Ўзбекистоннинг Хитой газ қувурига уланиши кечикмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўзбекистон шу йил бошидан Хитойга газ узатишни бошлаши кутилганди

"Узбектрансгаз" мулозимига кўра, Ўзбекистон ҳозирнинг ўзида Хитойга газ экспортини бошлашга тайёр, аммо ҳуқуқий масалалар туфайли Хитой қувурига қўшилиш кечикмоқда.

Рейтер хабар агентлиги "Узбектрансгаз" раҳбари Тўлаган Жўраевнинг "биз хали газ узатишни бошлаганимиз йўқ. Жорий йилда 2 миллиард билан 4 миллиард кубометр ўртасида газ узатишни режалаганмиз. Бизда газ бор ва ҳамма нарса тайёр. Аммо ечилиши керак бўлган баъзи ҳуқуқий масалалар бор", деган сўзларини келтирган.

Мулозим қандай масалалар эканига аниқлик киритмаган.

Икки минг километрга узанган Хитой-Марказий Осиё газ қувури 2009 йилда ишга туширилган.

Туркманистондан Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойнинг уйғурлар яшайдиган Шинжон минтақасига боғланган қувур қувватини 2012 йилда 30 миллиард кубометрга чиқариш режаланганди.

Қозоғистон мулозимларига кўра, Туркманистон айни қувур орқали жорий йилда Хитойга 9 миллиард кубометр газ сотади.

2015 йилда Туркманистон Хитойга сотиладиган газ ҳажмини 15 миллиард долларга чиқармоқчи.

Хитой ўзбек ва қозоқ газлари қўшилиб, Марказий Осиёдан газ экспортини 2015 йилга келиб, 60 миллиард долларга чиқаришни мўлжаллаган.

Стратегик қувур

Аввалроқ Ўзбекистон 2013 йилдан бошлаб Хитойга йилига 10 миллиард кубометр газ экспорт қилишни режалаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Аммо "Узбектрансгаз" раҳбари бу рақамни тасдиқлашдан бош тортган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўтган йили 63 миллиард кубометрдан кўпроқ газ ишлаб чиқарган.

Бу 2010 йилдагидан қарийб тўрт ярим фоизга кам, деганидир.

Шу йил апрелида Ўзбекистон бошқа ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларини рўкач қилиб, Тожикистонга газ узатишни вақтинча тўхтатиб қўйган.

Стратегик аҳамиятга молик Хитой-Марказий Осиё газ қувурида ўз улушига эга бўлишга ҳаракат қилаётган Ўзбекистон таҳлилчиларга кўра, йилдан-йилга ошаётган экспортнинг бир қисмини ички истеъмол ҳисобига қопламоқда.

Ўтган қишда мамлакат аҳолиси сурункали газ етишмаслигидан азият чеккан.

Ҳукумат газ инқирози маҳаллий бизнесларга сезиларли таъсир кўрсатганини тан олган ва таъминотчиларнинг жавобгарлигини оширувчи қонун ташаббуси билан чиққан.

Аммо кузатувчиларга кўра, Ўзбекистондаги марказлаштирилган таъминот бу каби жавобгарликни амалда йўққа чиқаради.

Бу мавзуда батафсилроқ