Президент Каримов "янги эски" Путиндан нима кутмоқда?

Image caption Президент Каримов Путиннинг "Авросиё Иттифоқи" ғоясига қарши чиққан

Ўзбекистон Президентининг собиқ маслаҳатчиси Рафиқ Сайфуллиннинг айтишича, Владимир Путиннинг Кремлга қайтиши билан Россия-ўзбек муносабатлари ўз-ўзидан ривожланади, деб айтиш қийин.

Би-би-си билан суҳбатда жаноб Сайфуллин ҳозирда кўпчилик, жумладан, Тошкент ҳам Путиннинг ташқи сиёсати қандай бўлишини яқиндан кузатиб турганини айтди. Айни пайтда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институтининг собиқ директори Ўзбекистоннинг ички сиёсати, жумладан, сиёсий меросхўрлик масаласини Россия билан муносабатларга боғлаш нотўғри бўлади, деган фикрда.

Би-би-си жаноб Сайфуллиндан аввалига Тошкентда Путиннинг Кремлга қайтиши қандай кутиб олингани ҳақида сўраган.

Рафиқ Сафуллин: Биласизми,бу шубҳасиз, жуда мураккаб савол. Чунки бу саволни ҳозир ҳамма бераяпти. Ўзбекистон ва Россия муносабатлари собиқ совет ҳудудидаги жуда кўп тенденцияларни ўзида акс эттиради. Путиннинг биринчи президентлик муддати давомида Тошкент ва Москва ўртасидаги муносабатлар сўзсиз жонланди. Бунинг сабаби у ёки бу раҳбарнинг харизматиклигида эмас, балки ҳар икки раҳбарнинг ўз миллий манфаатларини аниқ тушуниши ва уни ўз шеригининг манфаатлари билан солиштиришида, деб айтган бўлардим. Агар бу манфаатлар бир-бирига мос тушса, муносабатлар ривожланади. Ўшанда биз ўзбек-россия муносабатларида мана шундай жараённи кузатдик.

Фото муаллифлик ҳуқуқи sayfullin
Image caption Жаноб Сайфуллинга кўра, Каримовнинг меросхўри ким бўлишини Россия белгиламайди

Би-би-си: Энди бу Путиннинг учинчи муддати давомида Ўзбекистон билан муносабатлар ўз-ўзидан ривожланади, деганини англатадими?

Рафиқ Сафуллин: Путиннинг Россия президентлигига қайтиши билан муносабатлар ўз-ўзидан янги босқичга кўтарилади, деб айтиш, назаримда унчалик тўғри бўлмайди. Аммо "янги эски Путин" даврида муносабатларнинг истиқболи ҳақида фикр юритиш мумкин. Чунки Ўзбекистон Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг мавқейи ҳаммага маълум ва тушунарли. Бу маънода у билан ишлаш қулай. Лекин "янги эски Путин"нинг қандай бўлиши ҳозирча бир савол. Шунинг учун ҳозирдан келажакни башорат қилиш ёки муносабатлар даражаси Путиннинг аввалги президентлиги даврига қайтади, деб айтиш унчалик тўғри бўлмайди. Ҳозир ҳамма жаноб Путининг ташқи сиёсатда қандай йўл тутишини кутиб турибди.

Би-би-си: Аммо биз ҳозирдан бир нарсани биламиз. У ҳам бўлса, Путиннинг Авросиё Иттифоқини тузиш ғояси. Президент Каримов бу ғояга қарши. Демак, муносабатлар муаммоли бўлади, деб тахмин қилишимиз мумкинми?

Рафиқ Сафуллин: Мен ҳозиргача қилинган баёнотларга асосланиб, Ўзбекистон Путиннинг Авросиё Иттифоқи ташаббусини қўллайди ва ё қўлламайди, деб кескин хулоса чиқармаган бўлардим. Президент Каримовнинг мавқейи шундан иборатки, ҳар қандай интеграция жараёни аниқ натижалар бериши керак. Яъни биринчи навбатда аҳоли бу каби интеграциянинг ўзи учун фойдали эканини кундалик турмушида ҳис қилиши керак. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон раҳбарияти у ёки бу ташаббусга қўшилиш борасида шошилинч қарор қабул қилмайди.

Би-би-си: Иккинчи томондан, Россияда сиёсий муҳит ўзгарди, Путин аввалгидек "миллат отаси" эмас. Ўзбекистонда ҳам Президентнинг ёши бир жойга етиб қолган ва ҳокимият ўзгариши эҳтимоли катта, деб кўрилади. Бу икки омил ўзаро муносабатларга қандай таъсир кўрсатади, деб ўйлайсиз?

Рафиқ Сафуллин: Шубҳасиз, Россияда кучлар нисбати ўзгараяпти. Янгича муносабатлар, таъбир жоиз бўлса, янги ўйин қоидалари шаклланаяпти. Мен Россия ичкарисида шаклланаётган янги кучларнинг кимлиги, ижтимоий базаси ҳақида гапирмоқчи эмасман. Аммо бу жараённинг кечаётгани аниқ. Буни Россия раҳбарияти, Путин ҳам яхши билади. Ўзбекистонга келсак, ўтган йили Президент Каримов, таъбир жоиз бўлса, мамлакат ривожланишининг "йўл харитаси"ни илгари сурган эди. Албатта, у ерда демократия, фуқаро жамияти сингари умумий тушунчалар бор. Аммо бу умумий тушунчалар ортида аниқ ҳаракатлар мавжуд. Хусусан, ҳокимият давомийлигининг зарур конструкциясини яратиш. Бу нарса бизнинг минтақада ҳозиргача бўлмаган. Бу йўналишда ишлар бўлаяпти. Аммо ҳамма нарсани Россия-ўзбек муносабатларига боғлаш, менимча тўғри бўлмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ