Путин муҳожирлардан имтиҳон олмоқчи, қонунбузарларини қаттиқ жазоламоқчи

Россиянинг учинчи бор қудратга келган президенти 2012 йилнинг ноябр ойига қадар меҳнат муҳожирлари учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги юзасидан мажбурий имтиҳонлар жорий этилишини талаб қилди.

Фақат четдан келган юқори малакали мутахассисларнинг бундан мустасно эканликлари айтилмоқда.

Аён бўлишича, ҳукумат ва маҳаллий ҳокимиятларга бу ҳақдаги буйруқ “Миллатлараро тотувликни таъминлашга оид” фармон асосида берилган.

Хабарларга кўра, президент Путин шу йил якунига қадар муҳожирлик қонунини бузганларга қарши маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи ҳужжатларни тайёрлашни ҳам талаб қилган.

Владимир Путин, яна шунингдек, президент қошида миллатлараро алоқалар бўйича кенгаш тузиш ва шу йилнинг 1 декабр куни давлат миллий сиёсатига оид стратегияни тасдиқлашга буйруқ берган.

Муносабат

Бир неча йилдан буён Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлардан бирининг айтишича, Путиннинг ягона мақсади - меҳнат муҳожирларини депортация қилиш орқали, Марказий Осиё ҳукуматларига сиёсий таъсир ўтказишдир:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Сизга маълумки, Ўзбекистоннинг тахминан 30-40 фоизча эркаги Россияда ишлайди. Агар шунча фоиз одам ҳайдаладиган бўлса, бу Марказий Осиёда ишсизлар сонининг ортиши, ва ўз навбатида, ижтимоий тартибсизликларга олиб келиши мумкин. Бу нарса эса, юқорида айтган хулосамга олиб келади".

Унинг айтишича, Россия ўзига лозим бўлган ишчи кучи масаласини, дейлик, Хитой ёки Вьетнам ҳисобидан ҳам ҳал қилиши мумкин.

"Асосийси, Марказий Осиёни ўзига қарам қилиш яна,..", дейди суҳбатдошимиз.

У президент Путиннинг янги буйруқлари меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади, деган гапларга ҳам ишонмаслигини айтади.

"Русларнинг ўзи ўзининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилолмайди-ку, ҳали бизларга йўл бўлсин", дейди у.

Суҳбатдошимизга кўра, миграция қонунини бузганларга қарши маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш режаси меҳнат муҳожирларининг яна яширин ишлашга ўтишларига олиб келиши мумкин.

У Россия президенти ўзининг сўнгги хатти-ҳаракатлари билан Бош вазирлик даврида эплолмаган ишларидан халқнинг эътиборини чалғитмоқчи, деган фикрда.

"Россия глобал молиявий инқироздан буткул қутула олмади, мамлакат ҳануз хом-ашё экспортига қарам,..шунинг учун ҳам бу - бизни дастак қилиб, халқни чалғитиш деб ўйлайман", дейди суҳбатдошимиз.

Россияда меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи фаол Баҳром Ҳамроевнинг айтишича эса, режаланаётган янги тартиб-қоидалар мигрантларга нисбатан қатағонларнинг кучайишига хизмат қилади, холос.

"Биз ҳозир ҳайратдамиз. Бу қандай амалга оширилади, кимлар бу ерда қатағон бўлади. Меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқлари яна қанчалик топталади?...Биз янги буйруқлар худди шу нарсага олиб келади, деб кутаяпмиз...".

Қонунчилик

Ўтган ой охирида Россиянинг ҳозирда собиқ президенти Дмитрий Медведев 2025 йилга қадар мўлжалланган муҳожирлик сиёсати концепциясини маъқуллаганди.

Унда ҳам Россияда ишлашни истовчи барча хорижликларнинг рус тилини ўрганишлари шарт экани айтилганди.

Бундан ташқари, концепцияда муҳожирларнинг фақат тиббий текширувдан ўтганларидан кейингина ишлашларига рухсат берилиши урғуланганди.

Россияда муҳожирлар учун рус тилидан мажбурий имтиҳон жорий этиш уринишлари бундан аввал ҳам кузатилган.

Россия Федерал Муҳожирлик Хизмати мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритмоқчи бўлган меҳнат муҳожирлари учун рус тилидан ягона давлат имтиҳонига ўхшаш имтиҳон жорий этиш масаласини кўриб чиқаётганини билдирганди.

Жорий пайтда мамлакат олий ўқув юртлари ва халқаро маориф бўлимлари қошида рус тилидан чет тили сифатида давлат синови қабул қилувчи икки юзга яқин марказ очилган.

Россия Федерал Муҳожирлик Хизмати вакилларига кўра, “муҳожирликка ҳозирлик” ишлари доирасида Тожикистон ва Қирғизистондаги айрим ўқув юртлари қошида аллақачон рус тили дарслари ўқитилмоқда.

Аммо, расмий ҳисоб-китобларга қаралса, ўтган йил рус тилидан синов топширган бир миллиондан ортиқ муҳожирнинг бор-йўғи 3.503 тасининг қўлига "Ўтди", деган ҳужжат берилган, холос.

Осон бўлмайди

Бошқа томондан, мутахассислар ҳам янги тартибни жорий этиш осон бўлмаслигини айтишади.

Уларнинг ишонишларича, бу каби мажбурий имтиҳонлар Россияда коррупция бозорининг кенгайишига хизмат қилади, холос.

Агар хизмат маълумотларига қаралса, Россияга йилига 13-14 миллион хорижлик келади.

Улардан 80 фоизга яқинини эса, МДҲ давлатлари фуқаролари ташкил этишади.

Ўз рўзғорини тебратиш учун Россияда тер тўкаётганлар ўзбекистонликнинг сони эса, бир неча миллион кишини ташкил этиши айтилади.

Россия Федерал Муҳожирлик хизматининг билдиришича, мамлакатга келаётган муҳожирларнинг 30 фоизга яқини рус тилини умуман билишмайди.

Мутахассисларга кўра, устига устак, қанчалик меҳнатда бандлиги ва ишлаш шарт-шароитлари назарда тутилса, Россиядаги меҳнат муҳожирларини рус тилини ўрганишга жалб этишнинг ўзи ҳам осон бўлмайди.

Жаҳон банкининг огоҳлантиришича эса, Россияда тобора қисқараётган ишчи кучининг ўрнини қоплаш учун яқин 20 йилда 12 миллион меҳнат муҳожири жалб этилиши лозим бўлади.

Аммо Россия расмийлари меҳнат муҳожирлари жалб этилиши лозимлигини тан олишса-да, жамиятда уларга бўлган муносабат ҳамон мураккаблигича қолаётир.

Бу мавзуда батафсилроқ