Президент Путин Ўзбекистонга сафар қилади

Image caption Президент Каримов Путиннинг Кремлга қайтишини "тарихий воқеа" деб атаган

Россия матбуоти хабарларига кўра, Ўзбекистонга расмий ташриф июл ойида амалга ошиши мумкин.

Кремл Минск сафари ортидан жаноб Путин аввалига Берлин ва Париж, кейинроқ эса Тошкентга сафар қилишини билдирган.

Ўзбек томони эҳтимолий ташриф ҳақида хабар бермаган.

Чоршанба куни Россиянинг Тошкентдаги элчиси Владимир Тюрденев Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилинган.

Расмий хабарда айтилишича, Россиянинг юқори мартабали дипломати билан учрашув чоғида "келгуси Ўзбекистон-Россия учрашувларининг амалий масалалари борасида фикр алмашилган".

2000 йилда биринчи марта президентликка сайланган Владимир Путин илк сафарини Ўзбекистонга қилган эди.

15 май куни Кремлда Президент Путин билан учрашган Президент Ислом Каримов унинг учинчи муддатга президентликка сайланганини "тарихий воқеа" деб атаган.

У тўрт йил муқаддам Путинга президентлик лавозимида қолишни таклиф қилган пайт "самимий" бўлганини айтган.

Москвадаги ўзига қарши намойишлар манзарасида учинчи президентлик муддатини бошлаган Владимир Путин илк хорижий ташриф билан 31 май куни Беларусга бориши эълон қилинган.

Жаноб Путин ўзининг жуда ҳам бандлигини айтиб, АҚШдаги йирик саккизлик саммитига бормаган.

Каримов НАТО саммитига бормайди

Айни пайтда Президент Каримовнинг ҳам Қўшма Штатларда ўтадиган НАТО саммитига бормаслиги хабар қилинган.

НАТО воизи Тони Уайтнинг Би-би-сига айтишича, ўзбек томони жаноб Каримованинг Чикагодаги саммитда иштирок этишини ҳанузгача тасдиқламаган.

НАТО вакилига кўра, олиймақом анжуманда Ўзбекистонни ким намоён этиши ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон 2014 йилда Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишга тайёрланаётган НАТО учун муҳим транзит нуқтаси ҳисобланади.

Президент Каримов сўнгги бор НАТОнинг 2008 йил апрелида Бухарестда ўтган саммитида иштирок этган эди.

Бу жаноб Каримовнинг Андижон воқеаларидан буён Оврўпога илк сафари бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ