Ҳинд ширкати Ўзбекистон ҳукуматини халқаро арбитражга бермоқчи

Image caption Тўйтепадага корхонанинг ёпилиши натижасида 4 ярим минг ўзбекистонлик ишсиз қолган

Spentex Industries ширкати Тўйтепадаги корхонаси кўрган зарарлар учун Ўзбекистон ҳукуматидан 93 миллион доллар ундирмоқчи.

Ширкат воизи Мукунд Чаудрининг Би-би-сига айтишича, бу ҳақдаги даъво ўтган ой Ўзбекистон ҳукуматига йўлланган.

"Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳукумати бизга жавоб беради, акс ҳолда халқаро арбитражга мурожат қилишдан бошқа иложимиз қолмайди", - деб айтди жаноб Чоудри Би-би-си билан суҳбатда.

Марказий Осиёдаги энг йирик тўқимачилик корхонаси сифатида билинган Spentex Toshkent Toytepa ўтган йили Тошкент шаҳар Хўжалик суди томонидан расман касод деб эълон қилинган.

Бунга корхонанинг сармоявий мажбуриятларини бажармагани ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг паст экани асос қилиб келтирилган.

Spentex Toshkent Toytepa 2005 йилда касодга учраган бошқа бир хорижий қўшма корхона ўзбек-корейс Kabool-Uzbek Co Ltd ширкати ўрнида ташкил топган эди.

'Ўйин қоидаси'

"Спентекс" вакилининг айтишича, Тўйтепадаги корхонанинг касодга учраши натижасида тўрт ярим минг маҳаллий ишчилар ишларини йўқотишган.

Жаноб Чаудри корхона ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаролмаганини тан олади.

Унинг айтишича, бунга ўзбек ҳукуматининг 2010 йилда "ўйин қоидаси"ни ўзгартиргани сабаб бўлган.

"Ўзбекистон ҳукумати билан 2006 йилда имзоланган "Сармоя битими"га мувофиқ, бизга экспорт қилинган маҳсулотларимиз учун 20 фоизлик Қўшимча Қиймат Солиғи қайтариб бериларди. Аммо 2010 йилда ҳукумат буни бекор қилди. Шундан сўнг сотган маҳсулотларимиз харажатларни қопламай қўйди", - дейди ҳинд ширкати вакили.

Унинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг бизнес вакиллари билан келишмаган ҳолда бирданига тартибни ўзгартириши жуда кўп корхоналарни қийин аҳволга солиб қўйган.

"Ишлаб чиқараётган маҳсулотингиз бир кечада 20 фоизга қимматлаганидан кейин бизнес қилишингиз қийин бўлиб қолади", - дейди жаноб Чаудри.

Унинг айтишича, ҳукумат солиқ имтиёзини олиб қўйиши ортидан Тўйтепадаги корхонада текширувлар бошланган.

"Биз текширувлардан шикоят қилиб, ҳинд элчихонаси ва Ҳиндистон ҳукуматига бир неча марта мурожаат қилдик, аммо ўзбек ҳукумати ҳеч қандай жавоб бермади",-дейди ширкат вакили.

"Спентекс" Ўзбекистон ҳукуматини ўз корхонасини босиб олишда айблайди.

"Корхонанинг шу йўсинда касодга учратилиши асл мақсад уни бизнинг қўлимиздан олиб қўйиш бўлганини кўрсатади", - дейди Мукунд Чаудри Би-би-си билан суҳбатда.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳукумати билан имзоланган сармоя битимида ҳукумат ўйин қоидасини ўзгартиргани тақдирда ширкат халқаро арбитражга мурожаат қилиши мумкинлиги аниқ-таниқ айтилган.

"Ҳукумат бизнинг даъвомизни қондирмаса, биз уни халқаро арбитражга олиб чиқамиз", - дейди жаноб Чаудри.

Spentex Industries Ўзбекистон ҳукуматини халқаро арбитражга бериш билан таҳдид қилаётган биринчи хорижий ширкат эмас.

Ўтган йил мартида Британиянинг "Oxus Gold" ширкати ўзбек ҳукуматига қарши халқаро арбитраж даъвосини бошлаган.

Ширкат Амантайтаудаги қўшма корхонаси кўрган зарарлар учун Ўзбекистон ҳукуматидан 400 миллион доллар талаб қилган.

Хорижлик сармоядорлар ҳукуматнинг кафолатларига қарамасдан Ўзбекистонда сармоя учун хавф ҳануз катта эканини айтишади.

Ўтган ҳафта ҳукумат асосан газ ва нефт соҳасидаги 500га яқин давлат корхоналарини сотувга қўйишини эълон қилган.

Расмий рақамларга кўра, Ўзбекистонга киритилган сармоялар ҳажми ўтган йили қарийб икки баробарга камайиб кетган.

Бу мавзуда батафсилроқ