотларга алоқаси борлигини рад қилади.

"Ўғлим еттинчи синфни битириб, етим бола бўлгани учун, Қуйлиқ бозорда арава тортиб юрган бола. Унга террорист деб қайси ахмоқ айб қўйгани менинг ақлимга сиғмайди. Намоз ўқиса ўқирди, ўқимаса ўқимасди. Отаси ичкиликка берилиб кетгани учун, яхши ўстирай деганман. Бор ташвиши уйга бир бурда нон топиб келсам деган ташвиш эди", - дейди она.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.