'Ўзбекистон ҳукумати мажбурий болалар меҳнатини ҳамон давом эттираяпти'

Қорақалпоғистонлик болалар яганада. Елена Урлаева 2011 йил майида олган сурат

Ўзбекистондаги Эксперт Ишчи гуруҳи аниқлашича, ҳукуматнинг мамлакатда мажбурий болалар меҳнатига чек қўйиш йўлида чоралар кўраётгани ҳақидаги баёнотларига қарамасдан, май ойи бошидан буён вояга етмаганлар ғўза чопиғи ва яганасига чиқарилмоқдалар.

Эксперт Ишчи гуруҳи болалар ва бюджет ташкилотлари ходимларининг баҳорги дала ишларига жалб этилаётганлари бутун республика бўйича кузатилаётганини хабар қилади, бироқ ҳозирча гуруҳ Бухоро, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикаси бўйича аниқ маълумотларни қўлга киритган.

Барча вилоятларда вояга етмаганлар душанба ва жума кунлари тушки соат 1 дан кечки соат 6 гача, шанба-якшанба кунлари эрталабки соат 9 дан соат 6 гача баҳорги дала юмушларига жалб этилмоқдалар.

Маҳаллий раҳбарлар бу сафарбарликни далага чиқаётганларнинг "ихтиёрий ҳашари" сифатида тақдим этишга уринмоқдалар.

Эксперт Ишчи гуруҳига кўра, арзимас ҳақ тўланадиган ушбу мавсумий дала ишларида ишлашдан кўпчилик манфаатдор эмас ва ишга яроқли аҳолининг аксар қисми хорижий меҳнат муҳожирлигини афзал билиб чиқиб кетган.

Натижада Ўзбекистон ҳукумати маориф муассасаларининг ўқувчи ва талабаларини, давлат бюджетидан маош оладиган идора ва ташкилотларнинг ходимларини текин иш кучи ўрнида сафарбар этишни маъқул кўрмоқда.

Эксперт Ишчи гуруҳига кўра, ўтоқ ва чопиққа жалб этилган ўрта мактаб ўқувчиларининг ёшлари 13-16 да, лицей ва коллежлар ўқувчиларининг ёши 16-18 дадир.

Болалар далаларга пиёда боришаяпти, егуликларини уйларидан олиб келишмоқда.

Эксперт Ишчи гуруҳи Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий болалар меҳнатини бартараф этиш мақсадида бир неча ҳужжатни қабул, халқаро конвенцияни ратификация қилганини халқаро босимларнинг натижаси деб ҳисоблайди, бироқ сўнгги вазият ҳукумат бу амалиётдан тўла воз кечиш истагида эмаслигини кўрсатади.

Пахта Ўзбекистон ғазнасига валюта туширадиган асосий хомашё ҳисобланади, бироқ бу хомашёни имкон қадар арзон таннархда қўлга киритишни истаган ҳукумат СССР замонидаги оммавий сафарбарликни сақлаб қолаяпти.

Шунинг учун ҳам ўзбекистонлик фермерлар нима экиш ва қанчага сотиш масалаларида эрксиз бўлиб қолмоқдалар.

Пахта етиштириш Ўзбекистондан ташқари қўшни барча республикаларда даромадли бизнесга айланиб улгурган, ушбу ҳолат Ўзбекистонда терилган пахтани қўшни мамлакатларга контрабанда қилинишига ҳам олиб келмоқда.

Шўролар давридагидан фарқли равишда Ўзбекистон пахтасининг четга валютага сотилишидан Ўзбекистон сиёсий элитасининг уч-тўрт оиласи даромад кўрмоқда, деб кўрилади.

Бу мавзуда батафсилроқ